Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:49

Мексикада 7 ўзбекистонлик гаровдан озод этилди, аммо бу ўзбекларни "Америка орзуси"дан қайтармайди


13 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Мексикада гаровдан озод қилинган 7 нафар Ўзбекистон ватандошларига ҳуқуқий кўмак кўрсатилаётгани, уларнинг ҳаётига таҳдид йўқлигини билдирди.

Аввалроқ Мексика полицияси ўзбекистонликларни гаровдан озод қилгани тўғрисида хабар берган эди.

“Дипломатик миссия маълумотларига кўра, ҳозирга қадар барча юртдошларимиз қўйиб юборилган ва Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. Уларнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ. Барча фуқароларимизнинг шахси аниқланган. Мексикалик ҳамкорлар билан Ўзбекистон фуқароларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, дейиладирасмий хабарда.

Мексиканинг El Siglo de Torreon нашри нашрига кўра, тутқунликдан озод қилинган ўзбекистонликларнинг беш нафари эркак, бир нафари аёл ва бир нафари вояга етмаган боладир.

Гаровгирлик ҳодисаси

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, автобусда Қуйи Калифорния штатига кетаётган ўзбекистонликлар Мексиканинг Гомес-Паласио шаҳридаги фермалардан бирида дам олиш учун тўхтаган. Ўзбекистонликлар бу ердан АҚШга ўтиб кетишни режалаштиришган. Аммо, нашрга кўра, фермада уларни гаровга олишган ва гаровгирлар 1200 доллар пора талаб қилган.

Ўзбекистонликларда бунча пул бўлмагани учун уларни фермада ушлаб турилгани айтилади. Шу аснода полиция ҳодисадан хабар топган ва воқеа жойига етиб келиб, ўзбекистонликларни озод қилган.

Хабарда полиция гаровдагилар тўғрисидаги маълумотни қай тарзда олгани очиқланмаган ва ўзбекистонликларнинг шахси тўғрисида ҳам маълумот берилмаган.

Айни пайтда озод этилган ўзбекистонликлар Миллий миграция институтига юборилган. Уларни гаровда сақлаб турганларга шерик бўлган Мария Гваделупа исмли 32 ёшли аёл қўлга олинган. Унинг бошқа шериклари тўғрисида маълумот йўқ.

Ҳодиса асносида Ўзбекистон ҳукумати биринчи марта мамлакатдан Мексикага ноқонуний муҳожирлар оқимини эътироф этмоқда.

Ушбу ҳодиса билан бир вақтда Самарқандда АҚШга ноқонуний йўллар билан етказиб қўйишни таклиф қилаётганликда айбланаётган шахслар қўлга олингани хабари чиқди.

Расмий каналларга кўра, 28 яшар самарқандлик Ургут туманида истиқомат қилувчи 24 яшар шахсга “Ўзбекистон-Испания-Мексика” йўналиши орқали Қўшма Штатларга ноқонуний киришга кўмаклашишни ваъда бериб, 25 минг АҚШ доллари талаб қилган. Ўзбекистон ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармасига кўра, вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган амалиёт натижасида фирибгарликда айбланаётган самарқандлик гўё “ҳужжатларни расмийлаштириш учун” олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланган.

Яна бир ўхшаш ҳолатда эса Самарқанд туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс Самарқанд шаҳрида яшовчи 51 яшар фуқарони “Ўзбекистон-Туркия-БАА-Мексика” йўналиши орқали АҚШга юбориш учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг долларни аванс сифатида олган вақтида ушлангани хабар қилинган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари икки ҳолат юзасидан қонунбузарликда айбланаётганларга нисбатан давлат Жиноят Кодексининг 168-моддаси, яъни “фирибгарлик” билан жиноят ишлари қўзғатгани айтилди.

Бундай модда билан жавобгарликка тортилган бошқа бир қанча ҳолатлар ҳақида олдин Озодлик хабар берган.

"Ўзбекистонликларни АҚШга катта даромад ва имкониятлар тортяпти!"

Бундай хатар ва қийинчиликларга қарамасдан нима учун уммон ортидаги “сеҳрли диёр” га кетиш истагида бўлган ўзбеклар сони камаймаётир?

Ўзини Жаҳонгир деб номлашни сўраган самарқандлик йигит бир неча йилдан бери АҚШга кетишга ҳозирлик кўраётганлардан.

