Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:39

Суд ҳукмига қарамай мактаб директори вазифасида қолаётган аёл эрини пичоқлаганликда гумонланмоқда


Қўқон шаҳридаги 33- умумтаълим мактаби
Қўқон шаҳридаги 33- умумтаълим мактаби

Қўқон шаҳридаги 33-умумтаълим мактаби директори Шоира Муратова 2 июнь куни кечаси эри Рустам Муратовни пичоқлаганликда гумонланмоқда. Қўқон шаҳар ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади: Врачлар Муратовнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими мулозими 8 июнь куни Озодлик мухбири саволига жавобан бундай деди:

"Ҳа, бу воқеа 2 июнь куни кечаси бўлган. Эр ўлмаган, касалхонага ётқизилган. Ҳозир бу иш юзасидан суриштирув олиб борилмоқда. Бошқа тафсилотларини айта олмайман", деди мулозим.

Қўқон шаҳар халқ таълими бўлимининг юристи Қосимхон Жалилов ҳам мазкур ҳодиса юзасидан идорада суриштирув олиб борилаётганини Озодликка айтди:.

"Ҳозир мен ички ишлардан Шоира Муратовага нисбатан жиноий иш қўзғатилдими ёки йўқми, қўзғатилган бўлса, қайси модда бўйича, шуни аниқлаяпман. Халқ таълим бўлими ҳозир бу масалани ўрганяпти, кейин хулоса беради”, деди Қосимхон Жалилов 7 июнь куни.

Қўқон шаҳар тез тиббий ёрдам касалхонасидан Озодлик олган маълумотга кўра, Рустам Муратов 2 июнь куни кечқурун қорнидан ўткир тиғ билан жароҳатланиш ташхиси билан қабул қилинган ва унга енгил жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Исми сир қолишни сўраган шифокорнинг айтишича, эртаси куни соат 18да Рустам Муратовни яқинлари уйига олиб кетган.

Мактаб ўқитувчиларидан бирининг айтишича, Муратовлар оиласидаги жанжал педагоглар орасида хавотирга сабаб бўлмоқда.

“Эри оғир аҳволда Қўқон шаҳар тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказига олиб келинган. Шифохонага зудлик билан шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Комил Бобожонов етиб келган. У воқеани ўрганиб, вилоят халқ таълими бошқармаси мудири Маъруф Турдиматов ва шаҳар халқ таълими бўлими мудири Равшан Расуловларни чақиртирди. Расмийлар воқеани бости-бости қилишлари ҳам мумкин”, дея иддао қилди ўқитувчи.

Озодликда оилавий жанжал нимадан келиб чиққани ҳақида маълумот йўқ.

Шоира Муратованинг ўзи Озодликнинг "Эрингизни нега пичоқладингиз?" деган саволини эшитиб, ажабланмади ва дарҳол қуйидаги жавобни берди:

"Ҳеч қанақа унақа воқеа бўлмаган. Кечирасиз, менинг сиз билан гаплашадиган гапим йўқ",- деди Шоира Муратова.

Исми ошкор этилишини истамаган айрим ҳамкасбларининг Озодликка маълум қилишича, 2 июнь кунги оилавий можароси, боз устига ундан олдин чиққан суд ҳукмига қарамасдан 44 яшар Шоира Муратова мактаб директори сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.

Директор аввал қандай жиноятда айбланган эди?

Озодлик билан суҳбатлашган 33 - мактаб ўқитувчилари шу йили бюджет маблағларини талон-тарож қилишда айбланиб, судга тортилганидан кейин ҳам Муратованинг директорлик лавозимидан бўшатилмагани ўзлари учун жумбоқ бўлиб қолаётганини айтишмоқда.

Мактаб ўқитувчилари Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судлов ҳайъатининг Шоира Муратова апелляцияси бўйича чиқарган ажрими нусхасини Озодликка тақдим қилди.

Суд ажримидан нусха
Суд ажримидан нусха

Унда ёзилишича, Шоира Муратова Қўқон шаҳар судининг 22 январдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-, 209-, 59-, 45- моддалари билан айбланиб, бир йил мансаб лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган.

Суд ажримидан нусха
Суд ажримидан нусха

Шоира Муратова суднинг бу ҳукмидан норози бўлиб, юқори инстанция судига апелляция шикояти ёзган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судлов ҳайъатининг жорий йил 24 мартида чиқарган ажримида, “Судланган Ш.Муратованинг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир этганликдаги айби, ўзининг судда айбига иқрор бўлиб берган кўрсатмасидан ташқари, фуқаровий даъвогар, гувоҳларнинг кўрсатувлари, шунингдек текшириш далолатномаси ва бошқа далиллар билан исботланган"и айтилади.

Ажримда ёзилишича, “иш ҳолатига кўра, Ш.Муратова бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб, мансаб мавқесини суиистеъмол қилиб, бюджет маблағини растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилган".

Лекин, судлов ҳайъати Шоира Муратова ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни биринчи бор содир этгани, чин кўнгилдан пушаймон бўлгани, жиноятни очишда фаол ёрдам бергани ва етказилган зиённи қоплагани учун ундан 167-моддани олиб ташлайди ва бошқа моддаларни ўз кучида қолдиради.

Гарчи суднинг март ойида чиққан бу ажримида Шоира Муратова 1 йил мансаб лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса-да, у директорлик фаолиятини давом эттирмоқда.

Қўқон шаҳар халқ таълими бўлимининг юристи Қосимхон Жалиловга кўра, ​Шоира Муратованинг ишда қолиш-қолмаслиги масаласи муҳокама қилинмоқда.

"Инсонга пичоқ кўтарган педагог мактабга директор бўлиши нотўғри, албатта", - Қосимхон Жалилов

XS
SM
MD
LG