Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

Қўл остидаги ходим пичоқлаган МИБ бошлиғи вафот этди


Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраев 2 август куни касалхонада вафот этди.

Яккабоғлик врачнинг Озодликка айтишича, МИБ бошлиғи бундан 3 ой муқаддам олган жароҳатларидан ҳалок бўлган.

Баҳром Жўраев жорий йилнинг 3 май куни иш кабинетида ўзининг собиқ ходими томонидан пичоқланган эди.

Озодлик бу воқеа тўғрисида 5 май куни хабар берган эди.

Яккабоғ туман Мажбурий ижро бюроси ходимларидан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка хабар беришича, унинг собиқ бошлиғи Баҳром Жўраев Тошкентдаги касалхоналардан бирида 2 август куни вафот этган:

"Бизнинг ҳамкасбимиз Шавкат Ибратовни бошлиқ ишдан бўшатганидан кейин, у ичиб келиб Баҳром акани иш кабинетида тўрт жойига пичоқ санчган эди. Баҳром ака аввал Яккабоғда операция қилинди, кейин Қаршидаги касалхонага олиб кетишди. У ердан Тошкентга олиб боришган экан, барибир бўлмади шекилли, кеча оламдан ўтибди. Яхши одам эди, раҳматли", деди МИБ ходими.

Баҳром Жўраев пичоқланганидан сўнг, у операция қилинган Яккабоғ туман Тез тиббий ёрдам касалхонасининг исми сир қолишини сўраган врачининг Озодликка айтишича, унинг жароҳати оғир бўлган:

"Ошқозон жароҳат олган, жигар, ошқозон ости бези, томирлари кесилиб кетган, кўп қон йўқотган эди. Бизда операция қилинди, уч-тўрт кун реанимацияда ётганидан сўнг, яқинлари Қаршига олиб кетишди. У ерда ҳам бўлмаган шекилли, Тошкентга олиб боришган экан. Менга ҳам бугун айтишди, кеча оламдан ўтди, деб", - деди врачлардан бири.

Баҳром Жўраев ўзи яшаган Ғузор туманида 2 август куни дафн этилган.

Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозимининг Озодликка айтишича, Баҳром Жўраевга оғир тан жароҳати етказган Шавкат Ибратовга нисбатан жиноят иши очилган:

"Шавкат Ибратов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104- моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1- банди билан айбланаётган эди. Энди, бу шикаст жабрланувчининг вафотига сабаб бўлса, бу модданинг 3- банди қўлланилади. Бу бандга кўра, айбланувчи 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин", - деди ички ишлар бошқармаси мулозими.

Ўзбекистонда аҳолининг коммунал хизматлардан қарзини ундириш ишлари билан шуғулланадиган МИБ ходимларининг турли хил ҳужумларга учраши баъзан кузатилиб туради.

Жумладан, Андижон вилоят, Андижон туманида яшайдиган фуқаро 19 июль куни уйига қарз ундиришга келган Мажбурий ижро бюро ходимини пичоқлаган эди.

XS
SM
MD
LG