Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:17

Мактаблардаги зўравонлик: “Эти сизники, суяги бизники”ми?


Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг калтакланиши тизимли муаммо экани айтилади. Видео скриншоти.
Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг калтакланиши тизимли муаммо экани айтилади. Видео скриншоти.

Самарқандлик уч фарзанднинг онаси мактаб ўқитувчисини 10 ёшли фарзандини "аёвсиз калтаклаганлик"да айбламоқда.

Озодликка келган 7 дақиқалик видеода она мактаб муаллими ўғлини толнинг шохчаси билан савалаганини иддао қилади.

Ҳодиса Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги 53- сон мактабда 22 сентябрь куни содир бўлган.

Исми очиқланмаслигини сўраган она ҳодиса тафсилотларини Озодликка сўзлаб берди.

“Синфда ҳаммани олдида болачамни шунақа урган, думбаси кўкариб, қорайиб кетган. Толни шочаси билан урган. Охирги кунларда болам мактабга боргиси бўлмай юрувди, билсам, урар экан. Мактаб раҳбариятига бу ҳақда айтдим, ҳеч ким эътибор ҳам бермади. Урган синф раҳбари мактаб раҳбари муовини ҳам-да. Шунга мактабдагилар гапимга парво қилишмаяпти” , - дейди калтакланган боланинг онаси.

Озодлик ўқувчиларни калтаклагани иддао қилинаётган ўқитувчининг уяли телефонига боғланди.

Суҳбат бошида шахсини тасдиқлаган эркак Озодлик саволини эшитгач, бошқа жойга қўнғироқ қилдингиз, деб телефонни қўйиб қўйди.

Кейин унга қайта боғланиб бўлмади.

Озодлик онанинг бу иддаоси юзасидан Халқ таълими вазирлиги Самарқанд вилоят Оқдарё тумани бошқармасига ҳам мурожаат қилди.

Бошқарманинг маънавият ишлари бўйича масъул ходими Ҳиммат Бўлаков болаларни калтаклаган ўқитувчига чора кўрилганини айтди.

“Мени ўзим шуғулландим. Чиндан ҳам шунақа бўлган экан. Ҳозир у ўқитувчи мактабда ишламайди”, - дея гапни қисқа қилди Бўлаков.

Озодлик суҳбатлашган 53- сон мактаб мактаб муаллимларидан бири эса, ҳамкасбини ҳимоя қилди:

“Сиз айтаётган ўқитувчи жуда тарбияли бола. Озгина тартибга чақирган бўлиши мумкин, атайлаб қилмайдику буни?!“, - деди исми очиқланмаслигини сўраган муаллим.

Оқдарёдаги холат Ўзбекистон мактабларида сўнгги бир ҳафта ичида рўй берган Озодликка маълум иккинчи зўравонликдир.

Ўтган хафта Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчи ўз ўқувчиларини ураётгани акс этган видео тармоқларда тарқалган эди.

Тизимли муаммо

Ўзбекистон мактаб ва коллеж талабалари ҳамда болалар боғчалари тарбияланувчиларининг ўқитувчи-муаллимлар томонидан калтакланиши ноодатий ҳодиса эмас.

Мактабларда жисмоний зўравонлик, болаларни уриш, тепиш, чимчилаш ёки бошқа йўллар билан уларни жазолаш тизимли муаммолардан экани айтилади.

Шу йилнинг май ойида Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидаги мактабнинг 11-синф ўқувчиси Элёр Абдураупов мактаб директори ва унинг ўринбосари томонидан калтакланганини айтиб, Озодликка шикоят қилганди.

Бир ой ўтиб, мактаб раҳбарлари ўқувчига енгил тан жароҳати етказганлик ва уни ҳақорат қилганликда айбдор деб топилиб, ҳар бири 245 000 сўмдан жаримага тортилган.

Ўтган йили Хоразм вилояти Хазорасп тумани Питнак шаҳридаги 3-сон ўрта мактабнинг 6-синф ўқувчиси Достон Султонов "Миллий истиқлол ғояси фани"дан дарс берувчи ўқитувчиси калтаклаб, тан жароҳати етказгани ҳақда Озодликка шикоят қилган эди. Ҳодисадан бир ҳафта ўтиб, ўқитувчи ишдан олинганди.

