Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:25

Арипов ва Медведев Ўзбекистон-Россия муносабатларини янги даражага кўтариш тараддудини бошлади


Ўзбекистон Бош вазири россиялик ҳамкасби билан. Москва¸ 28 март¸ 2017 йил.
Ўзбекистон Бош вазири россиялик ҳамкасби билан. Москва¸ 28 март¸ 2017 йил.

28 март куни икки давлат президентларининг келаси ойга белгиланган учрашувига ҳозирликни муҳокама қилган Россия ва Ўзбекистон Бош вазирлари¸ Мирзиëевнинг Москва сафари давомида икки давлат ҳамкорлигини моҳиятан янги сифатга кўтарувчи катта ҳужжатлар тўплами имзоланишини билдирди.

- Бугунги нисбатан қисқа¸ аммо муҳим амалий учрашувимиз¸ Ўзбекистон президентининг Россияга қиладиган давлат ташрифига ҳозирлик билан боғлиқ жорий масалалар муҳокамасига бағишланди. Бу сафар давомида турли йўналишлардаги ҳамкорликка оид жуда катта ҳужжатлар тўпламининг имзоланиши кутилмоқда¸ деди Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан учрашувдан сўнг Дмитрий Медведев.

Москва ҳукумати раҳбари таъкидича¸ Шавкат Мирзиëев сафари давомида имзоланиладиган ўзаро келишувлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янги сифат даражасига кўтаришга қаратилган.

Медведев ўзбекистонлик ҳамкасбидан Россия президенти Владимир Путиннинг Шавкат Мирзиëевга энг илиқ саломларини етказишни сўради.

Ўз навбатида¸ Абдулла Арипов ҳам ўз ҳамкасбига Шавкат Мирзиëевнинг Россияга президент сифатида қиладиган илк ташрифи билан боғлиқ ҳозирлик ишлари учун миннатдорчилик билдирди.

13 йил давомида Ўзбекистон Бош вазири лавозимида Россияга кўп маротаба сафар қилган Шавкат Мирзиëевнинг 4 апрель куни президент сифатидаги илк давлат ташрифи билан Москвага келиши кутилмоқда.

Тошкент ва Москва расмийлари президент Мирзиёевнинг Москва сафари олдидан Россияда вақтинча ишлаш учун ишчиларни уюштирилган тарзда жўнатиш шартномасини ишлаб чиқмоқда.

Ўзбекистон ва Россия Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 15 февраль куни Тошкентда ўтган йиғилишида “Россия Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Меҳнат вазирлигига Россия Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида Россияга вақтинча ишлаш учун меҳнат муҳожирларини уюштирилган тарзада жўнатиш шартномаси” юзасидан келишувга эришиш кўрсатмаси берилди.

Мазкур шартнома икки давлат тегишли органларига меҳнат миграциясини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ваколатини бериши назарда тутилмоқда.

Комиссия йиғилишида шартнома президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага қиладиган давлат ташрифи доирасида президент Владимир Путин билан учрашуви чоғида имзоланиши режалаштирилаётгани айтилди.

Шартномага оид бошқа тафсилотлар, жумладан, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ҳуқуқий ҳимоялаш масаласига оид тафсилотлар ҳозирча ошкор қилинмади.

Айни пайтда, Ўзбекистон ва Россия Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишида ўнга яқин шартнома ва протокол имзоланди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ва Россия ҳукумати раиси ўринбосари Дмитрий Козак ҳамраислигида ўтган учрашувда фитосанитар талабларга риоя қилиш, қуруқ йўл билан цемент ишлаб чиқариш технологик линияси қурилиши, Россия ҳамда Ўзбекистон тиббий тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорлик шартномасига қўл қўйилди.

Расмий маълумотга кўра, 2016 йилнинг ноябридан бошлаб Ўзбекистон-Россия алоқалари 2015 йилнинг ноябрь-декабрь ойларига нисбатан жадаллик билан ривожланган, Ўзбекистондан Россияга импорт 23,7 фоизга кўпайиб, 675 миллион долларни ташқил қилган, Россия экспорти эса 13 фоизга озайган.

XS
SM
MD
LG