Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:47

"Конституция шарпаси". Фаоллар ўзларига нисбатан босим кучайганидан шикоят қилмоқда


Ўтган йил октябрида иккинчи ва Конституция бўйича охирги муддатга сайланган Мирзиёев ўзгартиришларни сайловчиларнинг таклиф ва талаби билан тушунтирган.
Ўтган йил октябрида иккинчи ва Конституция бўйича охирги муддатга сайланган Мирзиёев ўзгартиришларни сайловчиларнинг таклиф ва талаби билан тушунтирган.

Ўзбекистонда мамлакат асосий қонуни Конституцияни ўзгартиришга старт берилди. Конституцияга ўзгартиришларнинг асосий ташаббускори президент Шавкат Мирзиёев.

Ўтган йил октябрида иккинчи ва Конституция бўйича охирги муддатга сайланган Мирзиёев ўзгартиришларни сайловчиларнинг таклиф ва талаби билан тушунтирганди. Аммо ҳозирги муҳокамалар ташаббускори парламентдаги икки ҳукуматпараст партия – ЎзЛиДЕП ҳамда Миллий Тикланиш партияларидир.

Конституциянинг қайси бандлари ўзгариши номаълум. Партиялар раҳбарларининг бу ҳақдаги баёнотлари ҳам айни масалага ойдинлик киритгани йўқ. Аммо аксарият таҳлилчи ва тармоқ фаоллари ўзгаришлар амалдаги президентнинг муддатига тааллуқли бўлади, деган фикрда. Бу фаразни ўзгартиришлар ташаббускорлари тасдиқламаган, аммо инкор ҳам этишмаётир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эса, масалан, Қозоғистон президенти Тоқаевдан фарқли, икки муддат билан чекланиши ҳақида расман ваъда бермаган.

24 май куни Тошкентдаги анжуманда гапирган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов "бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юргани”ни иддао қилди. Кун.уз нашрининг иқтибос келтиришича, Конституцияни ўзгартириш бўйича комиссия раҳбари этиб тайинланган Саидов ўз чиқишида “охирги 25 йилда юздан ортиқ давлатда конституциявий ислоҳотлар ўтказилгани”ни айтган.

Конституцияни ўзгартиришга тайёргарликлар билан бир вақтда мамлакат ичкарисидаги сиёсий фаоллар ва ҳукумат танқидчиларига босимларнинг кучайгани ҳам кузатилмоқда.

Ўтган йилги президент сайловлари арафасида ташкил этилган ва расмий рўйхатдан ўтказилмаган "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" демократик партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақулов 21 май куни эълон қилган видеомурожаатида ички ишлар ходимлари босими кучайганини билдирди.

Сиёсий фаол Мухтор Убайдуллаев охирги бир ойда ўзи ва бошқа фаолларга нисбатан маъмурий ишлар очилгани, улар 15 суткали қамоқ жазосини ўтаб чиққани ёки ўтаётганини маълум қилди.

- Бунақа воқеалар сўнгги пайтларда тез-тез бўлиб турибди. Абдуманноф деган укамиз 15 суткага тиқилди, чиққанидан кейин яна қамоқда ушлаб ўтиришибди, суд қилишмоқчи; бундан икки йил олдин телефонида диний маърузалар топилган экан. Вазира онанинг судлари ҳам шу асосда бўлди - уйларида мухолиф партия йиғилишини ноқонуний ўтказгансиз, дейишяпти.

Худди шунақа айблов менга олдинроқ қўйилганди, иш ҳақининг 50 баробари миқдорида жарима солишди. Улар "мухолифат партияси тузиш эрта - яқин 2 йилда унга овора бўлманглар", дейишди. Бизларга ҳеч қандай ҳимоя йўқ - истаган вақтда уйимиздан олиб кетиб тиқиб қўйишлари осон, - дейди Мухтор Убайдуллаев.

Шу кунларда “Озод Ватан” сиёсий бирлашмасини тузиш ташаббускори ва президентнинг махфий Шоввозсой қароргоҳи ҳақида жамоатчиликка маълумот берган ўзбекистонлик блогер ва сиёсий фаол Алексей Гаршин устидан ҳам маъмурий суд жараёни бошланди.

