Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:20

Ака - бошлиқ, ука - ўринбосар? Давлат корхоналарида манфаатлар тўқнашуви


Давлат хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликлари кераклиги Ўзбекистон президенти имзолаган қарорда белгилаб қўйилган
Давлат хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликлари кераклиги Ўзбекистон президенти имзолаган қарорда белгилаб қўйилган

Қорақалпоғистонлик депутат “Тўрткўл туман газ таъминоти корхонаси раҳбари қариндош-уруғлари билан бутун газ таъминотини эгаллаб олиб, хоҳлаган ишини қилаётгани”ни иддао қилди. Депутатнинг Озодликка айтишича, унинг Президентга ёзган шикояти натижа бермаган.

Корхонани “қариндош-уруғлари билан эгаллаб олгани” иддао қилинган раҳбар депутатнинг иддаоларини қатъиян инкор қилди.

Депутат ва корхона раҳбари ўртасида бир йилдан буён давом этаётган зиддият давлат корхоналарида манфаатлар тўқнашуви олди олинганми, деган саволни ўртага чиқарди.

“Тўрткўл Стандарт Тестинг” МЧЖ раҳбари, Халқ депутатлари Тўрткўл туман кенгаши депутати, ЎзЛиДеП аъзоси Асилбек Дуйсеновнинг Озодликка 11 ноябрда билдиришича, у Тўрткўл туман газ таъминоти раҳбари устидан мамлакат президентига 2019 йилнинг 23 августида шикоят хати билан мурожаат қилган.

Бир корхонадаги "бир неча Абдуллаев"

Депутат нусхасини Озодликка тақдим этган 3 бетлик шикоят хатининг биринчи бетида туман газ корхонаси раҳбари ва унга фамилиядош кишилар рўйхати келтирилган.

Халқ депутатлари Тўрткўл туман кенгаши депутати Асилбек Дуйсеновнинг Президент Мирзиёевга йўллаган уч бетлик шикоятининг биринчи бети.
Халқ депутатлари Тўрткўл туман кенгаши депутати Асилбек Дуйсеновнинг Президент Мирзиёевга йўллаган уч бетлик шикоятининг биринчи бети.

Рўйхатда корхона раҳбари Абдуллаев Аъзамжоннинг, шунингдек, бошқа Абдуллаевлар - Аъзамжоннинг "отаси, укаси, куёви, тоғаси, жияни" ва бошқаларнинг исмлари, эгаллаб турган лавозимлари кўрсатиб ўтилган.

Рўйхатда, масалан, тумангаз раҳбарининг отаси (Эркин) газ ҳисоблагичларни таъмирлаш хизмати раҳбари, укаси (Акбар) эса, корхона иш бошқарувчиси деб кўрсатилган.

Депутат Асилбек Дуйсенов Президентга ёзган шикоятида тумангаз раҳбари ва унинг қўл остида ишлаётган қариндошларини коррупцияда, газ таъминоти ва ёндош хизматлар соҳасида туманда монополист бўлиб олганликда айблайди. “Бошлиқнинг шериклигида ташкил қилинган газ ҳисоблагичларни таъмирлаш устахонаси бошқа шу каби хусусий корхоналарга ишлашга йўқ қўймаяпти”, дейилган хатда.

Депутатнинг уч бетли хатида тумангаз раҳбари Аъзам Абдуллаевнинг бир қатор “кирдикорлари очилган” ва Президентдан газ ҳисоблагичларни текширувдан ўтказиш ҳуқуқини хусусий корхоналарга ҳам бериш ҳамда тумангаз раҳбари ва унинг қариндошларига нисбатан қонуний чора кўриш сўралган.

Депутат Дуйсенов Президентга ёзган хатида келтирилган иддаоларни Озодлик билан 11 ноябрь кунги суҳбатда ҳам такрорлади.

Асилбек Дуйсеновнинг айтишича, унинг мамлакат президентига 2019 йилнинг 23 августида ёзган шикоят хатига яқинда жавоб хати келган, бироқ хатда шикоятда тилга олинган "фактлар тасдиқланмагани" айтилган.

Корхонада фақат бир Абдуллаев

Озодлик 11 ноябрь куни Тўрткўл туман газ таъминоти корхонаси бошлиғи Аъзам Абдуллаев билан ҳам боғланди. 2018 йил апрелидан буён тумангазни бошқариб келаётган 39 яшар Аъзамжон Абдуллаев депутатнинг шикоятида тилга олинган ҳар бир қариндоши бўйича маълумот берди.

Абдуллаевнинг айтишича:

унинг отаси Эркин Хусинбаевич нафақага чиққан ва шу кунда “Тўрткўлтумангаз”да ишламайди;

укаси Акбар “Тўрткўлтумангаз”да 2010-йилдан диспетчер лавозимида иш бошлаган, 2012-йилдан буён “Авторанспорт” филиалида шофёрлик қилади;

куёви Файзулла “Тўрткўлтумангаз”да 2008-йилда ҳайдовчи сифатида иш бошлаган, ҳозир ҳам шу иш билан банд;

Аъзам Абдуллаевнинг айтишича, унинг яқинлари туман газ корхонасига у бошлиқ бўлмасидан олдин ишга кирган.

Тумангаз раҳбари Аъзам Абдуллаев бошқа қариндошлари тўғрисида ҳам Озодликка шунга ўхшаш маълумотлар тақдим этди. Бошлиқнинг айтишича, оталиқ корхона - “Шимолгазтаъминот” вакиллари депутатнинг шикояти юзасидан текширув ўтказган ва унда келтирилган даъволар тасдиғини топмаган.

Озодлик Нукусда жойлашган “Шимолгазтаъминот”га қўнғироқ қилиб, текширув ўтказган мулозимлар билан боғлана олмади.

Аъзам Абдуллаевнинг жавобини эшитгач, Озодлик унинг устидан шикоят қилган депутат Дуйсенов билан яна бир марта боғланди. Дуйсенов “Абдуллаевнинг жавоблари менинг сўзларимни исботлаб турибди”, деди.

Озодликда депутатнинг ҳам, тумангаз бошлиғининг сўзларига ҳам ишонмасликка асос йўқ.

Манфаатлар тўқнашуви нима?

Тошкентлик ҳуқуқшунос Илҳом Султоновнинг айтишича, битта корхона раҳбариятида битта оила-аъзолари ёки яқин қариндошларнинг тўпланиб қолиши “манфаатлар тўқнашуви”нинг кўринишларидан биридир.

Ҳуқуқшуносга кўра, “Манфаатлар тўқнашуви” тушунчасига қонунда мана бундай изоҳ берилган:

“Манфаатлар тўқнашуви шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.

Ҳуқуқшунос бу масалани тартибга солувчи ҳужжатлардан бири сифатида “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни тилга олди.

2016 йилнинг 16 мартида президент Мирзиёев имзолаган мазкур қарорга илованинг “Манфаатлар тўқнашуви” деб аталувчи III банди, 14 моддасида мана бундай дейилган:

  • "Давлат хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак.
  • Манфаатлар тўқнашуви давлат хизматчиларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.
  • Давлат хизматчиларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.
  • Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда давлат хизматчилари ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак".
  • Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

Манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган бундай талаблар, ҳуқуқшунос Илҳом Султоновнинг айтишича, 2017 йилнинг 3 январида президент имзолаган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда ҳам назарда тутилган.

Депутат сўрови

Тўрткўллик депутат Асилбек Дуйсенов 11 ноябрда Озодликка яна бир ҳужжатни – тумангаз раҳбари Аъзам Абдуллаевга 2019 йилнинг 2 майида йўллаган депутатлик сўрови нусхасини тақдим этди. Нафақат тўрткўлликлар, балки суюлтирилган газ ёқувчи барча ўзбекистонликларни қизиқтирадиган саволлар акс этган бу сўровга, депутатнинг айтишича, у ҳануз жавоб олмаган. Қуйида ўша ҳужжат билан танишишингиз мумкин:

Асилбек Дуйсеновнинг тумангаз раҳбарига йўллаган депутатлик сўрови.
Асилбек Дуйсеновнинг тумангаз раҳбарига йўллаган депутатлик сўрови.

XS
SM
MD
LG