Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:42

Россияда мигрантлар иш ташламоқда. Ойликлар камайган


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Россиядаги Delivery Club таомлар ва озиқ-овқат элтиб бериш хизматида ишловчи ўнлаб марказий осиёлик мигрантлар ойликлар камайтирилганидан норозилик билдиришмоқда. Уларга кўра, тариф сиёсати ўзгариши иш ҳақлари камайишига олиб келган ва бундай шароитда ишлаб бўлмайди.

Ширкат ички муаммолари тафсилотларини очиқламаяпти, аммо ходимлари ишни қайта бошлаганини айтмоқда. Россияда меҳнат мигрантларнинг аҳволи ачинарли эди, Украинада уруш бошланганидан сўнг вазият бадтар ёмонлашди.

“Ўзимизни боқишимиз қийин бўлиб қолди”

Delivery Club сервиси ходимлари қарийб бир ҳафта иш ташлашди. Тўғрироғи, ушбу акция 22 апрелда бошланиб, ой охиригача давом этди.

Сервиснинг турли шаҳарлардаги бўлимларида Delivery Club ходимлари видеолар суратга олиб, ўз иддаоларини изҳор қилишди. Ёзувлар ижтимоий тармоқларда ва Youtube’да эълон қилиб борилди. Видеолардан норозиларнинг аксари Москвада ишловчи ходимлар экани англашилади.

“Биз ҳозир Москквадамиз. Мана шу йиғилганларнинг барчаси Delivery Club сервисида ишлайди. Илгари битта буюртмани 120 рублга етказиб берардик, ҳозир элтиб бериш ҳақи 90 рублга туширилган. Шу боис Москвада ва бошқа шаҳарларда курьерлар тўпланишиб, ўз норозиликларини билдиришмоқда. Биз эски иш ҳақига қайтишни талаб қиламиз”, дейди бир видеода қирғизистонлик мигрант.

Курьерларнинг сўзларига кўра, улар асосий суммадан ташқари, таомни тайёрлаб берувчи ресторан ёки қаҳвахонагача бўлган бир-икки километр масофа учун 40 рубль, шунингдек мижоз турган жойгача ҳар бир километр учун 20 рублдан пул олганлар. Ҳозирда ана шу тўловлар миқдори ҳам камайтирилган.

Бошқа видеода яна бир қирғизистонлик ўз ҳамкасбларини талаблари бажарилмагунча ишга чиқмасликка чақиради:

“Delivery Club’да ишловчи ҳурматли ҳамкасблар. Талабларимизни бажармагунларича ишга чиқмай турайлик. Сменага чиқманг, биз метро ёнидаги барча сменаларни бекор қиламиз. 90 рублга ишлаб бўлмайди. Ҳамманинг оиласи бор. Ўзимизни боқишга ҳам қийналиб қолдик. Меҳнатингиз қадрини билинг! Ҳозир 90 рублга бир кило ун ҳам сотиб ололмайсиз. Ўзбеклар ва тожикларга ҳам айтар гапимиз шу. Тўғри тушунинглар”.

Озодлик қирғиз хизмати ушбу сервис ходимлари билан боғланиб, улардан сўнгги воқеалар тафсилотларини аниқлашга уриниб кўрди. Аксар курьерлар ишдан айрилиб қолишдан қўрқиб изоҳ беришни рад этишди.

Интернетда ёйинланган видеоларда турли мамлакатлардаги ходимлар норозилик билдиришаётганини кўриш мумкин. Улар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон меҳнат мигрантлари ҳам бор.

“Россия ва, умуман бутун дунё қанақа даврни яшаётганини тушунамиз. Аммо биз аввалги иш ҳақи тўлаш тартиби қайтарилишини истаймиз”, дейди тожик мигрантларидан бири.

Ширкатнинг жавоби

Delivery Club – Россияда таомлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари элтиб беришга ихтисослашган энг йирик сервис. Ширкат 2009 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Сервис фақат икки йўналишда иш бошлаган бўлса, ҳозирда дори-дармон, косметика ашёлари, уй ҳайвонларига мўлжалланган товарлар, гажетлар, хўжалик ва қурилиш-таъмирлаш молларини ҳам етказиб бермоқда.

Озодлик мухбири ширкат вакилларидан изоҳ олишга муваффақ бўлмади. Бироқ бундан олдин Delivery Club матбуот хизмати Россия ОАВларида хабарнома эълон қилиб, ходимлари иш ташлаганини рад этган эди. Хабарномада курьерлар сони ва иш ҳақи миқдори камайтирилмагани, фақат тўлов схемаси ўзгаргани иддао қилинган.

“Бурунги тариф икки қисмдан – буюртмани элтиб берганлик учун тўлов ҳамда мижозгача босиб ўтилган масофа учун тўланадиган ҳақдан иборат эди. Янги тариф ресторангача босиб ўтилган масофа учун тўлов, буюртмани элтиб бериш тўлови ҳамда мижозгача босиб ўтилган масофа ҳақини ўз ичига олади. Тариф ўзгариши тез таом тайёрлаб бериш тармоқларининг Россия бозорини тарк этиши билан боғлиқ салбий эффектни минималлаштиришга қаратилган. Курьерлар меҳнатига ҳақ тўлашда барча жиҳатлар эътиборга олиниши ва янги воқеликда бу адолатли йўлга қўйилиши учун мазкур ўзгаришлар зарур эди”, дейилади Delivery Club хабарномасида.

Россия ОАВлари курьерларнинг норозилиги кутилмаган оқибатларга олиб келгани ҳақида хабар қилмоқда. Хусусан, ўша воқеалардан сўнг “Курьер” касаба уюшмаси раҳбари Кирилл Украинцев қўлга олиниб, икки ойга қамоққа ташланди: у Delivery Club сервиси курьерларини иш ташлашга даъват қилганликда айбланмоқда. Украинцевнинг уйида тинтув ўтказилган.

Ширкатлар ва мигрантлар

Россиянинг таомлар ва озиқ-овқат элтиб бериш бозорида “Яндекс.Еда”, “Додо Пицца”, “Домино Пицца”, Grow Food, “СберМаркет”, IGoods, “Самокат”, “Яндекс.Лавка”, SaveTime каби сервис ширкатлари ҳам фаолият юритади. Аксарининг ўз дўкон ва ресторанлари бор.

Россия-Украина: Урушнинг тасодифий қурбонлари - мигрантлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:08 0:00

Аввалроқ айни муаммога “Яндекс.Еда” ҳам дуч келган, бироқ ушбу сервис мансуб ширкат иш ташлаш бўлганини рад этганди.

Сўнгги икки ойда мигрантларнинг иш ҳақлари камайиши ва тўлов муддати кечикиши ҳоллари кўпайди. Ҳуқуқбонлар мигрантлар ишсизликдан кўп шикоят қилаётганини айтишмоқда. Бу вазият Украина билан уруш манзарасида чет эл ширкатлари Россияни тарк этганидан сўнг вужудга келди.

Россия ҳануз Марказий Осиё меҳнат мигрантлари интиладиган асосий мамлакат бўлиб қолмоқда. Айрим экспертлар Россиянинг ўзида инқироз бошлангани муносабати билан мигрантларнинг каттагина қисми ватанига қайтишини башорат қилишяпти.

Сўнгги маълумотларга кўра, Россия Украинага қарши ҳарбий агрессия бошлаганидан сўнг 750 ажнабий ширкат мамлакатдан чиқиб кетган.

XS
SM
MD
LG