Озодлик билан суҳбатда у аксар ўзбекистонликларни Америкада бирдан катта даромад олиш мумкинлиги қизиқтираётганини айтади:

- На Россияда, на Ўзбекистонда одам нимага қодир эканини эркин ва тўлалигича очиш имконига эга эмас. Одамлар қаерда ҳаёт яхши бўлса, ўша ерга интилади ва бунинг учун уларни айблаш нотўғри. Ҳеч қанақа таниш-билишсиз Америкага борганлар кўтарилиб, катта даромад оляпти. Албатта, унинг ҳаракатига боғлиқ. У ерда кўп йиллар яшаб, битта “Нексия”га пул ишлаган болани ҳам танийман. Бу ерда эса энди бир иш қиламан десанг, бизнесингга хўжайинлар пайдо бўлиб қолади, бирор иш юрита олмайсан. У ерда билим олиш ва ўсиш имкони катта, энг замонавий техника, технология ва ҳаёт билан танишиш имкони бор. Мени кўпроқ шу томони тортяпти Американи – у ерда билим олиш имкони. Самарқандда 90 фоиз одам кетиш истагида.

Жаҳонгир Украинадаги уруш туфайли муҳожирлар оқими кўпайгани ва АҚШга кириш ҳам қийинлашганини айтади

- Кимдир у ерга бориб сиёсий бошпана сўраяпти, кимдир “грин кард” ўйнаяпти, кимдир эса ноқонуний йўллар билан киришга уринмоқда. Мексика орқали кириш ҳақиқатан хатарли, ит азоби. Мени акам неча ўлимдан қолиб, кириб борди Мексика орқали. Қанчаси қарзга пул олиб, куйиб, қайтиб келяпти киролмасдан. Одамлар ҳар-хил йўллар билан кириб боряпти, аммо у ерда руслар, араблар жуда кўпайган охирги пайтларда, нархлар ошган, 30 минг долларгача. Қолаверса, пулдор ўзбекистонликлар ҳам анча кўпайиб қолган. Бу иш тўлиқ Мексика мафияси қўлида, полиция билан биргаликда ишлайди. Одам йўқ бўлиб кетса ҳам ҳеч ким тополмайди, ҳақиқатан хатарли, - дейди ҳатто бундай хавф ва хатар уни йўлдан қайтармаслигини билдирган самарқандлик йигит.

Статистик маълумотлар ўзбекистонликлар орасида эса АҚШда яшаш ва ишлаш истагида бўлганлар сони йил сайин кўпайиб бораётганини тасдиқлайди.

2022 йилги “грин-кард” лотереясида 119 262 ариза берувчи ғолиб сифатида рўйхатга олинди ва улар АҚШ элчихонасига виза бўйича интервюга чақирилди.

Грин-карта ғолиблари сони бўйича Ўзбекистон бу гал ҳам доимгидек юқори ўринларда қайд этилди: рўйхатда 5 511 нафар ғолиб билан Ўзбекистон Миср ва Жазоирдан кейин учинчи ўринда. Бу йили ғолибларнинг 55 минг нафарига АҚШ визаси берилади. Баъзи манбаларга кўра, бу рақам ошиши ҳам мумкин, чунки Жо Байден грин-карта ғолиблари сонини 80 мингтагача ошириш кераклигини айтганди.

АҚШ ҳукумати эса Мексика билан чегарасида президент Доналд Трамп ваъда қилган деворни қўришни давом эттирмоқда. 15 млрд долларга баҳоланган ва 1600 кмга чўзилиши кутилаётган бу баҳайбат тўсиқ асосан одам ва гиёҳвагд моддалар контрабандасига чек қўйиш мақсадида қурилмоқда.

АҚШ Аҳолини рўйхатдан ўтказиш бюросининг сўнгги ҳисоботига кўра, Қўшма Штатларда 62 мингдан зиёд ўзбекистонлик яшайди. Улардан икки мингдан ортиғи АҚШ ватандошлигини олган. Америкадаги 11 миллион ноқонуний муҳожирлар орасида ўзбекистонликлар ҳам кам эмас.

Ўзбеклар энг кўп яшайдиган шаҳарлар Нью Йорк, Сан Антонио, Хюстон, Чикаго, Филадельфия экани айтилган.

Форум

XS
SM
MD
LG