Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:44

"Коммерсантъ": Алишер Усмонов икки журналистни ишдан бўшатди


Алишер Усмонов (ўнгда) Владимир Путин билан.
Алишер Усмонов (ўнгда) Владимир Путин билан.

Россиядаги нуфузли “Коммерсантъ” нашрининг икки журналисти парламент спикери Валентина Матвиенко тўғрисида танқидий мақола эълон қилгани ортидан ишдан бўшатилди.

Ўзининг Фейсбук саҳифасида журналист Иван Сафронов у ва ҳамкасби ишдан “Коммерсантъ”нинг эгаси Алишер Усмоновнинг талаби билан бўшатилганини билдирди.

Улар ортидан нуфузли газетанинг “Сиёсат” бўлими тўлиқ ишдан бўшаганини эълон қилди.

Россиядаги “Коммерсантъ” газетасининг “Сиёсат” бўлими мухбири Максим Иванов ва махсус мухбир Иван Сафроновлар ишдан бўшатилди.

20 май куни ўзининг Фейсбук саҳифасида журналист Максим Иванов уларнинг ишдан ҳайдалишига Россия Федерация Кенгаши раисаси Валентина Матвиенконинг истеъфога кетиш эҳтимоли тўғрисида сўз борган “Спикеров делать из этих людей” номли мақоласи сабаб бўлгани ҳақда ёзди.

Иван Сафронов ўз саҳифасида ўз хоҳишига биноан ишдан кетмаётганини тушунтириб, ёзди:

- Мен Нашриёт Уйини Максим Иванов билан бирга ўз истагимга кўра тарк этаётганим йўқ, бу Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг ўз лавозимини тарк этиши эҳтимоли борасидаги бизнинг мақоламизга жиддий эътироз билдирган акциядорнинг хоҳишидир. У хўжайин, у ўзи ҳал қилади ким унга кераклигини, деб ёзди 10 йилдан ортиқ вақт “Коммерсантъ”да ишлаганини билдирган журналист.

Маълумки “Коммерсантъ” нашрининг бош акциядори асли ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмоновдир.

“Коммерсантъ” газетаси муҳаррирларидан бири Рената Ямбаева танқидий мақола муаллифлари шахсан нашриёт концерни эгаси Алишер Усмоновнинг талаби билан ишдан бўшатилганини маълум қилди. Унинг фикрича, ходимларни ишдан четлатиш “таҳририят учун ҳалокатлидир, у асоссиз ва очиқдан-очиқ босим кўриниши ҳамдир”.

Бизнесмен Алишер Усмоновнинг вакиллари журналистларнинг ишдан олинишига доир бирор изоҳ берганича йўқ.

Сармоядорнинг бу ҳаракатларидан норозилик билдирган “Коммерсантъ” газетасининг бутун бошли “Сиёсат” бўлими ходимлари хабар ортидан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзди.

Нашрнинг бош муҳаррири муовини ва “Сиёсат” бўлими мудири Глеб Черкасов у билан бирга яна 9 журналист ўз хоҳишига биноан ариза ёзганини маълум қилди.

- Акционер кадр масаласида қарорларни қабул қилиш ҳуқуқига эга, ходимлар эса бу вазиятдаги ягона усул – иш жойларини ўзгартириш билан қарорга норозиликларини билдириш ҳуқуқига эгадирлар, дея фикр билдирди Глеб Черкасов.

Айни дамда “Коммерсантъ” бош муҳаррири ва бош директори Владимир Желонкин “журналистлар мақола тайёрлашда “Коммерсантъ”нинг таҳрир стандартларини бузгани учун” ишдан бўшатилганини билдирди.

Валентина Матвиенконинг истеъфога кетиши мумкинлиги тўғрисидаги материал жорий йилнинг 17 апрелида чоп этилди ва энг муҳокама этилган мавзулардан бирига айланди.

Мақола муаллифлари Федерация Кенгаши раисаси Валентина Матвиенко спикерликдан кетиб, Россия Пенсия жамғармаси раиси лавозимини эгаллаши, унинг ўрнига эса Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин келиши борасида ўз манбаларига таяниб хабар қилганди.

Шу куниёқ “Дождь” телеканали Матвиенконинг истеъфога чиқарилиши Федерация Кенгаши аъзоси Рауф Арашуковнинг ҳибсга олиниши ва унинг ортидан бошланган можаро билан бевосита боғлиқ экани тўғрисида хабар тарқатди.

Бундан олдинроқ – шу йилнинг мартида, -“Коммерсантъ”нинг Петербургдаги бўлимидан яна бир журналист ишдан бўшатилганди. Мухбир Мария Карпенко Санкт-Петербург губернатори вазифасини бажарувчи Александр Бегловни қаттиқ танқид қилгани учун ўз лавозимидан бўшатилганини айтганди.

2011 йилда Санкт-Петербургда “За сосули перед Отечеством” деб номланган, Валентина Матвиенкони танқид остига олган "Коммерсантъ-Власть" журналининг бутун тиражи сотувдан олинган эди.

Алишер Усмонов ва унинг бизнес-империяси

Асли ўзбекистонлик, ҳозирда Россияда яшаётган олигарх Алишер Усмонов Буюк Британиянинг энг бадавлат 10 кишиси рўйхатига кирди.

Ўтган ой Bloomberg Усмоновни дунё бойлари рўйхатида 70-ўринга қўйганди. Ҳозирда Усмоновнинг бойлиги 12 миллиард 600 миллион АҚШ долларини ташкил қилиши айтилган..

Маълумотларга қараганда, “Коммерсантъ” нашриёт уйининг тўлиқ эгаси саналган 65 яшар россиялик тадбиркор Алишер Усмонов “Металлоинвест” компаниясини бошқариб келаётган USM Holding инвестиция гуруҳининг 48 фоизига эгалик қилади.

Ўз ўрнида, “Металлоинвест” Россиянинг энг йирик алоқа оператори - “Мегафон"ни бошқарувчи “АФ Телеком Холдинг” ширкати эгаси ҳамдир. Усмонов россиялик ҳамкори Юрий Милнер билан бирга Facebook.Inc ширкатининг 10 фоиз ҳиссаларини сотиб олган. Алишер Усмонов асос солган "Металлоинвест" ширкати Россиянинг энг йирик хомашё ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳисобланади. Унга Digital Sky Technologies (DST) ширкатининг 80 фоизи, Россиянинг Mail.ru Интернет ширкатида 26,9 фоизлик акциялари, "ВКонтакте" ва "Одноклассники", Муз-ТВ канали 75 фоиз улуши ва бошқа ширкатлар акциялари тегишли эканлиги айтилади.

Алишер Усмонов "Газпром" ширкати шўъба корхонаси "Газпроминвестхолдинг" компанияси бошқарув кенгаши раиси ҳамдир.

Ўз маблағини аста-секинлик билан онлайн-бизнесга йўналтира бошлаган Алишер Усмонов охирги бир йилда Хитойнинг jd.com ва Alibaba ритейлерлари, Airbnb ижара хизмати ва Spotify мусиқа сервисида катта улушларни сотиб олгани тўғрисида ҳам маълумотлар пайдо бўлган.

XS
SM
MD
LG