Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:47

Мирзиёев Украина урушининг икки йиллиги арафасида Россияга сафар қилди


Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев
Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни “Келажак ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қозон шаҳрида бўлади.

Ўзбек президенти матбуот хизматининг билдиришича, мусобақанинг очилиш маросимига Шавкат Мирзиёевни Владимир Путин таклиф қилган.

Ташриф дастурида икки давлат раҳбарларининг учрашуви кўзда тутилган. Унда 2023 йил 5-7 октябрь кунлари Россияга расмий ташриф якунида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ҳамда кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.

Россияда илк бор ташкил этилаётган “Келажак ўйинлари" 21 февраль – 3 март кунлари бўлиб ўтади. Тадбирда 107 та мамлакатдан 227 та жамоа, жумладан, Ўзбекистон спортчилари иштирок этади.

Таҳлилчилар фикрича, Украина босқинидан сўнг халқаро санкциялар ва босим остида қолган Россия бу ўйинни Париж олимпиадасига муқобил тарзда ўтказмоқда. Бу ўйинларда МДҲ ва БРИКСга аъзо давлатлар, Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Америкаси ва Африка мамлакатларидан келган спортчилар иштирок этади.

Путин мусобақанинг очилиш маросимига МДҲ давлатлари раҳбарларини таклиф қилган.

Кўпвекторлик ва "табассум дипломатияси". Экспертлар Мирзиёев ташқи сиёсати ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:02 0:00

Украина урушининг икки йиллиги арафасидаги машварат

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга навбатдаги сафари Москва Украинага бошлаган асоссиз тажовузнинг икки йиллик санаси арафасида ўтади.

Расмий Тошкент Украинадаги уруш борасида "нейтрал" позицияни эгаллаган, аммо таҳлилчилар ва Ғарб дипломатлари назарида бу позиция Россиядан кўра Украинага нисбатан "нейтралроқ"дир.

Президент Мирзиёев Россиянинг Украинага уруши борасида расман ҳеч қандай баёнот бермаган ва уруш бошланганидан буён бирон марта Украина номини тилга олмаган.

У Ўзбекистоннинг МДҲдаги йирик савдо ҳамкорларидан ва ўтмишда муҳим сиёсий иттифоқчиларидан саналган Украина президенти Владимир Зеленский билан бирон марта ҳам мулоқот қилмаган.

Украинадаги уруш бошланганидан бир неча ҳафта ўтиб Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаш борасида баёнот берган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов истеъфога чиқарилганди.

Комилов 2022 йил 17 март куни Олий Мажлис Сенатида қилган баёнотида Ўзбекистон бўлгинчи ДХР ва ЛХР ни тан толмаганини таъкидлаган.

“Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олмаймиз”, - деган Комилов.

Комилов Сенат йиғилишида сўзлаган нутқида, шунингдек: “Ўзбекистон тарихан Россия ва Украина билан анъанавий, кўпқиррали ҳамкорликка эга. Биз бу мамлакатлар билан ўз манфаатларимиздан келиб чиқиб ҳамкорлик қиламиз. Бир томондан Россия билан кенг, кўп қамровли ҳамкормиз. Иккинчи томондан Украина билан ҳам кенг кўламли ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Масалан, 2021 йилда Украина билан савдо айланмаси ҳажми 704 миллион АҚШ долларига етди. Бу 2020 йилга нисбатан 60 фоизга юқори кўрсаткич.
Жорий йилда ҳам Тошкент ва Украинада бир қатор тадбирлар ўтказмоқчи эдик. Можародан олдин Тошкент—Киев йўналишида ҳафтада 4 тадан авиақатновлар амалга оширилаётганди”, - деб таъкидлаган.

Гарчи Комилов кейинроқ президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган бўлса-да, таҳлилчилар Мирзиёев уни четлатиш билан Москванинг ғазабидан қутулиб қолганини айтишади.

OzodNazar: Пора бўлган тил ва 90 000 долларли пора
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:49:54 0:00

Дипломатик можаро

Мирзиёевнинг Россияга навбатдаги ташрифи шунингдек, тошкентлик журналист ва ректор Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзлари туфайли юз берган дипломатик можаро фонида эълон қилинмоқда.

14 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникацияар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзлари муносабати билан норозилик билдирганди.

Москва Шерзод Қудратхўжанинг ўзбек тилини билмайдиганлар «босқинчи» ёки «аҳмоқ» эканини ўзлари ҳал қилишлари кераклиги ҳақида айтган сўзларини «ўта ҳақоратли ва мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб атаган.

Россия ТИВ га кўра, бу каби мулоҳазаларнинг мазмуни ва оҳанги икки давлат ўртасидаги "стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига мутлақо зид".

Россия томони "дўст ва иттифоқдош Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги Шерзодхон Қудратхўжанинг фикрига қўшилмаслигига ишониши"ни таъкидлаган.

Баёнотда Москва "яқин вақт ичида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги юқори мартабали шахснинг жирканч баёнотларига принципиал баҳо берилган расмий изоҳ беради", деб умид қилаётгани урғуланади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирга қадар Қудратхўжанинг сўзлари юзасидан бирон изоҳ бергани йўқ.

Ўтган йил 21 декабрида Россиянинг Тошкентдаги элчиси Олег Малгинов россиялик ёзувчи ва сиёсатчи Захар Прилепиннинг «Россия сегодня» матбуот-марказидаги анжуманда қилган баёноти юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф этилган"ди.

Прилепин Ўзбекистоннинг икки миллион фуқароси Россия ҳудудида экан, Москва Ўзбекистон ҳудудига "даъво қилиши"ни иддао қилган.

Охирги дипломатик можаро манзарасида ўзбек журналист ва блогерлари яна бир бор Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисига норозилик нотаси беришга журъат қилмаганини эслатишган.

Форум

XS
SM
MD
LG