Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:34

Аҳоли орасида коронавирус аниқлангани пахтачиликларни хавотирга солмоқда


Пахтачиликлар "қизил зона" тартибига жиддий амал қилинмаëтгани коронавируснинг кенг тарқашига йўл очади¸ деган хавотирда. (Бу сурат иллюстратив)
Пахтачиликлар "қизил зона" тартибига жиддий амал қилинмаëтгани коронавируснинг кенг тарқашига йўл очади¸ деган хавотирда. (Бу сурат иллюстратив)

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида бир одамда коронавирус ҳолати аниқланиши ортидан, бемор яшайдиган Жона маҳалла фуқаролар йиғини карантинга олинди.

Пахтачи туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, бемор кекса ёшдаги ногирондир. У вирусни Каттақўрғон туманидаги шифохонада 17 май куни юқтириб олган. Ҳозир беморга қўшиб, унинг 10 қариндоши ҳам карантинга олинган.

Жона ва унга қўшни маҳаллаларда яшовчилар Озодликка карантин вирус аниқланганидан икки кун ўтиб бошлангани, бемор вирусни юқтирганидан сўнг ҳам маҳаллада юрганини билдирди.

Бу ҳолат¸ қолаверса маҳаллий расмийларнинг аҳолига ўз вақтида тўғри маълумот бермаётгани¸ пахтачиликларнинг Озодликка айтишича¸ аҳолини хавотирга солиб қўйган.

Жона маҳалла фуқаролари йиғинида (МФЙ) яшовчилардан бирининг айтишича, 18 май куни оқшом маҳалласидаги ногирон пенсионерни, унда коронавирус аниқлангани айтиб, Тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетишган.

Суҳбатдошнинг айтишича, 19 май куни бу пенсионернинг оила-аъзолари ва қўшниларидан иборат каттагина гуруҳ карантин зонасига олинган.

“18 майдан 19 майга ўтар кечаси бу кишини олиб кетишди. Эртаси куни оиласи, қўшниларини олиб кетишди. Шундан кейин Жона маҳалласига кириш-чиқиш йўлларига бетон блоклар қўйишди, Миллий гвардия ҳарбийлари келиб, ёпиб ташлади. Ҳозир қимирламай уйда ўтирибмиз. Ким кўчага чиқса олиб кетишяпти”.

Бу маҳаллага қўшни Добусия МФЙ даги яшайдиган яна бир пахтачиликнинг айтишича, 20 май куни Жона маҳалласидаги бозорлар ва овқатланиш муассасалари ҳам ёпилган.

Иккала суҳбатдош 20 майдан бошланган карантиннинг кеч жорий қилинганидан хавотир билдирди.

“Вирус борлигини 18 май куни билишган. Лекин карантин икки кун ўтиб, бошланди. 19 май куни Жонадаги бир чуқурлик жойда мол бозори бор – сешанба мол бозори, дейишади. Шу бозор лиммо-лим одам билан ўтди. Чоршанба куниям Жонада буюм ва озиқ-овқат бозорига роса одам йиғилди. Мен бозорга бордим чоршанба куни. 11 яримда келиб, одамларни тарқатишни бошлади. Жуда кечда! Мен ҳозир қўрққанимдан қимирламай уйда ўтирибман, ёш болаларим бор. Нега булар бунақа совуққон, нега халқни бунақа хавотирга қўяди?!” деди добусиялик тадбиркор.

Пахтачиликларнинг Озодликка айтишича¸ Жона маҳалласида вирус аниқланган бемор билан алоқада бўлганлар орасида маҳаллада танилган такси ҳайдовчиси ҳам бор ва карантинга олиниши арафасида ҳам унинг туман марказига одам ташиётганини кўришган.

Озодлик бу хавотирлар ортидан Пахтачи туманидаги Коронавирусга қарши кураш штабига боғланди.

Штабнинг ўзини таништирмаган ходимаси, Жона маҳалласидаги вазият борасида фақат Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Шавкат Жабборовдан маълумот олиш мумкинлигини айтди.

Шавкат Жаббoров айни пайтда жойларда назорат ишларини олиб бораётгани, Жона маҳалласидаги вазиятга доир саволларга эса Туман ИИБ қошида ишлаб турган штабга қайтгач, рақамлар асосида жавоб беришини айтди ва бир соатдан сўнг қайта боғланишни сўради.

Бош шифокорга бир соатдан сўнг ҳам, икки-беш соатдан сўнг ҳам боғланиб бўлмади - телефон рақами кун давомида ўчиқ қолди.

Пахтачи тумани ҳокимлигининг исми очиқланмаëтган расмийси берган маълумотга кўра, ногирон пенсионер ушбу вирусни 17 май куни Каттақўрғон туманидаги шифохонага борган вақтида юқтириб олган.

"Самарқанд қизил зона бўлгани учун шаҳардан шифокор беморларга қон қуйиш учун Каттақўрғон туманига махсус келган. Ўша шифокорда вирус бўлган. 17 май куни бизнинг тумандан уч киши бу шифокорнинг қабулига борган. Иккитасида негатив, шу Жонада яшайдиган ногирон фуқаромизда позитив чиққан. Бизга 18 май куни хабар қилишди. Ўша куниёқ бу кишини шифохонага жўнатдик, Самарқандга. Оиласи ва яқинларидан 10 киши карантинда. Жонани ҳам ёпиб, қаттиқ қўриқлаяпмиз ҳозир".

Бу Самарқанд вилоятида аҳоли орасида коронавирус аниқланганига оид иккинчи ҳолатдир.

Самарқанд вилояти прокуратураси 14 май куни туман касалхоналаридан бирида бўлим мудири бўлиб ишлаган шифокорнинг 34 та одамга коронавирус юқтирганликда айблангани ҳақида хабар берган.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов жиноят ишини бекор қилишни сўраб Бош прокурорга мурожаат қилгач, 18 май куни бу иш бекор қилинди.

Айни пайтда Озодлик гаплашган пахтачиликларга кўра¸ Жона маҳалласидаги вазият бўйича аҳолига тўғри¸ тезкор маълумот берилмаётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.

“Самарқанд вилояти қизил зона, мисол учун. Лекин карантинга қатъий амал қилинмаяпти. Одамлар бемалол Пахтачидан Самарқанд шаҳрига бориб келиб юрибдида. Қўшни Каттақўрғонда ҳам вирус аниқланган, дейишди. У ёққа ҳам йўл бемалол. Пахтачи тумани марказига борсангиз, ҳамма ёқда одам гавжум, тиқилинч. Мана ҳозир аҳоли орасида юрганлардан вирус чиқиб турибди. Раҳбарлар жуда лойқайд ва совуққон. Пахтачида вазият назоратдан чиқиб кетди, деб қўрқяпман. Лекин, булар одамларга маълумот бермайди, шунга ваҳима кучайиб ётибди. Коронавирус майли, бошқа оддий муаммо билан борсангиз ҳам эшитишмайди”¸ деди пахтачилик тадбиркор.

Жона маҳалласидан 5 километр масофадаги Гулистон маҳалласида яшовчилардан бири 21 май куни бу маҳаллада ҳар пайшанба бўладиган буюм бозори ҳам тарқатилгани, аммо ҳаракатланиш ҳануз эркин қолаётганини айтди.

"Пайшанба бозори бор бизда - озиқ-овқат, кийимлар сотиладиган. Шунга эрталаб саҳардан одам йиғилганди. Миллий гвардия келиб тарқатиб ташлади. Лекин, бизнинг туманда ҳаракатланиш бемалол. Пахатачига ҳам бориш мумкин. Мен бугун кўчада бемалол ишларимни битирдим. Фақат Жонага ўтиш йўллари ёпиқ".

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 22 май соат 10:00 ҳолатига кўра берган маълумотида¸ Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сонининг 3006 (+39) нафарни ташкил қилиши айтилган.

Расмий баëнотга кўра¸ аҳоли орасидан аниқланган ҳолатларнинг 13 нафари Самарқанд, 15 нафари эса Навоий вилоятларига тўғри келади.

"Ҳозирда ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар белгиланган тартибда қатъий карантинга олинган"¸ дейилади ССВ хабарида.

XS
SM
MD
LG