Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:39

Кремлдан қўнғироқ. Мирзиёев Путин билан "газ иттифоқи"ни муҳокама қилдими?


Мирзиёев ва Путиннинг телефон мулоқоти мазмуни ҳақида томонлар деярли бир хил хабар тарқатди. Унда "истиқболли қўшма лойиҳалар" ҳақида сўз боради.
Мирзиёев ва Путиннинг телефон мулоқоти мазмуни ҳақида томонлар деярли бир хил хабар тарқатди. Унда "истиқболли қўшма лойиҳалар" ҳақида сўз боради.

30 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, икки давлат раҳбарлари "Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари"ни муҳокама қилган.

Ҳар икки давлат президентларининг матбуот хизмати мулоқот мазмуни ҳақида деярли бир хил хабар тарқатди, аммо телефон сўзлашуви қайси томоннинг ташаббуси билан ўтказилгани ҳақида маълумот берилмади.

"Истиқболли қўшма лойиҳалар дохил савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Уларнинг барчаси 1-2 декабрь кунлари икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг Самарқандда ўтадиган йиғилишида батафсил муҳокама қилинади", дейилади Кремль тарқатган қисқа хабарда.

Москва "истиқболли қўшма лойиҳалар", ўзбек томони эса "истиқболли кооперация лойиҳалари" ҳақида гапирмоқда, аммо бу қўшма лойиҳалар қайси соҳадаги ва қандай лойиҳалар экани айтилмаган.

Ўзбекистон томонининг талқинида бу лойиҳалар "иқтисодиётнинг устувор тармоқлари"ни қамраб олиши назарда тутилса, гап энергетика соҳасидаги лойиҳалар ҳақида бораётганини тахмин қилиш мумкин.

Кутилган қўнғироқ

Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг навбатдаги телефон мулоқоти Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Путин Тошкентга, Мирзиёевга қўнғироқ қилмоқчи экани ҳақидаги баёнотидан икки кун ўтиб содир бўлди.

Президентликка қасамёд қилганидан икки кун ўтиб Россияга сафар қилган Тоқаев 28 ноябрь кунги музокаралар чоғида Путин унга Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама "қандайдир иттифоқ тузиш"ни таклиф қилгани, бу масалани президент Мирзиёев билан ҳам муҳокама қилмоқчи эканини айтган эди.

29 ноябрь куни Россия ва Қозоғистон президентларининг матбуот котиблари масалага ойдинлик киритди - сўз бу уч давлат ўртасидаги "газ иттифоқи" ҳақида бораётгани айтилди.

Маълум бўлишича, тузилиши режаланаётган иттифоқ табиий газни уч давлат ўртасида ўзаро узатиш ҳамда Хитойга етказиш механизмини жорий қилишни назарда тутади.

Марказий Осиёнинг икки йирик иқтисодиёти бўлган Қозоғистон ва Ўзбекистон Россияга қадар чўзилган ҳамда Туркманистон орқали Хитойга узанган газ қувурларига эга.

Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида Европа давлатлари Россия газидан воз кеча бошлаганидан бери Москва Хитойга табиий газ етказиб бериш ҳажмини оширди.

Кремль сўзчиси Дмитрий Песков уч давлат ўртасида “синхронизация зарурати” дан келиб чиқиб бу таклиф муҳокама қилинаётганини айтди.

Путин илгари сурган таклифнинг биринчи босқичи “мувофиқлаштириш механизмини яратишни” назарда тутади, дея таъкидлади Песков.

“Уч давлат ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ташқи бозорлар учун инфратузилмани ривожлантириш учун бу масалани юридик шахс билан муҳокама қилиш керак”, дея қайд этди Дмитрий Песков.

Қозоғистон президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай эса икки давлат президентлари бу борада барча томонлар манфаатини эътиборга олган ҳолда рационал ечим топиш учун экспертлар иштирокида уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказилиши лозим, деган якдил фикрга келишганини маълум қилди.

Қувур кимга кўпроқ керак?

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудуди орқали совет даврида "Ўрта Осиё-Марказ" газ қувури тизими ўтказилган.

Ҳозирда ушбу қувур орқали Россияга асосан туркман гази етказиб берилади. Магистрал газ қувури иккита тармоқ, шунингдек, бир неча кичик тармоқлардан иборат. У йилига 50 миллиард кубометр газни ташиш қувватига эга. Аммо ҳозирда Путин тузишни таклиф қилаётган "уч томонлама газ иттифоқи" айнан шу тизимни ривожлантиришни назарда тутадими, йўқми, маълум эмас.

Шунингдек, "газ иттифоқи" кўпроқ кимга керак, Путингами ёки Ўзбекистон билан Қозоғистонгами, деган савол ҳам очиқ қолмоқда.

Қозоғистонлик иқтисодчи Айдар Алибаевнинг "Настояшчее время" телеканалига айтишича, Россия билан иттифоқ Қозоғистон ва Ўзбекистон учун "санкциялар борасида қўшимча риск" деганидир.

Таҳлилчи Москва Тоқаевга босим ўтказяпти, деб ишонишини айтади.

Қозоғистон ҳозирнинг ўзида Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида Россия билан яқин иттифоқчи ҳисобланади.

"ЕврАзЭС аъзоси бўлмаган Ўзбекистоннинг қўшилишига келсак, Ўзбекистон бу иттифоққа югуриб келиб қўшилишига шубҳам бор. Яна ўзбек томонининг муносабатига ҳам қараш керак бўлади", дейди қозоғистонлик таҳлилчи.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати ёки бошқа расмийлар ҳозирча “уч томонлама газ иттифоқи” юзасидан бирор баёнот ёки изоҳ бермади.

Тошкент вақти билан 19.50 ҳолатига Путин ва Мирзиёев сўзлашуви ҳақидаги хабар Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг расмий Телеграм-каналида пайдо бўлгани йўқ.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик фаоллар Путин Россияси билан эҳтимолий иттифоқ ҳақидаги хабарни хавотир билан қарши олишди.

"Сенинг заҳираларингни талаётган, қўшниларга ҳужум қилаётган ва кўча безориси тилида гапириб ўргангани учун бутун дунё билан тил топишишда муаммоси бўлган давлат билан қандай иттифоқ бўлиши мумкин? Ҳеч қандай иттифоқ керакмас!" деб ёзди иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров ўзининг Фэйсбук саҳифасида.

Форум

XS
SM
MD
LG