Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:37

"Пул сўраб турган қўл". "Tashkent city"да коррупцияга қарши монумент очилди


Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний президент Шавкат Мирзиёев билан "Tashkent city"даги коррупцияга қарши монументнинг очилиш маросимида. 19 декабрь, 2023 йил
Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний президент Шавкат Мирзиёев билан "Tashkent city"даги коррупцияга қарши монументнинг очилиш маросимида. 19 декабрь, 2023 йил

Тошкентнинг қоқ марказида коррупцияга қарши монумент ўрнатилди.

"Кафти очиқ қўл" - молу давлат фоний дунёда қолиб, боқий дунёга бўш қўл билан кетилишини англатувчи рамз.

Монументнинг очилиши Қатар амирининг Ўзбекистонга сафарига тўғри келди. Гарчи давлат ташрифи бўлмаса-да, Қатар амирини Тошкент аэропортида шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи кутиб олди.

Қатар амирининг ташрифи арафасида мамлакат бўйлаб собиқ вазир дохил ўнлаб амалдорнинг коррупцияда айбланиб ҳибсга олингани эълон қилинди.

Тошкент марказига ўрнатилган "Кафти очиқ қўл" - 12 метрлик метал конструкциядан иборат.

Расмий талқинга кўра, "қўл кўринишидаги композиция ҳалоллик, пок амал ва ниятларни, коррупцияга нисбатан тоқатсизликни, дунёнинг барча мамлакатларини унга қарши курашишда бирлашишга чақириқни англатади".

Монументга тиркалган лавҳга унинг, кичик харфлар билан Ўзбекистон халқи ва катта ҳарфлар билан президенти Шавкат Мирзиеёвга миннатдорлик рамзи сифатида ўрнатилгани айтилган.

"Коррупцияга қарши курашни ифодаловчи қўл кўринишидаги композиция".
"Коррупцияга қарши курашни ифодаловчи қўл кўринишидаги композиция".

Тошкент марказидаги монументни 19 декабрь куни Ўзбекистонга сафар қилган Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва президент Шавкат Мирзиёев биргаликда очиб берди.

"Коррупцияга қарши курашишга бағишланган ҳайкал пул сўраб турган қўлга ўхшаяпти", дея киноя қилди Телеграмдаги Troll.uz канали.

"Кулгили"

Ноодатий монумент учун танланган жой ҳам рамзий - "Tashkent city" халқаро ишбилармонлик маркази. Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг амалга оширган биринчи йирик лойиҳаси коррупцияга қўйилган монумент, дейиш мумкин. У коррупцияга доир кўпгина халқаро журналистик терговлар марказида бўлган. Лондондаги Central Asia Due Diligence тадқиқот ширкати раҳбари, сиёсатшунос Алишер Илҳомовнинг Озодликка айтишича, бундай монументнинг коррупция даражаси жуда юқори бўлган давлатда очилиши "кулгили".

"Иккинчидан, уни ўрнатиш учун - шаффоф эмас, деб танқид қилинган ва катта миқдорда пул ювиш амалиёти гумон қилинган Tashkent city танлангани ҳам кулгили. Ваҳоланки, ҳукумат бу айбловларга шу вақтга қадар айтарли эътибор қилгани йўқ. Яъни, ўзи коррупция ва пул ювиш рамзига айланган объектни шундай монумент ўрнатиш учун танлаганининг ўзи жуда шармандали танлов, деб ўйлайман”, - дейди Алишер Илҳомов.

"Tashkent city" қурилишига Тошкентнинг собиқ тадбиркор ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бош-қош бўлган. Аммо Озодлик Коррупция ва уюшган жиноятчилик бўйича суриштирув маркази билан биргаликда ўтказган журналистик тергови унинг инвесторлари орасида кенжа куёв Отабек Умаров орқали президент Шавкат Мирзиёев оиласига боғланган хитойлик уйғур бизнесмен Абдуқодир Ҳабибулла ҳам борлигини ўртага чиқарган эди.

Тошкентга 2018 йилдан бери ҳокимлик қилган Ортиқхўжаевнинг ўзи жорий йил бошида халқаро суриштирувлардаги коррупция иддаолари учун эмас, балки расман куз-қиш мавсумига яхши тайёргарлик кўрмагани учун ишдан олинган.

Қатар Амири ўз ташаббуси билан 2016 йилда таъсис этган бу мукофот ҳар йили таъсисчилар наздида коррупция курашчиси, деб эътироф этилган шахсларга берилади.

Қатар Яқин Шарқ давлатлари орасида халқаро коррупция индексида сўнгги пайтларда энг яхши натижалар кўрсатаётган давлат. Ўтган йилги индексда амирлик 180 давлат орасида 40 ўринни эгаллаган. Бу Ўзбекистондан 86 ўрин юқори демакдир. Аммо Қатар мутлақ монархия бўлгани важидан амир ва унинг оиласи қонундан юқори турадиган ҳолатлар кўп.

Бу жиҳатдан Қатар Ўзбекистонга ўхшаш. Ўзбекистонда ҳам президент мутлақ ҳокимиятга эга ва қонун устуворлиги тамойили у ва оила аъзоларига нисбатан амал қилмаслиги мумкин.

Озодлик аввалроқ эълон қилган суриштирув президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматдаги 20 дан ортиқ лавозимлар ва мамлакат иқтисодиётининг бутун бошли соҳаларини яқин қариндошлари ҳамда уларнинг назоратига берганини ўртага чиқарганди.

Озодлик суриштируви: Мирзиёев кластерига айланаётган Ўзбекистон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:10:20 0:00

Гарчи коррупция ва непотизм Ўзбекистон учун янги кўриниш бўлмаса-да, Озодлик суриштируви ижтимоий тармоқларни том маънода ларзага келтирди. Тармоқ фаоллари коррупциянинг миқёсидан ҳайратга тушганлари ҳақида ёзишди.

Ўзбекистон раҳбарияти эса, Озодлик суриштирувига бирон бир шаклда муносабат билдирмади.

Аммо ҳукуматнинг билвосита муносабати узоқ куттирмади. Президент ва оиласи атрофидаги коррупция иддаоларига муносабат билдирган тармоқ фаоллари ва блогерларга босимлар кучайди ва мунтазам тус олди. Улардан бир нечтаси қамоққа ташланди.

Йил охирига келиб, Тошкентда ўтаётган коррупцияга қарши кураш тадбирлари эса, аксар таҳлилчилар томонидан, ҳукуматнинг йил давомида ўз номига айтилган кескин айблов ва қатор журналистик суриштирувларга узоқ тайёргарлик билан ҳозирлаган беписандларча жавоби, деб баҳоланмоқда.

“Кейинги йилларда қатор журналистик суриштирувларда коррупцион можаролар ҳақида кўп ёзилди. Бош қурувчиси “Темир йўллари” бўлган ва бюжетдан қанча пул сарфлангани номаълум “Шоввозсой” қароргоҳининг қурилиши, Тошкент ва бошқа шаҳарларда норозиликка сабаб бўлган аҳоли уйларининг бузилиши, қурилиш соҳасидаги коррупция натижаси бўлган “Сардоба” сув омборидаги фалокат, олигарх Бахтиёр Фозиловга боғланган шубҳали келишувлар натижасида амалда катта коллапсга учраган газ сектори ва бошқа ҳолатлар бор. Бунақа монументлар ўрнатиш ўрнига, Ўзбекистон ҳукумати давлат миқёсидаги коррупцияни тугатиш билан амалда шуғулланишга киришса яхши бўларди”, - дейди таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Ҳибсга олиш ва коррупция айбловлари

Қатар амирининг ташрифи арафасида мамлакат бўйлаб собиқ вазир дохил ўнлаб амалдорнинг коррупцияда айбланиб ҳибсга олингани эълон қилинди.

Жумладан, Қишлоқ хўжалиги собиқ вазири 43 яшар Азиз Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)да гумон қилинмоқда.

Озодлик манбаларига кўра,13 декабрь куни ҳибсга олинган собиқ вазир ДХХнинг Тошкентдаги "Гвардейский" номи билан билинган тергов изоляторида сақланмоқда.

