Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:53

Мирзиёев "ўзи тарбиялаган" Андижон ҳокимидан розилигини билдирди (ВИДЕО)


Мирзиёев Андижон вилоятида
Мирзиёев Андижон вилоятида

19 май куни Андижон вилоятига сафарини бошлаган президент Мирзиёев Улуғнор тумани ҳокимлигида вилоятдаги ҳокимлик органлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда президент вилоят ҳокимига мутлақ ишонч билдирди.

Улуғнордаги йиғилиш

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Улуғнор туманидаги йиғилишда президент 2017 йилда Андижон вилоятида умумий қиймати 1,5 триллион сўм бўлган 3 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилгани, ишлаб чиқариш ҳажми 26 фоизга ўсганини таъкидлаган.

"Муҳими рақамлар эмас, балки фуқароларимизда эртанги кунга бўлган ишончнинг мустаҳкамланаётгани, уларда яхши яшаш учун интилиш ва изланишнинг кучайиб бораётганидир", деди президент.

Қатор рақамлар ва мисоллар билан Андижон вилоятидаги бир йиллик иш сарҳисобини келтирган Мирзиёев вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга алоҳида тўхталди.

Мирзиёев тарбиялаган ҳоким

Озодликка ушбу йиғилиш иштирокчисидан келиб тушган аудиода Мирзиёев нутқининг Ўзбекистон телевидениесида намойиш қилинмаган қисми қайд этилган:

"Мен масала қўйган одамни жуда яхши кўраман, ҳурмат қиламан. Чунки, масала қўйишни билган одамнинг 50 фоиз муваффақияти бор... Вилоят ҳокимимизни ўзим кўп тарбия қилганман, десам тўғри. Лекин шу тарбиямга муносиб, ватанни севган Шуҳрат Абдураҳмоновга ўхшаган одамлар Андижонда кўпайганда эди... Яна бир марта билинглар, мен ҳокимдан розиман", деб таъкидлади президент Мирзиёев вилоят раҳбарлари билан учрашувда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:27 0:00
Бевосита линк

Ҳар ишдан хабардор президент

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, айни йиғилишда президент вилоятнинг турли ҳудудларида бўлаётган муаммолар ўша куниёқ унга етиб бориши, бу муаммоларни яширишга уриниш оқибатларидан огоҳлантирган.

"Мен иш бошлаган биринчи кунимдан ҳокимларни йиғиб: "Бўлди энди. Бировга қарам бўлиб ишлаш йўқ. Агар ойлигим кам дейдиган бўлсаларинг ўзимни маошимдан бераман. Лекин, халқнинг бир сўмига хиёнат қилмайсизлар", деганман. Нега президент қабулхоналарини қолдирдим?! Сабаби шуки, ҳудудлардаги камчиликлар ўша куни кабинетимга етиб боради. Шунинг учун муаммоларга бефарқ бўлманглар", дея иқтибос келтиради нашр президент Мирзиёевдан.

Собиқ бош прокурор иқрори

Шунингдек, нашрнинг ёзишича, президент прокуратура ва бошқа куч ишлатар органлари раҳбарлари, шу жумладан собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодировга ишора қилиб, уларнинг қонунбузарлик фаолиятига кескин чора кўрилаётганини айтган.

Йиғилишда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, президент 2-3 ой ичида собиқ бош прокурор телевидениега олиб чиқилишини айтган.

"Мана, Бош прокурор (собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров назарда тутилмоқда - Kun.uz таҳририяти изоҳи.) бутун бошли жамоаси билан қамоқда ётибди. Миллион-миллион доллар топшириб ётибди. Икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман. Битта ноинсоф ўғли миллиардер!" дея президентдан иқтибос келтирди нашр.

Аскарлар китобхонлиги

20 май куни президент Мирзиёев Султон Жўра маҳалласига борди.

"Давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги ташрифи чоғида белгиланган вазифалар асосида ушбу маҳаллада бешта, Мустақиллик маҳалласида иккита 7 қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилди", деб ёзди матбуот хизмати.

Матбуот хизматининг хабар қилишича, вилоятга сафарининг иккинчи куни - 20 майда президент Шарқий ҳарбий округига ҳам бориб, "аскарларнинг қандай китоб ўқигани билан қизиққан".

"Ҳарбий хизматчиларнинг бир дақиқа вақтиям бекор ўтмаслиги керак. Жисмоний машғулотлар билан бирга ҳар куни ўқиши, чет тилини ўрганиши, дунёқарашини кенгайтириши зарур. Ватан ҳимоячиси деган номга ҳар куни муносиб бўлиши керак", дея иқтибос келтирди Шавкат Мирзиёевдан матбуот хизмати.

Яна мажбурий сафарбарлик

Мирзиёевнинг вилоятга сафари арафасида эса Андижон шаҳри ва туманларининг президент бориши режалаштирилган ҳудудларда "фуқаролик кийимидаги милиция ва солиқ ходимлари қўйилгани, аҳолига уйдан чиқмаслик тайинлангани" кузатилди.

Вилоятдаги сафарбарликни, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларидан бири, "худди Каримовни кутиб олишга ўхшаган вазият. Йўллар тўсилган. Катта кўчаларга катта машиналар қўйилиб, тўсилди", деб таърифлади.

Бундан ташқари, Андижондаги бир-биридан мустақил манбалар 18 майдан бошлаб Андижон президент Шавкат Мирзиëев келишига тўлиқ ҳозирлик ҳолатига ўтгани, вилоятга бош вазирдан тортиб аксар вазирлик раҳбарлари етиб борганини хабар қилган эдилар.

Сўконғич ҳоким тақдири

​Шунингдек, Озодлик гаплашган бир қатор андижонлик мулозимлар, президент сафари давомида андижонликлар томонидан кутилаëтган катта воқеа – шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг ишдан олиниши эканини айтмоқда.

Аммо, сўконғичлиги билан танилган шаҳар ҳокимининг ишдан олингани ёки унга бирор чора кўрилгани ҳақида ҳозирча Озодликда бирор маълумот йўқ.

Президент Мирзиёевнинг Андижон вилоятига сафари 20 май куни якунига етди ва шу куни Тошкентга қайтиб борди.

XS
SM
MD
LG