Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:59

Терговчи босими остида эксперт сохта хулоса берди. Терговдаги йигит ўз жонига қасд қилди


Абдураҳмон Отамуродов касалхонада
Абдураҳмон Отамуродов касалхонада

Қашқадарё вилоят, Косон туман, Бешқўтон маҳалласида яшайдиган 35 яшар Абдураҳмон Отамуродов 17 февралда ҳашаротларга қарши сепиладиган заҳарли дори ичиб, ўз жонига қасд қилди.

Касалхонада унинг ошқозони ювилиб, жони сақлаб қолинди.

Абдураҳмон Отамуродовга кўра, ИИБ ходимлари уни қилмаган жиноятни бўйнига олдириш учун қийноққа солгани, экспертиза сохта хулоса бергани, "жабрланувчи" томоннинг ҳадеб пул талаб қилиши ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган.

Абдураҳмон Отамуродов маҳалладоши Насриддин Донаевни уриб, кўзини кўр қилганликда айбланмоқда, унинг устидан жиноят иши очилган.

Аммо Абдураҳмон ва воқеа гувоҳлари бу айбловни кескин инкор этиб унга нисбатан жабрланувчи ва терговчи томонидан туҳмат уюштирилганини айтмоқда.

Насриддин Донаевни экспертиза қилган врач терговчи босими билан сохта хулоса берганини тан олди.

Косон тумани ИИБ терговчиси мазкур воқеа юзасидан тергов олиб борилаётганини айтди.

Ўз жонига қасд

Косон туманининг Бешқўтон маҳалласида яшайдиган Рашид Отамуродовнинг айтишича, комбайнчи бўлиб ишлайдиган 35 яшар ўғли Абдураҳмон Отамуродов унга нисбатан қилинган туҳмат ва ноқонуний очилган жиноят ишига чидай олмай, 17 февраль кечаси ўз жонига қасд қилган:

- Ўғлим ноҳақликларга чидаёлмай канага қарши сепиладиган заҳарли дори ичиб қўйган. Кечаси соат бирларда келин дод-вой қилиб қолди. Юрагим тушиб кетди. Кейин духтурга олиб бордик. Ошқозонини ювиб, тозалашди. Бир ўлимдан қолди.

Воқеа нимадан бошланган эди, гувоҳ нима дейди?

Абдураҳмоннинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган воқеа 2019 йилнинг 9 декабрида содир бўлган.

Воқеа гувоҳларидан бири, Холмурод Шодмоновнинг айтишича, улар тўрт ўртоқ: Абдураҳмон Отамуродов, Насриддин Донаев ва Мардон Муродов Косондаги чойхоналардан бирида тушлик қилиб, ароқ ичган:

Лекин уни ҳеч ким урмаган, соппа-соғ уйига кириб кетган эди.


- Соат уч яримларда маҳаллага таксида қайтдик. Биринчи бўлиб Насриддинни уйининг олдига туширдик, хайрлашиб уйига кириб кетди. Кейин Абдураҳмон ва Мардонни ташладим. Кечқурун эса шунақа гап бўлди, гўёки АбдураҳмонНасриддинни урган эмиш. Лекин уни ҳеч ким урмаган, соппа-соғ уйига кириб кетган эди. Кейин бир кун ўзидан сени ким қаерда урди деб сўрадим. Бир йўлда урди дейди, бир чойхонада урди дейди. Нима бўлса ҳам биз ташлаб кетгандан кейин уйида бўлган. Биз биргалигимизда ҳеч қандай жанжал бўлмаган. Чойхонада жанжал бўлганда эди одамлар кўрарди.

"Жабрланган" томон нима дейди?

Насриддин Донаевнинг телефони ўчиқлиги боис, у билан гаплашиб бўлмади.

Насриддиннинг акаси Низом Донаевнинг иддао қилишича, укаси қаттиқ зарб егани сабабли бир кўзи кўрмай қолган:

Кўзининг томири узилиб кетибди, энди уни олиб ташлаш керак экан.


- Укам ҳам аниқ билмайман, дейди. Булар биргаликда ичган, можаро қилган. Ўша зарбдан кейин ҳеч нарсани эслолмайди. Абдураҳмон урган бўлиши мумкин. Уч ойдан буён кўзини қаратамиз, Тошкентга ҳам бориб келди. Кўзининг томири узилиб кетибди, энди уни олиб ташлаш керак экан. Ногирон бўлиб қолди. Лекин, бир қишлоқданмиз, маҳаллачилик уларга даъвомиз йўқ деб ёзиб берганмиз.

"Менга нисбатан қуруқ туҳмат қилинди"

Озодлик 19 февраль куни касалхонада ётган Абдураҳмон Отамуродов билан суҳбатлашди.

Абдураҳмоннинг айтишича, у ўртоғи Насриддинни урмаган ва унга қилинган ноҳақ туҳмат сабабли ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлган:

Ўша куни уришганимиз, жанжаллашганимиз ҳам йўқ, биров бировга қўл ҳам теккизгани йўқ.


- Менинг ҳам икки болам бор. Мен ҳам яшашни истайман. Лекин Косонда адолат йўқ, ноҳақликка чидай олмадим. Насриддинни ургансан деб қуп-қуруқ туҳмат қилиб, мендан пул ундиришмоқчи бўлишяпти. Ўша куни уришганимиз, жанжаллашганимиз ҳам йўқ, биров-бировга қўл ҳам теккизгани йўқ. Чойхонада ўтирганимизда Насриддиннинг қариндоши Холмурод ҳам бор эди. Ўзи машинасида ҳаммамизни уй-уйимизга олиб келиб қўйди. Лекин участкавой Давлатов билан улар пул ундириш мақсадида бирга иш қилишяпти.

Абдураҳмонга кўра, 18 декабрь куни уни участка нозири Косон тумани ИИБга олиб бориб, икки суткага қаматтирган:

Тинмай товонимга дубинка билан савалаб туришди.


- Участковой Миржамол Давлатов ўзининг хонасига ҳам чақирмай, тўғри ИИБга олиб бориб қамаб ташлаяпти. Икки сутка кечаси билан Насриддинни урганингни бўйнингга ол деб мени тўкиб ташлашди. Тинмай товонимга дубинка билан савалаб туришди. Дод дедим, вой дедим, лекин раҳмлари келмади. Терговчилар Нодир Муродов, Бобур Тўраев, участковой Миржамол ва мен исмларини билмаган бошқа орган ходимлари навбатма навбат уришди. Лекин мен қилмаган ишимни бўйнимга олмадим.

Абдураҳмоннинг отаси "жабрланувчи" томонга 15 миллион сўм тўлаганидан сўнг, у қамоқдан чиқарилган. Лекин бу ҳолат бўйича унга (Абдураҳмонга) нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси, биринчи қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши очилган.

Нега Абдураҳмон ўз жонига воқеадан икки ой ўтиб қасд қилди?

Озодлик билан суҳбатда Абдураҳмон ўз жонига қасд қилиш сабабини бундай изоҳлади:

Тўйиб кетдим бу дунёдан. Бошим берк кўчага кириб қолди.


- Икки ойдан буён азобдаман. Уйда ҳеч нарса қолмади ҳаммасини сотиб, қариндошлардан қарз олиб, отам 15 миллион сўм қилиб гўёки жабрланувчига олиб бориб берди. У ўзи олганми ёки милисалар билан бўлишганми, билмайман. Молларимни сотдим, яна беш миллион сўм бир танишимизда қарзим қолган, ҳар куни сўраб келади. Бир ёқдан терговчи барибир сени қамайман деб дўқ қилади, бир ёқдан Насриддиннинг акаси яна 15 миллион сўм бер деб талаб қиляпти. Битта соғин сигирим қолди, болаларим сутини ичиб турибди, буни сотсам нима қиламан, деб шу ишга қўл урдим. Тўйиб кетдим бу дунёдан. Бошим берк кўчага кириб қолди.

Касаллик тарихи

Насриддин Донаев 9 декабрь куни кечқурун Қарши шаҳридаги кўз касалликлари шифохонасига мурожаат қилган.

Даволовчи врач Малоҳат Давронованинг Озодликка айтишича, у врачларга кўзимни хонтахта қиррасига уриб олдим деб айтган:

Кўзи, ҳамма нарсаси жойида эди, операцияга муҳтож ҳам эмасди, кўриш қобилияти бузилмаган эди.


- 9 декабрь куни мен навбатчи эдим. Соат чамаси ўнларда Донаев Насриддин келди. Кўзи бир қиррага уриб олингандай, майда қон томирчалари ёрилгандай бир ҳолат бор эди. Кўзга қаттиқ зарба берилмаган ёки қаттиқ жисм билан урилган ҳолатини кўрмадим. Биз кўзига керакли муолажани қилиб касалхонага ётқиздик. Кўзи, ҳамма нарсаси жойида эди, операцияга муҳтож ҳам эмасди, кўриш қобилияти бузилмаган эди. Давлат томонидан берилган дорилар билан даволаганман, унинг кўзига ортиқча харажат ҳам қилинмаган.

Врачнинг айтишича, Донаев тўрт кун ётганидан сўнг унга жавоб берилганда, касаллик тарихини алмаштириб беришни илтимос қилган:

Менга экспертиза хулосасини кўрсатишди. Бу хулоса умуман ҳақиқатга тўғри келмайди.


- Менга Насриддин Донаев историяни алмаштирайлик деб илтимос қилди. Мен қонунга хилоф иш қилолмайман, бор нарсани ёзиб берганман, дедим. У эса менга кўзимга уришган эди, деди. Мен унга сени кўзинг бир оз қирилган эди, ўзинг хонтахтага уриб олдим деб айтган эдинг, агар калтак еган бўлсанг кўзингни атрофларида қандайдир жароҳат излари бўлиш керак эди, бу йўқ эдику, деб айтдим. Кўзи яхши эди, кўриш қобилияти ҳам яхши эди, шунинг учун унга жавоб бердим. Менга экспертиза хулосасини кўрсатишди. Бу хулоса умуман ҳақиқатга тўғри келмайди.

Сохта экспертиза хулосаси

Воқеадан бир ой ўтганидан сўнг, 18 январь куни Косон тумани ИИБ терговчиси Бобур Тўраевнинг йўлланмаси билан Республика суд-тиббий экспертиза марказининг Қашқадарё филиали амбулатория бўлимида Насриддин Донаев суд-тиббий экспертизасидан ўтказилди.

Давлат суд-тиббий эксперти Элмурод Баротов Насриддин Донаевни тиббий экспертизадан ўтказиб, жуда оғир хулосага келган. Хулосадан парчани айнан келтирамиз:

“Фуқаро Н.Донаевнинг танаси касаллик тарихи маълумотларига асосланиб “чап кўз юқори қовоқ гематомаси, кўз олмасини оғир даражада чайқалиши, кўз олмасини ёрилган ички қаватларини ташқарига чиққан” кўринишидаги жароҳатлари аниқланди.

Мавжуд тана жароҳатлари оғирлик даражаси умумий меҳнат қобилиятининг салмоқли қисмини, яъни учдан биридан кўпроғининг (33 фоиздан) турғун йўқотилишига олиб келган ОҒИР шикасти гуруҳига киритилади”.

Насриддин Донаевга берилган эксперт хулосаси
Насриддин Донаевга берилган эксперт хулосаси

Эксперт хулосасида шифохонада қўйилган якуний ташхис ҳам қалбакилаштирилган:

“Шифохонада қўйилган якуний ташхис: чап кўз юқори қовоқ гематомаси. Кўз олмасини оғир даражада чайқалиши. Кўз олмаси ёрилган, ички қаватларини ташқарига чиққан жароҳати”, деб ёзилган экспертиза хулосасида.

Юқорида эса касалхона даволовчи врачи Малоҳат Давронова Насриддин Донаев шифохонадан соппа-соғ чиқиб кетганини айтган эди.

Насриддин Донаевга берилган эксперт хулосаси
Насриддин Донаевга берилган эксперт хулосаси

“Терговчи мени мажбур қилди”

Республика суд-тиббий экспертиза маркази Қашқадарё филиали амбулатория бўлими врачи Элмурод Баротов Озодлик билан суҳбатда Косон тумани ИИБ терговчиси Бобур Тўраев босими билан хато хулоса ёзганини тан олди:

Бобур Тўраев мажбур қилди, биз ҳам бошқармамиздан сўрадик, мажбур бўлдим қилиб бердим шуни, айб менда!


- Бу менинг айбим, менинг хатом. Одамзод адашадику, ё қўрқоқлик дейсизми, ё... одамзодни биласизку. Бобур Тўраев деган бир терговчимиз бор. Шу Донаевнинг историясини олиб келди. Донаев Насриддиннинг кўзини ҳам кўрдим, историясини ҳам, ҳеч тортмайди. Кейин мен йўқ, бўлмайди, бу оддий ҳолат деб айтдим. Биласиз энди. Бизларга улар қўполлашади, ҳаммамиз ҳам ички ишлардан қўрқамиз. Бобур Тўраев мажбур қилди, биз ҳам бошқармамиздан сўрадик, мажбур бўлдим қилиб бердим шуни, айб менда! Бошқа ҳеч нарса дея олмайман.

Расмий муносабат

Озодлик бу воқеани ўрганиш учун тўрт кун суриштирув ўтказди.

19 февраль куни Озодлик билан суҳбатда Косон тумани ИИБ терговчиси Бобур Тўраев Озодлик билан суҳбатда бундай деган эди.

- Донаев Насриддин мени кўзимга Абдураҳмон урди деб ариза берган. Абдураҳмоннинг ўз жонига нега қасд қилганлигини текшириб кўрамиз. Ҳозир тергов давом этяпти, тез кунда ҳал қиламиз.

Эксперт Элмурод Баротовнинг баёнотидан сўнг, Озодлик 21 февраль куни яна Бобур Тўраев билан боғланишга уринди. Терговчи бу сафар Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Косон тумани Бешқўтан МФЙ участка нозири Миржамол Давлатов унга нисбатан билдирилган иддаоларни инкор қилди:

- Жабрланувчи Донаев бирга ўтириб икки шиша ароқ ичдик, кейин кетишимизда Абдураҳмон мени кўзимга бир мушт урди, деб кўрсатма берган. Мен материалларни йиғиб терговга ўтказиб берганман. Ҳеч қандай туҳмат бўлмаган ва бошқа ҳолатларига ҳам аралашганим йўқ.

Нозирнинг айтишича, Абдураҳмон Отамуродов Ўзбекистон Жиноят кодекси 104 – моддаси, биринчи қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбланмоқда.

Бу моддага кўра, гумонланувчининг айби тасдиқланса, у уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

XS
SM
MD
LG