Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:26

GM Uzbekistan билан ишлаган ширкатларда ëппасига текширув бошланди


GM Uzbekistan биноси
GM Uzbekistan биноси

Ўзбекистонда GM Uzbekistan иши бўйича кенг қамровли текширувлар бошланганини айтган Озодлик манбалари¸ тафтишлар автомобиль ишлаб чиқариш саноатига билвосита алоқаси бор ширкатларда ҳам олиб борилаëтганлигини таъкидлади.

Озодлик манбаларининг айтишича, юзлаб терговчи сафарбар қилинган бу текширувлар боис GM Uzbekistan корхоналари фалаж hолга келган.

Ўзбекистонда GM Uzbekistan иши бўйича ширкат бош директори Тоҳир Жалиловдан ташқари яна камида 10 одам ҳибсга олингани ортидан “Ўзавтосаноат” бошқарув раиси¸ Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Рўзиқуловнинг ҳам терговга чақирилгани ҳақида Озодлик манбалари ўз тасарруфидаги маълумотларга таяниб билдирди.

Озодликнинг “Ўзавтосаноат” корхонасидаги манбаси конвейер тўхтаганини тасдиқлади ва “автомобиль заводи фаолияти тўхтатилиши вақтинча ҳолатлигини урғулади:

- Ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатиш бу ҳар йилги профилактика ўтказиш масаласи билан боғлиқ¸ бу тўхташнинг тафтишлар даврига тўғри келгани тасодифдир¸ кейинги ойга бориб завод тўлиқ қувват билан ишга тушади¸ деди “Ўзавтосаноат” корхонасидаги Озодлик манбаси.

Озодликнинг бошқа манбаси эса¸ GM Uzbekistan ширкатининг Асакадаги заводида ишлаб чиқариш деярли тўхтатиб қўйилганини кенг кўламли тафтишлар билан изоҳлади:

- Асакадаги завод тергов идорасига айланди. Встречний (криминал схемага алоқадорлик) сўроқ билан янги ва янги одамлар сўроқ қилинаяпти. Масалан¸ заводга пластик жихоз ясаб берадиган ширкат раҳбари сўроқ қилинди. У ўз навбатида яна бир поставшик номини айтади. Встречний билан ўша поставшикка чиқилади. Мен билганим¸ ўнта терговчи ишлаяпти¸ дейди бу манба.

Айни манбага кўра¸ GM Uzbekistan ширкатига бутловчи жиҳозлар тайëрлаган ширкатларга етказилган товар ва хизматлар учун ўз вақтида пул тўланмагани ҳам терговчилар тарафидан “криминал схеманинг бир қисми” дея малакаланган.

- Масалан¸ бизнинг ширкат бензин насос учун шланг етказиб берарди. GM Uzbekistan январдаги поставка учун ҳали пул ўтказиб бермади. Катта ширкатку ¸ бир куни ўтказиб берар пулини¸ деб ўйлаганмиз. Ҳозир З. М исмли бошлиғимизни терговга чақириб¸ нега қарзингни қистамадинг¸ деб тириштирмоқда¸ дейди Озодлик манбаси.

Тергов давом этаëтган айни кунларда Озодлик электрон почтасига GM Uzbekistan ширкатига бутловчи жиҳозлар етказадиган ширкатлардаги қаллобликлар ҳақида иддаоли маълумот етиб келди.

Бу маълумотда Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев қариндошларининг GM Uzbekistan ширкатига “авторадио етказиб бериш билан боғлиқ қаллобликлар” қилгани иддао қилинади.

Бундан аввалроқ Солиқ қўмитаси раиси¸ генерал-лейтенант¸ Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг қудаси Ботир Парпиевнинг GM Uzbekistanдаги жиноий схемаларга алоқаси борлигини Uzmetronom Интернет нашри ҳам иддао қилган эди.

Озодликка келган маълумотда иддао қилинишича¸ “парпиевларга оид Андижон Ирмаш заводида ишлаб чиқарилди дея расмийлаштирилган¸ аммо аслида Малайзиядан сотиб олиб¸ айланма йўллар билан бож тўловларисиз Андижонга келтириб яширин цехда йиғилган артефакт маҳсулотлар GM Uzbekistan ширкатига етказиб турилган”.

Озодлик бу маълумотни расман тасдқиқловчи ҳужжатга эга эмас.

100 миллион доллар сармоя қумга сингдими?

GM Uzbekistan 2016 йил май ойида янги Chevrolet Aveo моделини ишга ишлаб чиқаришни бошлаши лозим эди.

Янги T250 платформа асосида ясаладиган автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун корхонага 104,2 млн доллар инвестиция киритилгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистон вазирликларидан бирида ишловчи Озодлик манбасининг айтишича¸ шу кунларда терговчилар бу сармоя тақдири билан ҳам қизиқмоқда.

Иддао қилинишича¸ бу “сармоя” айланма йўллар билан “оффшор” даги банкларга ўтказиб юборилган.

“Ўзавтосаноат” бошқарув раиси ва Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Рўзиқуловнинг терговга чақирилгани ҳам T250 платформа асосида ясаладиган автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун олинган 104,2 млн доллар маблағ билан боғлиқ¸" деди Озодлик манбаси.

Бундан ташқари корхонада ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt, Lacetti, Gentra¸Malibu, Matiz ва Spark каби 12 моделдаги автомобиллар учун олинган сармояларнин ҳам мақсадли ишлатилмагани борасидаги иддаолар ўртага чиқди.

Қуëши ботган автосаноат

Озодликнинг Ўзбекистон вазирликларидан бирида ишловчи манбаси ëзишма пайтида поетик ташбеҳ қўллади.

“ Мен “Ўзавтосаноат” идорасини UzDaewoo давридан биламан. Эсласангиз¸ Daewoo машинаси значогида чиқаëтган қуëш расми бор эди. Daewoo сўзи ҳам "қуëш чиқиши" деган маънони билдиради. Бугун эса ўзбек автосаноатининг қуëши ботаяпти. Коррупцион схемалар бу саноатни чўктирди. Афсус¸ хорош был малый “ дея ëзғирди Озодлик манбаси.

Воқеа тарихчаси

2010 йилдан бери ўзбек автоконцернини бошқараëтган ва айни пайтда "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик ширкати бошқарув раиси ўринбосари бўлган Тоҳиржон Жалилов товламачилик йўли билан ширкат пулларини ўзлаштирганликда гумонланиб ўтган ҳафта ҳибсга олинди.

Озодлик манбаларига кўра, Жалилов GM Uzbekistan корхонаси ишлаб чиқарган машиналарни Россияга эскпорт қилишда ноқонуний схемалар ёрдамида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганликда гумонланмоқда.

Бу маълумотларда иддао қилинишича¸ Жалилов “Россияга жўнатилган автомобилларни криминал схема асосида сотган ҳамда пулларни оффшор банкларга ўтказган”.

"Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик ширкатидаги Озодлик манбасининг таъкидлашича GM Uzbekistan Бош директори Жалилов “Россияга экспорт қилиниши лозим бўлган Ravon русумли машиналар билан боғлиқ криминал схема яратиб катта пул ишлаган”:

- Бу машиналар олдин қоғозда Россияга “экспорт” қилинган¸ аслида эса Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги отстойникка (машиналарни вақтинча сақлаш учун ташкил этилган майдон-таҳр.) вақтинча олиб бориб қўйилган. Кейин эса ими-жимида бу машиналар “реэкспорт” бўлиб (мамлакатга қайта олиб кирилиб-таҳр.), Ўзбекистонда қайта сотилган,- деган эди Озодлик манбаси.

Айтилишича¸ GM Uzbekistan собиқ раҳбари "Ravon" машиналари экспорти билан боғлиқ ноқонуний схемани ташкил этганликда айбланмоқда

Жалилов билан биргаликда бошқа мулозимлар устидан ҳам назорат тартибида тергов бошланган.

XS
SM
MD
LG