ДХХ олиб бораётган терговга вазирликнинг бир неча амалдори, жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Шуҳрат Мирзаев ҳам жалб қилингани айтилмоқда.

Озодлик манбарларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев бироз муқаддам Бухоро вилоятида ўтказган ёпиқ селектр мажлисида ўз администрацияси собиқ раҳбари Сардор Умрзоқовни ҳам кескин танқид қилган.

Бу танқиддан сўнг, Президент ҳузуридаги Ҳисоб палатаси август ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлигида кенг кўламли текширишларни бошлаган. Тафтишлар вилоятларга ҳам кўчган.

Озодлик манбаларига кўра, гўёки бу текширувларда вазирликка ажратилган субсидиялар, томчилатиб суғориш иншоотлари, қишлоқ хўжалиги учун кимёвий ўғитлар талон-торож қилингани ўртага чиққан.

15 декабрда Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев ҳам йирик миқдорда талон-тарож ва коррупцияда айблаб, қамоққа олинган. 41 яшар собиқ ҳоким ҳам ДХХнинг тергов изоляторида экани айтилмоқда.

Шунингдек, 18 декабрь куни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, совуққонлик ва сохтакорликда гумонланган Бухоро вилояти Бухоро тумани ҳокими Хайрулло Жўраев ҳам ҳибсга олинган ва Тошкентга олиб келинган.

Собиқ вазир Азиз Воитовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида Наманган вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Саидаҳмад Султоновнинг ҳам ҳибсга олинган айтилмоқда.

Бундан ташқари, Солиқ қўмитасининг солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти директори ўринбосари, ҚҚС тўловчиларини махсус рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи ва Тошкент шаҳри Солиқ бошқармаси камерал солиқ текширувлар шўъбаси собиқ раҳбари қўлга олингани расман маълум қилинди.

Улар ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини яширганликда гумон қилинмоқда.

Президент Мирзиёевнинг аксил-коррупция мукофоти билан тақдирланиши арафасида амага оширилган бу ҳибсга олишлар, таҳлилчиларга кўра, аслида Ўзбекистоннинг ўта коррупциялашганига далилдир.

Айни пайтда бу оммавий ҳибсга олишларни “лавозим ва ресурсларни қайта тақсимлаш” сифатида кўраётганлар ҳам йўқ эмас.

Жумладан, 17 декабрь куни аввал Сардор Умурзоқов раҳбарлик қилган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ваколатлари ҳамда тузилмаларининг бир қисми Савдо ва саноат палатасига ўтказилди.

Озодлик суриштируви Палатанинг жорий раиси Даврон Ваҳобовнинг президент оиласига қуда бўлган машҳур Ваҳобовлар сулоласидан эканини ўртага чиқарганди.

Бундан ташқари, август ойида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигига берилган давлат активлари қайтадан Молия вазирлигига берилди.

Молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам президент оиласига қуда.

"Мирзиёевлар Амирлиги": Тармоқни титратган Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:57 0:00

Ҳозирги оммавий ҳибсга олишларнинг коррупцияга қарши курашга алоқасини йўқлигини айтаётган таҳлилчилар мамлакатда коррупцияга қарши кураш учун зарур энг оддий ва бошланғич қадамларнинг қўйилмаганини мисол қилиб келтиришади.

Жумладан, президент Мирзиёевнинг баёнотларига қарамасдан давлат хизматчиларининг даромадлар ҳақидаги декларацияси ҳануз узил-кесил жорий қилингани йўқ.

Давлат хизматчиларининг даромадлари тўғрисида декларация тўлдириш тартиби узил-кесил жорий этилиши пайсалга солинаётган Ўзбекистонда аллақачон бунинг учун махсус ибора ҳам муомалага киритилган.

2020 йил бошида парламентга қилган мурожаатида президент Мирзиёев "ҳалоллик вакцинаси" иборасини ишлатган ва ҳар бир дават хизматчиси шу каби вакцина билан эмланиши кераклигини айтган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG