Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:38

Қирғизистон Россия билан атом станцияси қурмоқчи. Ўзбекистоннинг АЭС лойиҳасига нима бўлди?


Бишкекдаги фаоллар уран қазиб олишга қарши намойишда. Апрель, 2019
Бишкекдаги фаоллар уран қазиб олишга қарши намойишда. Апрель, 2019

Совет атом саноати Қирғизистон экологиясига катта зарар етказди – мамлакат ўша даврда Москванинг ядровий қурол яратиш дастури доирасида уран ишлаб чиқарган. Шунга қарамай, қирғиз мулозимлари давлат ғазнасини тўлдириш мақсадида 2019 йили жорий қилинган уран қазиб олишга тақиқни бекор қилишга ҳаракат қилмоқдалар.

Шунингдек, улар Россия қурган атом объектларини иқлим ўзгариши таъсири остида қолаётган гидроэнергетика муқобили сифатида кўришяпти.

2019 йилда Қирғизистонда уран қазиб олишга тақиқ қўйиш қарори фуқаролик жамиятининг катта машаққатлар эвазига эришган ғалабаси бўлган эди, айни чоғда бу билан совет даврида саноат мамлакат экологиясини издан чиқаргани тан олинди.

Бироқ эндиликда қирғиз мулозимлари тақиқни бекор қилишмоқчи – тез-тез популизмда айбланадиган президент Садир Жапаров шу тариқа тоғ-кон соҳасида давлат ишлаб чиқаришига ўтиш ҳаракатини давом эттирмоқда.

Давлат раҳбари янги “соғин сигир”ни кўз остига олар экан, бошқа мулозимлар ядро-ёқилғи занжирининг нариги учидаги воқеалар ривожини муҳокама қилишмоқда: гап шундаки, Россиянинг “Росатом” концерни “электр тақчиллигини бартараф этишда кўмаклашиш” мақсадида Қирғизистонга кичикроқ атом электр станцияси қуриб бермоқчи.

“Бу икки воқеанинг ўзаро боғлиқлиги бор, – дейди Озодлик билан суҳбатда беш йил муқаддам тақиқ қарори олинишида фаол қатнашган экофаол Қалия Молдагазиева. – Чунки атом электр станцияси учун уран керак. Уранни четдан, эҳтимолки Қозоғистондан олиб келиш керак бўлади ёки шу ерда уни бойитишга уриниб кўришади. Нимани режалаган бўлишларидан қатъи назар, биз бу ишга қаршимиз”.

Марказий Осиёда АЭС қуриш истаги. Мутахассислар нимадан хавотирда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:08 0:00

Уран қазиб олиш – Жапаровнинг халққа совғаси бўлади

Жапаровнинг ҳокимиятдан ағдарилган салафи – Сўўрўнбай Жээнбеков бошқаруви даврида жорий қилинган уран қазиб олишга тақиқни бекор қилувчи қонун 26 феврал куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Муҳокамалар 25 мартда якунланади, шундан сўнг депутатлар қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киришадилар.

Бироқ мораторий кучида қолиши эҳтимоли жуда кам, чунки президент Жоғорқу Кенешни ўз измига солишда катта тажриба орттирган.

Ўтган ҳафта у Иссиқкўл вилоятига бориб, Қизил-Омпол уран конидан фойдаланиш режаси хусусида маҳаллий аҳоли билан учрашув ўтказди. Тақиқ қўйилган пайтда кондан фойдаланиш учун лицензия хусусий инвесторга тегишли бўлган бўлса, Жапаров одамларга Қизил-Омпол уран кони “100 фоиз” давлат тасарруфига ўтишини эълон қилди.

Жапаров, қиёслаш учун, президентлигининг илк ойларида давлат фойдасига тортиб олган Қирғизистоннинг энг йирик олтин кони бўлмиш Қумторни мисол қилиб келтирди. Қумтор конининг собиқ оператори, Канаданинг Centerra Gold ширкати кейинроқ келишув битимини имзолашга рози бўлган эди.

“Энг аввало, бу ерда мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил қилинади. Сизлар ўзларингиз ишлайсизлар”, деди Жапаров Иссиқкўл вилоятининг Қизил-Омпол кони жойлашган Тонг тумани аҳолиси билан учрашувда.

Президент “бу ернинг аҳолиси бойиб кетади”, “Қизил-Омпол иккинчи Қумтор бўлади”, деб ваъда берди.

Жапаров, шунингдек, Қирғизистон “нодир металлар ва уран қазиб чиқариш бўйича мутахассислар” етиштириш учун ҳар йили 50 кишини Россияга ўқишга жўнатмоқчи эканини таъкидлади, бироқ тафсилотларини очиқламади.

Жапаров иқтисодий нафдорликка урғу бераркан, Қизил-Омпол конидан уран қазиб олишга тақиқ қўйилишига биринчи галда унинг мамлакат бош сайёҳлик маркази – Иссиқкўл кўлига салбий таъсири билан боғлиқ экологик муаммолар сабаб бўлгани ҳақида лом-мим дегани йўқ.

Қирғизистон ва умуман, Марказий Осиё Совет Иттифоқи ядро саноатининг заҳарли таъсири остида бўлган.

Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан сўнг йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида Қирғизистон жанубида жойлашган Майлису шаҳарчасидаги уран кони ва заводда биринчи совет атом бомбаси учун ёқилғи ишлаб чиқарилган.

Бомба 1949 йилда шимоли-шарқий Қозоғистондаги Семипалатинск полигонида синовдан ўтказилган. Бу минтақа табиати ва аҳолиси соғлиғи учун вайронкор оқибатларга олиб келган юзлаб синовларнинг биринчиси эди.

Майлисуда уран қазиб олиш ва қайта ишлаш 1968 йилда тугатилди, бироқ 1958 йили ядровий чиқинди омбори тўғони ўпирилиши ҳамда радиоактив материалларни кўмишдаги сурункали пала-партишликлар ҳудудни аллақачон қаттиқ ифлослантириб бўлганди.

Аҳоли тиғиз яшайдиган Фарғона водийсидан тепароқда жойлашган Майлисуда ҳануз икки миллион кубометрдан ортиқ радиоактив чиқинди сақланадиган 20 дан зиёд ўра-омбор мавжуд, айрим чиқинди ўралари маҳаллий дарё ёқасида қазилган. Шаҳарда касалланиш даражаси Қирғизистоннинг бошқа ҳудудларига нисбатан юқори. Ушбу тоғли, сейсмик фаол ҳудудда бирон табиий офат рўй бергудек бўлса, миллионлаб инсон ҳаёти хавф остида қолиши аниқ.

Советлар атом саноатининг яна бир мероси – қўшни Норин вилоятидаги Минг-Куш деган жойда бўлиб, Европа тикланиш ва тараққиёт банки молиялаган эҳтиёт чораларидан сўнг заҳарли чиқиндилар омбори мустаҳкамланиб, ҳудуд зарарланишининг олди олинди.

Аммо Қирғизистон бўйлаб яна кўп жойларда кичик-кичик радиоактив чиқиндихоналар борки, улар мамлакат мустақил бўлганига 30 йилдан ошган бўлса-да, ҳануз қаровсиз ва хатар манбаи бўлиб қолаётир.

Мишустин Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасини тезлаштиришга чақирди. Экспертлар хавотирда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:07 0:00

Ядровий келажак – қисматми?

Ҳозирда қирғиз мулозимлари уран тимсолида экспорт ҳисобига мамлакатга барқарор валюта келтирувчи манбани кўраётганга ўхшайди.

Қизил-Омпол иқтисодий аҳамияти нуқтаи назаридан “иккинчи Қумтор” бўлмаслиги аниқ эса-да, Қирғизистон 1990-йиллардан буён ишлатилаётган асосий конида олтин қазиб олиш камайиши эҳтимолига қарши чора ўлароқ янги даромад манбаларини топиши керак.

Ўтган йили Қумторда олтин қазиб чиқариш ҳажми 2022 йилги 17,3 тоннадан – 13,6 тоннага тушиб кетганида ҳукумат нисбатан пастроқ навли руда қатлами яқин келажакда ишлаб чиқаришни шу даражада сақлаб туриши мумкин, дея баёнот берган эди.

Бу йил ҳукумат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида 4000 метр баландликдаги участкада (очиқ қазув ўрнига) ерости қазуви бошланишини эълон қилди ва бу катта инвестиция жалб қилиши керак.

Ҳукумат уран қазувини бошлашни режалаши – Қирғизистонда Россия технологиясида ишлайдиган ядровий объект қуриш ғояси тобора реаллашаётган паллага тўғри келмоқда.

Сўнгги пайтларда Россия ўзини Марказий Осиёга минтақада борган сари чуқурлашаётган энергия тақчиллигини бартараф этишга кўмаклаша оладиган мамлакатдек тутишга уриняпти, “Росатом” эса бу ҳаракатларда энг муҳим ролни ўйнайди. Аммо лойиҳани амалга ошириш жуда суст кетмоқда.

Ўзбекистоннинг АЭС лойиҳасига нима бўлди?

2018 йилда Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонга келганида қиймати 11 миллиард долларга тенг улкан атом электр станцияси (АЭС) қуриш масаласи ҳал бўлгандек туюлган эди.

Бироқ ўтган йилнинг ноябр ойи охирларида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон нафақат Россия, балки бошқа хорижий мамлакатлар “тажрибаси ва технологиялари”ни ўрганаётганини айтди, шунингдек ҳар қандай потенциал атом объекти аввалбошда тахмин қилинганидан кичикроқ бўлиши мумкинлигига шама қилди.

Мирзамаҳмудовнинг бу сўзлари ундан бир неча кун олдин “Ўзбекистон билан АЭС қуриш бўйича музокаралар якуний босқичда”, дея баёнот берган “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёвникидан кескин фарқ қилди.

Қозоғистондаги қаршиликлар

Бу ёқда Қозоғистон ҳам бор: президент Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда АЭС қуриш-қурмаслик масаласи умумхалқ референдумида овоз бериш йўли билан ҳал этилишини бир неча бор (сўнгги марта – сентябр ойида халққа мурожаатида) таъкидлаган.

Путин ўтган йили кузда, Остонага ташрифи олдидан “Росатом” Қозоғистонда АЭС қуришга катта қизиқиш билан қараётганини тасдиқлар экан, бўлғуси объект “атроф-муҳит муҳофазаси ва хавфсизликка доир энг юқори халқаро мезонларга мувофиқ бўлиши”га ишонч билдирганди.

Бироқ қозоқ жамиятининг етарлича кучли қаршилиги манзарасида атом станцияси бўйича референдум куни ҳануз белгиланмай қолмоқда, ноқулай сукут эса тобора қаттиқ янграётир.

Агарда Ўзбекистон ёки Қозоғистон мўлжаллаган ишлардан воз кечиб юборса, буни тушунса бўлади.

2022 йилда Россия Украинага бостириб киргач, унинг ҳарбийлари Европада энг йирик бўлмиш Запорожье АЭСни эгаллаб олди ва икки мамлакат ўртасидаги қақшатқич жанглар манзарасида потенциал ядровий ҳалокат хавфи пайдо бўлиб, бу Москванинг халқаро майдонда ўта масъулиятсизликда айбланишига олиб келди.

Ғарбнинг Россия иқтисодиётига нисбатан жорий этган кенг кўламли санкциялари ҳам чет элдаги лойиҳаларни амалга оширишни қийинлаштирувчи омил бўлиши мумкин, гарчи жаҳон ядровий иқтисодиётидаги муҳим ўйинчилардан бири бўлмиш “Росатом” санкция қўлланган ширкатлар рўйхатида бўлмаса-да.

Энергетика вазири: метан газ, свет ўчиши ва АЭС ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:48 0:00

АЭС қуришга йиллар керак бўлади

Аммо Қирғизистон битим тузиш масаласида кўп ҳам иккиланаётганга ўхшамайди.

Қирғизларнинг ядровий объекти қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистон мўлжалидаги АЭСларга нисбатан анча кичик бўлиши турган гап. Лекин кейинроқ уни кенгайтириш режаси йўқ эмас.

Энергетика вазири ўринбосари Сабирбек Султанбеков ўтган йили Бишкекда бўлиб ўтган давра суҳбатида Қирғизистон ҳар бири 50 мегаватт қувватга эга икки мини-завод эмас, балки юз минглаб уйларни электр билан таъминлай оладиган 300 мегаваттли кичик модул реактор (SMR) қуриш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган эди.

“Росатом” билан Қирғизистон кичик реакторлар қуриш бўйича ҳамкорликка доир меморандумни 2022 йил январда Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган ЭКСПО-2022 Бутунжаҳон кўргазмасида имзолаган.

Султанбековга кўра, Қирғизистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 90 фоизини берадиган гидро-электр станциялар самарадорлиги иқлимга боғлиқ бўлиб қолаётгани мамлакатни атом энергетикаси ҳақида ўйлашга мажбур этмоқда.

“Биз сув камайган даврни бошдан кечиряпмиз, бу ўтиб кетарку-я, аммо тақчиллик бизни шундай аҳволга солдики, электр энергиясини четдан сотиб олишимизга тўғри келяпти”, дея қирғиз мулозимидан иқтибос келтирган Kaktus Media.

“Ўтган йили Қозоғистон ва Туркманистондан 2,7 млрд кВт-соат электр импорт қилдик. Бизга табиат инжиқликлари таъсир қилмайдиган муқобил манба зарур. Бу манба – атом энергетикасидир”, урғулаган Султанбеков.

Форум

XS
SM
MD
LG