Икки йил аввал эса, Хоразм вилояти Боғот туманидаги спорт мактаб интернати спорт мураббийси эса март ойида ўқувчини уриб комага туширгани ортидан жазога тотилган эди.

Спорт мураббийси қасддан ҳаёт учун хавфли бўлган шикаст етказишда айбдор деб топилди ва уч йилга қамалди.

Бола яқинларининг Озодликка билдиришича, 2018 йилнинг 20 сентябрь куни калтаклангани ортидан комага тушган 5- синф ўқувчиси 3 ой давомида кома ҳолатида касалхонада ётган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тасарруфида мактаблардаги зўравонлик ҳолатлари ҳақида статистик маълумотлар бор-йўқлиги маълум эмас.

Озодлик вазирлик матбуот котиби Лайло Рустамовага бу ҳақда юборган ёзма сўровига жавоб ололмади.

“Эти сизники, суяги бизники”ми?

Озодлик суҳбатлашган нафақадаги педагог Фазилат Рўзиева мактабларда “ўқувчиларни уриб ўқитиш” усули кенг тарқалганлигини айтади.

Унинг сўзларига кўра, баъзи мактабларда уриш қаттиққўллик сифатида қаралиши ва буни ота-оналар ҳам маъқуллаши ачинарли.

“Ўқувчиларни уриш Совет давридан бери бор аслида. Ҳозир телефон, интернет деган нарсалар чиқиб кетиб, бу холатлар кўриниб қоляпти. Сал чертиб қўйса ҳам интернетга чиқаришяпти. Афсуски, баъзи мактабларда уриб ўқитадиган ўқитувчиларга қаттиққўл, талабчан деб қаралади. “Гўшти сизники, суяги бизники”, деб бунақа “қаттиққўллик”ни маъқуллайдиган ота-оналар ҳам бор. Лекин мен уришга қаршиман. Урмасдан ҳам болани тартибга чақирса бўлади. Аслида малакасиз ўқитувчилар уради. Шунақа ўқитувчилар ҳам борки, бир қараши билан болаларни тартибга чақира олади. Ҳамма нарса мактаб раҳбариятига боғлиқ. Болаларга зўравонлик қилиняптими, бунга шу мактабнинг раҳбари масъул аслида”, - дейди тошкентлик муаллима.

Ўзбекистонлик таниқли блогер Ақида Ханум мактаблардаги зўравонликларнинг "миллат генофондига ёмон таъсири" ҳақида гапиради.

“Камситиш, зўравонлик, қўл кўтариш каби ҳолатлар бўлаётган мактаблардан келажакда кимлар етишиб чиқиши мумкин? Билим масканларида бўлаётган зўравонликлар, камситишлар, бу ерда нафақат болалар, балки муаллимларга ҳам қўл кўтарилаётгани, устидан кулиб, мазаҳ қилишлар бўлаётгани - миллатнинг бўладигани бўлиб бўлди, келадиган жойига келиб бўлди, дегани эмасми? Ёмон нарса бу жудаям. Эртага кимларнинг қўлида қолиб кетади миллат. Жоҳилларнинг қўлида қоладими?, - дейди Ақида Ханум Озодлик билан суҳбатда.

"Зўравонлик зўравонликни туғдиради"

Айни пайтда Ўзбекистон мактабларида ўқитувчиларнинг ўқувчиларнинг ота - она ёки қариндошлари томонидан дўппосланиш ҳолатлари ҳам кенг тарқалган.

Шу йил апрелида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида “2” баҳо қўйган ўқитувчи ўқувчининг акаси томонидан калтаклаганди.

Кейинчалик “2” баҳо олган ўқувчининг онаси мактаб директорининг маънавий- маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаши ўртага чиққан.

Қашқадарёнинг Касби туманидаги 50-сон мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Лобар Эргашева ўқувчисига дакки бергани учун унинг қариндошлари томонидан калтакланганини иддао қилган.

Баъзи ҳолатларда мактаб ўқувчилари ўз тенгдошлари тарафидан зўравонликка учрайди.

Маҳаллий матбуот ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига таяниб, мактаб ўқувчилари орасида пичоқбозлик ҳолатлари кўпайганига эътибор қаратган.

Шу ҳафта ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ мактаб ўқувчилари ўзаро жанжаллашаётгани тасвирланган видео тарқалди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълумотига кўра, жанжал иштирокчилари 94 -сонли умумтаълим мактабининг 9-10 -синф ўқувчилари ва 145 -сонли умумтаълим мактабининг 9 -синф ўқувчилари бўлган.

Можаро Телеграм орқали ёзишмаларда бошланган, лекин кейинчалик болалар масалани шахсан ҳал қилишга қарор қилишган.

Таълим соҳаси мутахассисларига кўра, зўравонлик ёки болага жисмоний куч ишлатиш уларнинг руҳий саломатлиги ва билимларни ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатади.

Руҳшунослик фанлари номзоди, педагог Маҳмуд Йўлдошевнинг айтишича, зўравонлик зўравонликни туғдиради.

“Болани калтаклаш дахшат фожиаларга олиб келади. Шахсларнинг руҳиятига таъсир қилади. Мактабда таёқ еган бола кўчага чиқиб, бировни уришга ҳаракат қилади. Зўравонликка зўравонлик, кейин қамоққа кетади. Бу бир-бири билан боғлиқ. Ҳеч бир инсон ўз боласини эски замондаги каби гўшт деб атамаслиги, "эти сизники, суяги бизники", демаслиги керак. 21-асрда одам онг билан яшаши керак. Ўқувчи - илм излайдиган одам, унинг калласи кўза эмас. "Калласи шам, уни ёқинглар" дейилган, у билим излаб кетсин”, - дейди Муҳмуд Йўлдошев.

ЮНЕСКО ташкилоти дунё давлатларини мактабларда зўравонлик ва қўрқув муҳитини бартараф этишга чақириб келади.

"Ўжар, қулоқсиз ва тажовузкор"

Мутахассислар Ўзбекистондаги таълим муассасалари ва умуман мактаб ёшидаги болалар орасида зўравонлик ҳолатларининг кучайишида ташқи миграция ёки ота-оналарнинг оммавий равишда меҳнат муҳожирлигига кетиши асосий омиллардан эканини айтишади. Бирлашган Миллатларнинг болалар жамғармаси - ЮНИСЕФ ўтказган тадқиқотга кўра, ота-оналари узоқ муддат меҳнат муҳожирлигига кетган ёш болалар "кўпинча ўжар, қулоқсиз ва тажовузкор бўлиб қолишади, бу айниқса улар ота-оналарини соғинишганда кўзга яққол ташланади. Уларнинг 37 фоизига яқини ўз ғазабларини ака-ука ва опа-сингилларига йўналтирсалар, 18 фоизи эса катталарга нисбатан қўпол муносабатда бўлишади".

Ўтган йили майида эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, ЮНИСЕФ сўровида қатнашган болаларнинг 7 фоизга яқини уларнинг ота-оналари сафарга кетганларидан сўнг васийлар томонидан қўлланиладиган жисмоний жазолар уларнинг кайфиятининг янада тушишига сабаб бўлишини айтган.

ЮНИСЕФга кўра, ота-оналарнинг оммавий равишда меҳнат муҳожирлигига кетиши уйда қолган фарзандларининг моддий аҳволини яхшилаган, аммо руҳий-ҳиссий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган.
ЮНИСЕФга кўра, ота-оналарнинг оммавий равишда меҳнат муҳожирлигига кетиши уйда қолган фарзандларининг моддий аҳволини яхшилаган, аммо руҳий-ҳиссий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган.

"Зўравонлик болаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади, билим олиш қобилиятини пасайтиради, дарсларга қатнашларини камайтиради, ўз-ўзини ҳурмат қилиш даражасини тушириб юборади, ҳиссий стресс ва тушкунликни келтириб чиқаради, баъзида қасддан ўз-ўзига зарар етказишга ундайди", дейилади ЮНИСЕФ тадқиқотида.

Ўзбекистондаги таълим расмийлари эркак ўқитувчиларнинг меҳнат муҳожирлигига кетиши мактабларда таълим ва тарбияга салбий таъсир кўрсатганини айтишган, аммо бу хулоса қандай тадқиқотга асослангани номаълум.

Халқ таълими вазирлиги мактабларда ўқувчиларнинг калтакланиши билан боғлиқ ҳодисаларни шарҳламаган. Бу борада бирон жиддий тадқиқот ўтказилгани ҳам маълум эмас.

XS
SM
MD
LG