Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:51

МХХ полковниги Нодир Тўрақулов 16 йилга қамалди


7 январь куни Озодликка маълум бўлишича, МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлимининг собиқ бошлиғи, полковник Нодир Тўрақулов 2018 йилнинг 25 октябрида 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва 81 миллион 92 минг сўм жаримага тортилган. Ҳозирда Тўрақулов устидан очилган иккинчи жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда.

Биринчи иш: Тўрақуловга 16 йиллик қамоқ

Собиқ МХХ (жорий номи ДХХ - Давлат хавфсизлик хизмати) полковниги Тўрақуловнинг 16 йилга қамалгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суд Ҳарбий ҳайъати ҳукми билан танишган, суд жараёнида жабрланувчи сифатида қатнашган манба Озодликка маълум қилди.

Нодир Тўрақулов
Нодир Тўрақулов

Тўрақулов иши бўйича жабрланувчи сифатида маҳкамада иштирок этган сурхондарёлик бу йигитнинг айтишича, суд Нодир Тўрақуловни 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Нодир Тўрақулов иши бўйича ўтган маҳкама тафсилотларидан яхши хабардор ҳуқуқшунос ҳам собиқ полковникка нисбатан суд ҳукми чиққанини тасдиқлади.

Тўрақулов иши бўйича биринчи эпизод якунланиб, суд ҳукми чиқди. Ҳозирда иккинчи эпизод бўйича тергов кетаяпти”, деди исмини очиқламаётганимиз ҳуқуқшунос.

Нодир Тўрақулов иши бўйича гувоҳлар ва жабрланувчилар билан суҳбатлашган "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳам собиқ полковник судига оид тафсилотлардан хабардорлигини айтади.

- Полковник Тўрақулов Нодир Дилмуродовичга нисбатан Олий суд ҳарбий ҳайъатининг 2018 йил 25 октябрда ҳукми чиққан. Суд ҳукмига кўра, Нодир Тўрақулов Жиноят кодексининг мансаб доирасидан чиқиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш, фирибгарлик, товламачилик сингари 10 дан ортиқ моддалари билан айбдор деб топилиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бундан ташқари у энг кам иш ҳақининг 400 баробари миқдорида жаримага тортилган,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Олий суд Ҳарбий ҳайъатида 42 яшар Нодир Тўрақулов билан биргаликда МХХ мулозимлари, прокурор, милиция ва тадбиркорлардан иборат, жами 12 нафар киши судланаётган эди.

Айни пайтда Озодликка Тўрақулов шерикларига нисбатан қандай жазо берилгани маълум эмас.

7 январь куни Озодлик Нодир Тўрақулов ва унинг шериклари устидан ўтказилган суд ва чиқарилган ҳукм тўғрисида Ўзбекистон Бош прокуратурасидан маълумот сўради. Бош прокуратура Тўрақулов иши бўйича бирор изоҳ берилмаслигини маълум қилди.

Иккинчи иш: Тўрақулов яна бир неча модда бўйича айбланмоқда

Нодир Тўрақулов ва унинг шерикларига оид 08/26612-18-сонли жиноят иши ўтган йилнинг 14 августида Олий суд Ҳарбий ҳайъатига юборилганди.

Абдураҳмон Ташановга кўра, Тўрақуловга нисбатан очилган иккинчи жиноий иш доирасида у яна 10га яқин модда бўйича айбланмоқда.

- Нодир Тўрақуловга нисбатан Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасининг тергов гуруҳи томонидан одам ўғирлаш, қотиллик, товламачилик, қийноққа солиш сингари яна ўнга яқин моддалари билан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Буни бизнинг жамиятимизга жиноят ишида гувоҳ сифатида, жабрланувчи сифатида қатнашган фуқаролар келиб айтиб берди,- дейди "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

Тўрақулов иши бўйича очилган иккинчи жиноят ишида жабрланувчи сифатида иштирок этаётган шахснинг Озодликка айтишича, иккинчи иш бўйича тергов ниҳоясига етиб қолган.​

Мирзиёев танқиди ва ДХХга айланган МХХ

Собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов Ўзбекистон президентининг 19 январь куни Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолиятини кескин танқид қилгани ортидан Тошкентда қамоққа олинган эди.

Тўрақулов қамоққа олинганидан кейин у ишлаган МХХ идораси раҳбари Давлат хавфсизлик хизмати деб ўзгартирилди¸ уни 23 йил давомида бошқариб келган қудратли генерал Рустам Иноятов ўрнига¸ ўтган йилнинг 30 январь куни мамлакат Бош прокурори бўлиб ишлаган Ихтиëр Абдуллаев тайинланди.

ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ўтган йилнинг 16 март куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида ўз идораси мулозимлари¸ хусусан унинг собиқ полковниги Нодир Тўрақуловдан жабр кўрган тадбиркорлар, корхона-ташкилотлар раҳбари ва собиқ ҳокимлар билан шахсан учрашув ўтказган эди.

ОЗОДЛИК СУРИШТИРУВИ: МХХ ВА НАРКОТРАФИК (ВИДЕО)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:14 0:00

XS
SM
MD
LG