Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:43

МТС UMSдаги улушини сотмоқчими?


Россиянинг МТС ширкати Ўзбекистондаги Universal Mobile Systems (UMS) операторида бўлган ўз улушини сотиш режасини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Интерфакс агентлигига UMSга яқин манба ҳамда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидаги манба сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Вазирликдаги манбага кўра, бу бай Ўзбекистон президентининг қизи билан боғлиқ коррупцион жанжал қабатида АҚШ Адлия вазирлиги МТСга қарши юритаётган аксилкоррупциявий текширувни бости-бости қилиш шартларидан бири бўлиши мумкин.

Ўзбекистондаги UMS алоқа оператори ҳиссаларининг 50,01 фоизи Россиянинг МТС ширкатига,49,99 фоизи эса Ўзбекистон “Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение маркази” давлат унитар корхонасига тегишли.

Агентлик манбаси МТС улуши Ўзбекистон томонига “рамзий нарх”га сотилиши мумкинлигини айтган. У бу масала ҳозир муҳокама қилинаётгани, қачон бир қарорга келиниши эса номаълумлигини айтган.

Айни пайтда МТСдаги манба Интерфаксга бу борада изоҳ беришни истамаган. “МТС UMS орқали Ўзбекистонда одатдаги тартибда ишлашда давом этаяпти”, деган МТС вакили.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида ҳукумат қарори билан фаолиятини тўхтатган эди. Ширкат ёпилиш чоғида қарийб 10 миллион мижозга эга бўлган. Шундан сўнг МТС бу борада Вашингтондаги халқаро арбитражга арз қилганди.

МТС ва Ўзбекистон вакиллари 2014 йилнинг 31 июлида бир-бирига бўлган барча эътирозларни биргаликда ҳал қилиш ҳақида муроса битими имзолаганидан сўнг Вашингтондаги Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи халқаро марказга ишни тўхтатишни сўраб мурожаат этганлар.

Арбитраж суриштирувининг тўхтатилиши МТСга Ўзбекистон ҳудудида ўз фаолиятини тиклаш учун имкон яратган.

Муроса битими шартларига кўра, 2014 йил сентябрида “Universal Mobile Systems” номли қўшма корхона ташкил этилиб, ширкат ҳиссаларининг 50,01 фоизи МТСга, 49,99 фоизи эса ўзбекистонлик алоқачиларга берилган. Шу тариқа МТС ўша йил декабрида Ўзбекистон бозорига қайтган.

Бу орада АҚШ Адлия вазирлиги 2014 йилдан буён Ўзбекистонда Vimpelcom ва МТС иши бўйича текширув ишларини олиб бормоқда. Дастлабки даъвода АҚШ расмийлари операторлар Ўзбекистон телекоммуникация бозорига чиқиш учун Ўзбекистон президенти оиласи билан боғлиқ ширкатларга 500 миллион доллар миқдорида пора бериш учун сохта ширкат ва консультацион шартномалар тармоғидан фойдаланганини иддао қилганлар.

Адлия вазирлигининг бошқа материалларида МТС 2014 йили “Ўздунробита” маҳаллий операторида улуш сотиб олиш учун исми келтирилмаган бир нуфузли шахс билан боғлиқ Swisdorn ширкатига асосланмаган тарзда катта маблағ тўлагани айтилади. МТСдан Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишлилиги айтиладиган Takilant ҳам пора олган. Даъво аризасида кўрсатилишича, 2004-2009 йиллар мобайнида МТС Swisdorn ва Takilant ширкатларига 380 миллион доллар тўлаган.

АҚШ расмийлари Гулнора Каримова билан боғлиқ ширкатларнинг ҳисоб рақамларидаги маблағларни хатлаб қўйиш ҳақида бир неча бор талабнома юборганлар.

Бу орада МТС АҚШ давлат идоралари Европанинг қатор давлатларига ҳибс этишда кўмаклашиш бўйича сўровнома юборган активларнинг эгаси эмаслиги ҳақида бир неча бор билдирди.

Россия МТС компанияси, Швециянинг TeliaSonera ширкати ҳамда VimpelCom Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага йиллар давомида жами 1 миллиард доллардан ошиқ пора бергани хусусидаги иддаолар Европа мамлакатларида ҳам 2012 йилдан бери тергов қилинмоқда. Ўшандан бери VimpelCom ва TeliaSonera раҳбариятида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Гулнора Каримовага ўртакаш фирмалар орқали пора берганликка алоқадор кўрилган мулозимлар ишдан олинди.

Ўтган йили АҚШ назорат идоралари мамлакат қимматбаҳо қоғозлар бозорида акциялари айланувчи уч ширкатнинг порахўрликка қўл ургани юзасидан тергов бошлаши ортидан VimpelCom ва TeliaSonera эҳтимолий жарималар учун юзлаб миллион доллар ажратишларини эълон қилди.

Бундан ташқари, иккала ширкат Ўзбекистон бозорини тарк этиш ниятида эканликларини билдиришди. VimpelCom ширкатининг асосий ҳақдори Норвегиянинг Telenor ширкати ўзига тегишли 2,2 миллиард долларга тенг 33 фоизлик акциялар пакетини сотишни режалаштираётганини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG