Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:29

Бўстонлиқда 60 нафар тез тиббий ёрдам диспетчери ишдан бўшатилаётганига норозилик билдирмоқда


Бўстонлиқдаги ишдан бўшатилаётган диспетчерларнинг бир гуруҳи
Бўстонлиқдаги ишдан бўшатилаётган диспетчерларнинг бир гуруҳи

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани марказий шифохонаси Тез тиббий ёрдам бўлимининг 60 нафар диспетчери ва 9 нафар санитар ходими ишдан бўшатилаётганига норозилик билдириб, Озодликка мурожаат қилди.

Диспетчерлар даъвосича, тумандаги Тез тиббий ёрдам бўлимларининг барчасидаги диспетчер ходимлар 1 мартдан бошлаб оммавий равишда ишдан ҳайдалмоқда.

Бўстонлиқ тумани марказий шифохонаси мулозимлари диспетчерлик бўлимлари қисқартирилиб, аҳолидан келадиган мурожаатлар Нурафшондан бошқарилишини айтишди.

Айни пайтда шифохонанинг касаба уюшмаси ходимлари раҳбариятнинг диспетчерларни ишдан бўшатиш қарори қонунга зидлигини таъкидламоқда.

Бўстонлиқ туманидаги Тез тиббий ёрдам бўлимларининг диспетчерлари оммавий равишда ишдан бўшатилаётгани ҳақида уларнинг ўзлари Озодликка маълум қилди.

“Бўстонлиқ туманидаги барча Тез тиббий ёрдам бўлимларининг “чақирувни қабул қилувчи" ҳамшираларини сабабсиз ишдан бўшатмоқда. 60 нафар диспетчер ва 9 нафар санитарка ўз ишидан айрилмоқда. Биз куну тун пандемия шароитида ўз кучимизни аямай ишласак-да, бизни асоссиз ишдан бўшатмоқда”, дейилади Озодликка келган мактубда.

Бўстонлиқ Тез тиббий ёрдам бўлимининг Чорбоқ шаҳарчаси филиалида 16 йилдан буён ишлаётган Шаҳноза Жамолова уларни ишдан ҳайдашаётганини ноҳақлик деб ҳисоблашини айтади:

- Бизга 1 мартдан бошлаб, ишдан бўшатишларини айтишди. 2 ойлик компенсация беришармиш. Хоҳловчилар Нурафшонга бориб ишлаши мумкинлигини айтишди. Лекин Нурафшонга қандай қатнаб ишлаймиз? Шунча узоқ жойга ким бориб ишлайди? Биз нафақат диспетчер, балки ҳамширалик ҳам қиламиз. Баъзида кунига 40-50 та беморга ёрдам кўрсатган пайтларимиз ҳам бўлган. Шароитларимиз ўта расво бўлишига қарамай, пандемия пайтида юртдошларимизга астойдил ёрдам кўрсатдик. Лекин пандемия пайти ҳам ҳаммага берилган мукофот пуллари диспетчерларга берилмади. Энди эса, бизни ишдан ҳайдаяпти. Дардимизни ҳеч ким эшитмаяпти. Касалманд болам бор. Эримнинг ойлиги рўзғоримизга етмайди. Ишсиз қолсак, оиламизни қандай боқамиз?

Чирчиқлик Динора Мирабдуллаева ҳам 16 йилдан бери Тез тиббий ёрдам бўлимида диспетчер бўлиб ишлайди.

- Ўзим ёлғиз онаман. Вояга етмаган болам бор. Тоғли ҳудудда қанчалик қийналиб ишлаётганимизни ҳеч ким ҳеч қачон инобатга олмаган. Энди эса, бизни ишдан бўшатяпти. Жудаям қийин аҳволда қолдик. Мутасаддилардан ёрдам кутамиз. Чақирувни қабул қилувчи ҳамшираман ,деб ўтирмаймиз. Ёз кунлари 50тагача беморларни кўрамиз. Ўлим ҳолатидаги беморларни ҳам кўрамиз. Бизга Нурафшонга бориб ишла, деяпти. Тоғдан Нурафшонга бориб ишлашга кимнинг кучи етади? Бормаган эшигимиз қолмади. Ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Илтимос бизга ёрдам беринглар! Юртимиз раҳбаридан ҳам илтимос қиламиз, бизнинг мурожаатимизга эътибор қаратсинлар!

Бўстонлиқ тумани марказий шифохонасининг Озодлик боғланган мулозими диспетчер ходимларнинг ишдан бўшатилиши қонунан амалга оширилаётганини таъкидлади:

“Хоҳловчилар Нурафшондаги Call центрга бориб, ишласин. Хоҳламаса 2 ойлик компенсация пулини олсин. Бизда ҳаммаси қонунан. Эндиликда чақирувларнинг ҳаммаси Нурафшондан туриб бошқарилади. Бу борада 2018 йилдаёқ қарор қабул қилинган”.

Мулозим тилга олган қарори ҳақида аниқ маълумот бермади. У вақти тиғизлигини айтиб, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Айни пайтда мазкур шифохонанинг касаба уюшма бўлими ходимлари Озодлик билан суҳбатда диспетчерларнинг ишдан бўшатилиши ноқонуний эканлигини айтишди:

“Биз бу масалани ўргандик. Раҳбарият рўкач қилаётган ҳужжатларнинг барчаси эски. Лекин диспетчерлар шикоятини инобатга олишмаяпти”.

Озодлик мухбири 24 февраль куни кечқурун Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига боғланди. Бироқ қўнғироғимизга жавоб берган ходим иш вақти тугагани сабаб раҳбарлар билан боғлана олмаслигимизни айтиш билан чекланди.

Озодлик ўтган йил декабрида коронавирус пандемияси тўлқини пасайиши ортидан Тошкент шаҳри ва вилоятидаги ковид-марказларда тиббиёт ходимларининг маошлари камайтирилгани ва қисқартиришлар бошлангани ҳақида ёзган эди. Бошқа вилоятлардан ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашиши ортидан тиббиёт ходимларининг ишдан бўшатилаётгани ҳақида хабарлар олинган. Расмийлар бу хабарларни рад этган.

XS
SM
MD
LG