Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:45

Наманганда кабобдан заҳарланиб 2 киши ўлди, 6 киши реанимацияда, ўнлаб одам касалхонада


Наманган вилоят, Чуст туманида 21 октябрь куни овқатдан заҳарланган 2 киши вафот этди, яна 6 киши тез ёрдам касалхонасининг жонлантириш бўлимида даволанмоқда.

Ўша куни ўнлаб одам Тез ёрдамга мурожаат қилди.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, бу одамлар бозор атрофидаги ошхоналардан бирида пиширилган кабобдан заҳарланган.

Шифокорлардан бири заҳарланганлар “куйдирги”(сибирская язва) касаллигининг “антропозооноз” тури билан касаллангани тахмин қилинаётганини айтди.

Туман СЭНМи бош врачи заҳарланганлар “куйдирги” юқтирганини инкор қилар экан, "бу касаллик оддий ичак инфекцияси оқибатидир", деди.

Чуст туман марказида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган чустликлардан бирининг Озодликка айтишича, якшанба куни бозор яқинидаги ошхоналардан бирида овқатланган одамлардан қарийб ўттиз киши ўша куни касалхонага тушган:

“Бозорнинг олдида туннел, қассобхоналар бор, ўша ерда ошхона ҳам бор. Айтишларича, ўша ердан шашлик еган одамлар барчаси заҳарланган. Якшанба куни тез ёрдам касалга тўлиб кетган. Одамларнинг гапига қараганда, тўққиз киши ўлган, ўнлаб одамлар касалхонада ётибди. Ўша кундан буён бозор атрофидаги бу ошхоналарнинг ҳаммаси ёпиб ташланган. Текшир-текшир бўлиб ётибди”.

Бу мавзуда жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги учун ўз шахси сир қолишини сўраган Чуст туман касалхонасининг шифокорларидан бири овқатдан заҳарланганлардан икки киши вафот этганини тасдиқлади:

“Одамлар ўн киши, ўн беш киши ўлибди деб, жуда ваҳима қилиб юборишди. Мен сизга аниқ айтаман, ҳозир икки киши овқатдан заҳарланишдан вафот этди. Олти киши тез ёрдамнинг реанимация бўлимида оғир аҳволда қолмоқда. Бошқа енгилроқ беморлар, қарийб ўттиз киши юқумли касалликлар касалхонасига ётқизилган”.

Унинг айтишича, вилоят ва Тошкентдан мутахассислар чақиртирилган:

“Албатта, буни ошкор қилмаслик ҳақида бизга айтилган. Лекин, ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бу юқумли касаллик антропозооноз касаллиги билан оғриган молнинг гўштидан ўтган бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу касаллик халқимизда “куйдирги” (сибирская язва) деб аталадиган касалликнинг ичак инфекцияси формаси. Ҳозир касаллардан анализлар олиниб, лабораторияга текширишга юборилди. Вилоятдан, Тошкентдан барча мутахассислар шу ерда”.

Чуст тумани Санитария-эпидемиология назорат маркази бош врачи Зайлиддин Анорқулов ҳақиқатан ҳам, вилоятдан мутахассислар жалб этилганини тасдиқлар экан, бу касалликнинг “антропозооноз” эканлигини инкор қилди:

- Бугун “Чуст ҳақиқати” газетасида бу касаллик ҳақида тушунтириш мақоламиз чиқади. Ошқозон-ичак заҳарланиши ҳамда интоксикация белгилари билан кечадиган касаллик бор, ичак иерсиниози, дейди. Буни сибирская язвага алоқаси йўқ. Вилоят СЭНМ лабораториясида текширяпмиз, ўзимизни лабораторияда текширяпмиз, ҳеч қандай сибирская язва йўқ, оддий ичак иерсиниози бу, яқин бир ярим ойдан буён давом этаётган процесс бу, дейди Зайлуддин Анорқулов.

Бош врач бу касалликдан икки кишининг вафот этганини инкор қилмади.

Ўзбекистонда овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари кўп учраб туради.

23 октябрь куни Самарқанд шаҳри Сартепа массивида 21 нафар фуқаро хот-догдан заҳарланиш гумони билан шошилинч тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилди. Тиббий кўрикдан сўнг беморлардан 7 нафари ўта оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

8 октябрь куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 433-сонли боғчада ўнлаб боланинг овқатдан заҳарланиш аломатлари билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган, уч нафар бола комага тушган эди.

Жорий йилнинг 6 март куни Навоий вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 13 нафар, Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига 27 нафар бемор "овқатдан заҳарланиш" ташхиси билан ётқизилган эди.

Наманган вилояти Косонсой туманида 4 февраль куни овқатдан заҳарланган 36 киши касалхонага ётқизилганди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 36 кишининг барчаси Косонсой туман марказий деҳқон бозорида кала-поча гўшти ва хасип таомини харид қилгани аниқланган.

XS
SM
MD
LG