Тошкентнинг Юнусобод туман суди Гаршиннинг бир аёлни интернетда ҳақорат қилгани ҳақидаги даъво аризасини кўриб чиқмоқда.

Озодлик билан суҳбатда у ўзига қўйилган айблов ортида сиёсий сабаблар турибди, деб ишонишини билдирди

- Улар мени ортиқча иш билан кўмиб ташлашди. Мен тилхат асосида шаҳарда қоляпман, тинтув пайтида ноутбук, фотоаппарат, телефонларимни олиб чиқиб кетишди. Мен бир неча йил давомида йиққан блогерлик суриштирувларим маълумотларини ўчириб ташлашга мажбур бўлдим – менга қарши ишлатишмасликлари учун. Ходимлардан бири менга Ўзбекистонни тарк этиш ҳақида огоҳлантириб, сиёсий фаолиятимни тўхтатсам, босим ҳам тўхташини очиқчасига айтди.

Сўнгги кунларда икки фаол - жиззахлик Ўктам Пардаев ҳамда тошкентлик собиқ сиёсий маҳкум Аъзам Турғуновлар оила-аъзоларига босимлардан шикоят қилишган. Фаоллар ҳар икки ҳолатда ҳуқуқ- тартибот идоралари ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришдан бош тортганини айтишади.

Н. Атаева
Н. Атаева

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева авторитар тузумларда ҳукумат ҳар қандай ижтимоий ва сиёсий фаолликни ўз бошқарувига таҳдид ўлароқ қабул қилиши одатий ҳол эканига эътибор қаратади.

- Ҳар бир президент ягона мақсад – ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашни кўзлабгина мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритмоқда. Бу мақсадга ягона усул ёрдамида – Ўзбекистон ватандошлари ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳисобига эришилади. Бу жараён кўплаб ҳуқуқий тушунчаларни алмаштириш билан боғлиқ. Шу боис охирги икки йилда жамоатчиликка ўз фикрини билдириш билан боғлиқ юзлаб қонунбузарликлар тўғрисида маълум бўлди. Ва бу босим кучайиб бормоқда.

А.Илҳомов
А.Илҳомов

Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари, сиёсатшунос Алишер Илҳомов Озодлик билан суҳбатда ҳокимиятни ҳар қандай йўл билан сақлаб қолишга уриниш мухолифат ва танқидий фикрда бўлган жамоатчилик фаоллари, журналистлар ва сиёсатчиларга бўлган босимнинг кучайишига олиб келиши мумкинлигини гапиради.

- Конституциявий ислоҳот ғояси ҳали қайси йўл билан амалга оширилишини билмай туриб, улар ўз ҳаракатларига легитим кўриниш бермоқчи. Бундай хоҳиш мамлакатда босимнинг кучайишига олиб келиш хавфини туғдиради. Йиллар ўтиб ислоҳотчи сифатида келган Мирзиёев ва Каримов ўртасида фарқ йўқолиб боради. Ва бундай режаларга қарши чиққан фуқаровий жамият ҳуқуқлари ҳам шунга яраша чеклаб борилади. Мен бу кетишда Каримов билан йўқолган “Жаслиқ”, қийноқлар, репрессив идоралар ва сиёсий полиция қайта тикланишидан хавотирдаман.

Ўтган йили иккинчи муддат президентликка киришган Шавкат Мирзиёев, иқтидорга келганидан бери икки марта Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

2017 йилда Конституцияга суд тизимини модернизация қилиш, 2019 йилда эса “ҳукумат ва унинг ҳисобдорлигини демократиялаштириш”га қаратилган тузатишлар киритилди.

Расмийлар конституциявий ўзгартиришларни ислоҳотларни жадаллаштириш эҳтиёжи билан изоҳламоқда.

Аммо марҳум президент Ислом Каримов шу каби важлар билан тўрт марта президентликка сайлангани, бир мартасида эса умумхалқ референдуми орқали президентлик муддатини узайтиргани маълум.

XS
SM
MD
LG