Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:32

"Маънавият экспертизаси": Ўзбекча цензуранинг янги кўринишими?


Янги Ўзбекистон боғи. Иллюстратив сурат
Янги Ўзбекистон боғи. Иллюстратив сурат

11 ноябрь куни Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази, Ахборотлаштириш ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Миллий медиа бирлашмаси бундан кейин миллий медиа маҳсулотлар учун “Маънавият экспертизаси” жорий қилинишини маълум қилди.

Бу ҳақда Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов хабар берди.

"Бугун шиддатли даврда ахборотлар кўлами ва оқими кенг. Медиамакон замонавий, қизиқарли ва долзарб мавзудаги хилма-хил медиамаҳсулотлар билан тўлдирилмоқда. Лекин уларнинг барини ҳам сифат жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам миллийлигимизга мос ва хос, тарбиявий аҳамияти юқори деб бўлмайди.

Шу боисдан ҳам ёшлар тарбиясига ва миллий менталитетимизга раҳна солувчи медиамаҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш ва уларнинг софлиги, миллий ахлоқимизга мослик даражасини таҳлил қилиб бориш анча муҳим", – дейилади хабарда.

Блогер Аслиддин Камол Дубайда “Тошкент сўрови билан ушланган”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:54 0:00

Хабарга кўра, теле ва радиоканаллар, ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар, хусусан, сериал, мультфильм, кино, қўшиқ ва клиплар маънавий экспертизадан ўтказилади ва сўнг эфирга берилади.

Низомга мувофиқ, мутахассислар гуруҳи томонидан Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган маҳаллий ва хорижий медиа маҳсулотларнинг давлат сиёсати, миллий қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зидлиги, инсоний фазилатларга таҳдид солувчи аҳлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи ҳолатлар мавжудлиги тадқиқ этилади.

Маънавият ва маърифат маркази иддаосича, медиа маҳсулотларнинг ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга таъсири баҳоланади. Ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга раҳна солувчи медиамаҳсулотларнинг тарқалишига йўл қўйилмайди.

Расмийларга кўра, ҳозирнинг ўзида мазкур меъёрларга мос бўлмаган медиа маҳсулотлар, сериаллар, клип ва турли блогерлар томонидан тайёрланган видеолар мавжуд ва уларнинг келажакда оммага тақдим этилишига йўл қўйилмайди.

"Ортга кетиш"

Ўзбекистон Конституцияси ва сўз эркинлигига доир бошқа қонун ҳужжатларида ҳеч қандай цензурага йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли, журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, шундоқ ҳам қонуний таъқибларда порнография ва ахлоқсизликка оид нормативлар, уларни таъқиқлаш шартлари мавжуд.

“Агар ташкил этилаётган “Маънавий экспертиза” бўйича идора хулосаси ижодий маҳсулотлар учун тавсиявий характерга эга бўлиб, жавобгарлик ёки материалнинг тўхтатиб қўйилишига олиб келмаса, буни тушуниш мумкин. Аммо сўз эркинлиги масаласидаги рейтингларда тобора пастлаётган Ўзбекистонда бу каби қонунга зид бўлган нормативлар цензура ўрнатса, бундай меъёрий ҳужжатларни Конституциявий суд дарҳол бекор қилиши лозим.

Шундоқ ҳам диний адабиётлар учун экспертиза амалиёти жорий қилинган. Бугун маънавият, эртага бошқа бир экспертиза кўринишидаги цензуралар чиқса, сўз эркинлиги масаласида ортга кетиш бўлади”-дейди Ташанов.

Мирзиёев ҳали ҳам блогерларнинг “орқасида"ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:57 0:00

Адвокат Озод Жўрабоевга кўра, бу масаладаги ечимни медиа маҳсулотлар истеъмолчиси ўлароқ аудитория ва томошабиннинг ўзи топиши керак. Ҳатто хорижий медиа маҳсулотларга ҳам бу хилдаги миллий, аҳлоқий меъёрларнинг татбиқ этилиши ўта мантиқсизликдир.

“Қарорлар умуммажбурий бўлиши учун норматив белгиланган тартибда Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтиши лозим. Ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам, стандартлар халқаро ва маҳаллий қонунчиликка кўра, ихтиёрий қўлланиши ва бу истеъмолчи томонидан танланиши керак”, дейди ҳуқуқшунос.

Журналист Илёс Сафаровнинг фикрича, маънавият экспертизаси "маънавият лупаси орқали қаралган 6-7 йил аввалги даврни эслатмоқда":

“Ўзбекистонда медиа маҳсулотларни маънавият чиғириғидан ўтказиш ғояси кишида чуқур хавотир уйғотмай қолмайди. Аввало маънавиятнинг ўзи ўта субъектив, ноаниқ ва ҳар бир инсон учун ўзига хос тушунча эканини яхши тушунамиз.

Бунда медиа маҳсулотларга ким, қандай қолиплар билан ўлчов қўйиши - бир савол. Иккинчидан, хорижий медиа маҳсулотларини нима қиламиз? Улар ҳам энди ўзбекча маънавият тўридан ўтадими? Уларни ҳам ўзимизга мослаб чиқазамизми ёки малакатда хорижий медиа маҳсулотлар намойишини буткул тўхтатамизми?”, - дейди Илёс Сафаров.

Маънавият ва маърифат марказининг баёноти тармоқларда танқидга учраши ортидан 12 ноябрь куни тушдан сўнг Марказ бу борада баёнот билан чиқди.

Унга кўра, ушбу ташаббус сўз эркинлиги ва ижодий фаолиятга мутлақо таъсир қилмайди. Аксинча, бу ўринда "миллий ўзликни асраш масаласи устувор"дир.

Охирги бир йилда Ўзбекистонда ўндан ортиқ блогер ва тармоқ фаоллари таъмагирлик ва президентни ҳақорат қилиш айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Расмийлар блогерлар касбий фаолияти учун эмас, балки аксар ҳолларда иқтисодий ва молиявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилганини урғулашади.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган ой эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистонда 2023 йилда инсон ҳуқуқлари вазияти сезиларли даражада ёмонлашганини қайд этган.

Ташкилотга кўра, йил давомида блогерлар ва журналистларнинг жиноий таъқиб этилгани мамлакатдаги сўз ва фикр эркинлигига жиддий зарба берган.

Ўзбекистон ўтган йили “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича рейтингида 2023 йилгидан 5 поғонага пастлаб, 137-ўринга тушган. Мамлакатда матбуот эркинлиги аҳволи “қийин” дея баҳоланган.

Форум

XS
SM
MD
LG