Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:46

Мирзиёев “Камолот”чини ҳақоратлаган милиция бошлиғини ишдан олди


Тошкентдаги марказидаги Симпозиумлар саройида ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг навбатдаги Қурултойида президент Мирзиёев Навоий вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Турсунпўлат Тошпўлатовни ишдан олди.

Қурултой делегатларидан бирига кўра, милиция бошлиғи яқинда Навоийда ўтган мажлислардан бирида “Камолот” етакчисини ҳақорат қилган.

“Ташкилотнинг Навоий вилояти Кенгаши раиси Жамшид Хўжаевни вилояти милицияси бошлиғи қаттиқ ҳақорат қилган экан. Бугун президент унинг ишдан олинганини, бундан кейин “Камолот”чига бундай муомала қилган шахснинг қаттиқ жазоланишини айтдилар. Бундай ғамхўрлик биз ёшларни тўлқинлантириб юборди”, дейди исми сир қолишини истаган Қурултой делегати.

Турсунпўлат Тошпўлатов шу йилнинг 19 январида Навоий вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланганди.

2015 йилдан бери Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш Бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган бухоролик бу шахс тизимнинг тажрибали мулозимларидан бири эди.

Маҳаллий телеканалларнинг таъкидича, президент Шавкат Мирзиёев “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолиятини ҳам танқидий баҳолаб, унинг иши бундан кейин Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи шаклида давом этишини айтган.

Шунингдек, президент бундан буён вилоят ҳокимлари ва ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари лавозими жорий қилиниши ва бу лавозим эгалари Ёшлар иттифоқи тавсияси билан тайинланишини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG