Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:23

Кремль аҳолини мигрантлар ҳисобига кўпайтиришнинг яна бир чорасини қўллади


Россияда осонлаштирилган тартибда гражданлик олиш имконини берувчи қонун кучга кирди.

Осонлаштирилган схема асосида паспорт бериш “Россияга кўчиб ўтишга тайёр бўлган ватандошлар” дастури асосида амалга оширилади.

2012 йилда 13 ярим мингга яқин ўзбекистонлик Россия паспортини олган бўлса, 2017 йилга келиб бундайлар сони 23 334 нафардан ошган.

Россияда осонлаштирилган тартибда гражданликни берувчи қонун президент Владимир Путин томонидан имзоланганига 90 кун тўлди ва кучга кирди.

“Россия Федерацияси гражданлиги тўғрисида”ги қонунга киритилган ва апрел бошида кучга кирган ўзгартишларга мувофиқ, гражданликни осонлаштирилган тартибда олиш хуқуқига эга бўлган хорижликлар категорияларини Россия президенти белгилайди.

Россия президенти, қабул этилган ўзгартишларга мувофиқ, Россия гражданлигини “мураккаб ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий вазиятда бўлган” ҳамда қуролли ҳаракатлар олиб борилаётган ва режимлар ўзгариши содир бўлган мамлакатлар фуқароларига бериши мумкин.

Бундан ташқари, Россия паспорти хорижда доимий яшаб келаётган рус тилида сўзлашувчи аҳолига ҳам худди шу схема асосида берилиши мумкин.

Федерал ҳужжатда Россия Федерацияси ҳудудига ихтиёрий равишда кўчиб ўтишга ҳозир бўлган ва ҳорижда яшаётган дастур иштирокчиларига, уларнинг оила аъзоларига ватандошлик мақомини бериш ҳужжатлари осонлаштирилган тартибда кўриб чиқилиши қайд этилди. Жумладан, улар гражданликка нафақат дастур асосида кўчиб ўтган минтақада, балки Россиянинг исталган жойида гражданликка ҳужжат топшириши мумкин.

Янги қонунга кўра, гражданликка даъвогарлардан Россия ҳудудида “вақтинчалик яшаш мақоми”га (“Вид на жительство”) эга бўлиш ёки мамлакат ҳудудида 5 йил давомида яшаган бўлиш мажбурияти талаб қилинмайди.

Бундай вазиятларда ҳужжатларни кўриб чиқиш 6 ойлик муҳлатни ташкил қилади. Евроосиё Иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар: Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон гражданлари ҳужжатлари 3 ойда кўриб чиқилиши лозимлиги айтилди.

Муҳим ўзгартишлар қаторида Россия гражданлигига топширган ва рад жавобини олган шахс бир йил ўтиб қайта гражданликка ариза топшириши мумкинлиги бор.

“Мигранто.ру” портали асосчиси, москвалик юрист Светлана Саламова Озодлик билан суҳбатда янги ўзгартишларни Россиянинг демографик вазиятни яхшилашга қаратилган амал ўлароқ баҳолади.

- Янги қонун “Кўчириш сиёсати”га фақат ўз мамлакатида ариза топшириш керак” деган тартибни бекор қилди. Энди Евроосиё иттифоқига аъзо давлатлар ватандошлари Россия ичкарисидан туриб ҳам ариза топширишга ва қисқа муддат ичида жавоб олишга ҳақли. Бу яхши маскировкаланган катта сиёсий ўйинга ўхшаябди: Россия уруш олиб бораётган мамлакатлар гражданларига президент Путин ўз ихтиёрига кўра чексиз миқдорда паспорт бериш ҳуқуқига эга бўлди. Украина шарқидаги ЛНР/ДНР, Сурия, Венесуэла ва бошқа минтақалардаги вазият шуни тақозо этаётган кўринади. Ҳар ҳолда, энди ўзини “русийзабон” ва “рус маданияти вакили” деб ҳисобловчи хоҳлаган одам, жумладан ўзбекистонликлар, гражданликни осонлаштирилган тартибда олиш ҳуқуқига эга бўлди, деди юрист Светлана Саламова.

Суҳбатдош бу ўзгартишлар фақат “кўчириш” дастурида иштирок этаётган ўзбек гражданларига енгиллик яратиши мумкинлигини қўшимча қилди. Аммо, ҳатто шу дастурда иштирок этаётган ўзбекистонликлар ҳужжатларига жавоб қирғиз, қозоқ ёки беларуслар каби 3 ойда эмас, 6 ойда берилиши кўзда тутилган.

Спортчи Жефф Монсон шахсан В.Путин буйруғи билан паспорт олган
Спортчи Жефф Монсон шахсан В.Путин буйруғи билан паспорт олган

“Россия Федерацияси гражданлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар 2018 йилнинг декабрида Давлат Думаси томонидан қабул қилинган ва кейинроқ президент томонидан имлоланганди.

У август ойида парламент муҳокамасига киритилиб, 3 та ўқишда қабул қилинганди.

Россия гражданлари сонини рус тилли хорижликлар эвазига тўлдирмоқчи

Бундан олдинроқ, Кремль Россияда 5-10 миллион одамга гражданлик бериш режалари тўғрисида эълон қилганди. Президент Владимир Путин ўз чиқишларидан бирида Россияга янги ватандошларни етказиб берувчи мамлакатлар сифатида рус аҳолиси кўп бўлган Украина, Қозоғистон, Ўзбекистон, Молдова ва бошқа собиқ Иттифоқ мамлакатлари кўрилаётгани тўғрисида баёнот берганди.

Бунинг учун Россия ҳукумати 2019-2015 йилга қаратилган Давлат миграция сиёсати Концепциясини ишлаб чиқараётган ишчи гуруҳ тузганди. Жиддий демографик муаммолар – аҳоли сони кескин камайиши ва қариб бориши олдида турган 140 миллионли Россия яқин йилларда гражданликни осонлаштирилган тартибда берувчи бошқа чора-тадбирларни ҳам киритишни режалаштираётгани айтилмоқда.

Россия ИИВ статистика маълумотларига кўра, 2018 йилда “янги россияликлар” ёки Россия Федерацияси янги гражданлари сони 270 000 кишига кўпайди. Улардан юз минг нафардан ортиғи (41,5%) Марказий Осиё республикаларида ҳудудларида туғилганлардир.

2018 йилда Россияда яшаш гувоҳномасини (“вид на жительство”) олган ва мазкур ҳужжат асосида истиқомат қилаётган Ўзбекистон гражданлари 80 000 нафарни ташкил этди. Яна 69 минг ўзбекистонлик РВП – Россияда вақтинчалик яшаш ва ишлаш ҳуқуқига эга бўлган.
Рус полицияси 2017 йилда Россия паспортини олган ўзбекистонликлар сони 23 334 кишини ташкил этгани тўғрисида хабар берганди.

2012 йилда 13 ярим мингга яқин ўзбекистонлик Россия паспортини олган бўлса, 2017 йилга келиб 23 334 дан ошган. Гражданлигини алмаштираётганлар рўйхати бошида Украина, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон ватандошлари турибди.

XS
SM
MD
LG