Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:38

Миллий гвардия зобитининг “пичоқ ташлаб” одамларга “тузоқ” қўйгани акс этган видеони прокуратура ўрганмоқда


Видеодан кадр
Видеодан кадр

Facebook ижтимоий тармоғи орқали 15 февраль куни Озодликка келиб тушган видеода Миллий гвардия кийимидаги зобит караоке-бардаги диван ёстиғи тагига пичоқ деб ишонилаётган бир нарсани ташлаб қўйгани кўрилади. Видео давомида бу “предмет” Миллий Гвардия зобитлари томонидан “топилгани” акс этган.

Озодлик бу видео лавҳани Ўзбекистон Бош прокуратурасига тақдим қилиб изоҳ сўради. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот вакили “Видеода акс этган қонун бузилиш ҳолати синчиклаб ўрганилаëтганини” билдирди.​

Видеони ўз саҳифасида эълон қилган Facebook юзери иддаосига кўра¸ воқеа Фарғона вилоятидаги караоке-барлардан бирида бўлган. Суҳбатдош бу воқеа айнан қайси кун бўлганини аниқ айтиб бера олмади. Унинг ишонишича, видеода акс этган воқеа февраль ойи бошида содир бўлган.

“Фарғона караоке клубининг кабиналаридан бирига Миллий гвардия зобитлари ўзлари пичоқ ташлаб, кейин клуб мижозларидан бирини подстава қилишган. Сен совуқ қурол билан таҳдид қилдинг, деб наряд ҳам чақиришган”,- дейди суҳбатдош.

Унинг яна айтишича¸ караоке-барга ўрнатилган видео- назорат тизимидаги “камерага ëзилиб қолган тасвир боис кўнгилочар маскан мижозига тузоқ қўйилгани фош бўлди”.

Бу видеони кўздан кечирган Тошкентлик ҳуқуқшунос Саломат Ражабованинг Озодликка 15 февраль куни айтишича¸ “ҳуқуқий жиҳатдан муаммо йўқ”:

- Ўзбекистон қонунчилигида совуқ қурол, яъни пичоқ¸ чопқи¸ умуман тиғ кўтариб юриш жиноят эмас. Мавжуд қонунчилик бўйича караоке-бар кабинасига пичоқ билан кириш ҳуқуқбузарлик эмас. Ҳарбий кийимдаги забитларнинг атайлаб бировнинг номини қора қилиш учун ëстиқ тагига пичоқ қўйгани судда тасдиғини топса, хизмат вазифаси доирасидан чиқди дея Миллий гвардия ходимларига айб қўйиш теоретик жиҳатдан мумкин.

Унинг яна айтишича¸ караоке-бар биносига видеокамера ўрнатиб, мижозлардан рухсат олмай, уларни кузатиш ҳам мавжуд қонунчиликка зид.

Ҳуқуқшунос Ражабовага кўра¸ бундан ўн-ўн беш йилча олдин ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан айбсиз одамнинг уйи¸ машинаси ëки сумкасига гильза ëки наша ташлаб қўйиш ҳоллари бўлган:

- Бу нарса деярли йўқ бўлиб кетган эди. Ўз орамизда ўқ-наша дердик буни.

Озодлик Фарғонадаги караоке-барлардан бири билан боғланди. Бар маъмури ўрганаётганимиз видео атрофидаги гапларни эшитганини айтаркан, гапни бу воқеа айнан уларда юз бермаганлигини таъкидлаш билан бошлади. Унинг айтишича¸ жорий йил 15 январдан бошлаб Фарғонадаги барча барлар ва умумуй овқатланиш жойларига пичоқ билан бориш тақиқланганини айтди. Бар эгасига кўра¸ уларга тақиқ ҳақида ҳужжат беришмаган.

- Участка нозири ва яна икки киши келиб тайинлаб кетишди,- деди Фарғонадаги караоке-бар маъмури.

Президент Шавкат Мирзиëев иштирокида 10 январь кунги селектор йиғинида сўзга чиққан Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳманов “Жамоат жойларида совуқ қурол олиб юришни тақиқлаш”ни таклиф қилган эди. Бу таклиф “Зудлик билан қонунларда ўз акси топиши керак”, дея Адлия вазирлигига топшириқ берган мамлакат президенти Шавкат Мирзиëев пичоқ кўтарган ўсмир болалар жинояти ҳақида гапирган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов жорий йилнинг февралида ЎзА агентлигига берган суҳбатида ўтган йилда мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG