Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:49

Сталин жиноятларини ҳужжатлаштирган тарихчи 9 йилга қамалди


Карелиялик тарихчи Сергей Колтирин.
Карелиялик тарихчи Сергей Колтирин.

Россияда совет диктатори Иосиф Сталин ҳукмронлиги даврида қатл этилган минглаб одам кўмилмиш умумий қабрни ўрганган собиқ музей директори Сергей Колтирин вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилишда айбдор деб топилиб, тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Карелия Республикасида жойлашган Медвежегорск шаҳри суди Колтирин билан Юрий Носов иши бўйича ўз ҳукмини 27 май куни чиқарган.

Колтирин вояга етмаганларга тажовузкорлик қилишда айбланган Сандармох умумий қабрини ўрганган иккинчи тарихчидир.

Колтирин суди ортидан Россия расмийлари Сталин жиноятларини фош қилаётганлар овозини ўчиришга жаҳд қилаётганига оид хавотирлар урчиди.

Колтирин ва Носов ўтган йилнинг октябрида қўлга олинган эди. Ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган суд уларнинг ҳар иккисини вояга етмаган болани йўлдан уришда ҳамда вояга етмаган бола билан жинсий алоқа қилишда айбдор, деб топди. Носов 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бу орада Карелия пойтахти Петрозаводск шаҳрида бошқа бир тарихчи – Сандармох умумий қабрини ўтган асрнинг 90-йилларида ҳужжатлаштира бошлаган Юрий Дмитриев суди ёпиқ эшиклар ортида давом этмоқда.

Дмитриев “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Карелиядаги бўлими етакчисидир. Президент Владимир Путин ҳукумати ташкилотнинг Сталин жиноятлари кўламини фош қилишга қаратилган ҳаракатларига қаршилик кўрсатиб келади.

Дмитриев 2016 йили компьютерида боқиб олган қизи суратлари топилиши ортидан болалар порнографиясида айбланиб, қўлга олинган эди.

Тарихчи суратлар қизи соғлиғи ҳақидаги хавотирлар туфайли олинганини, унга қўйилган айбловлар Сталин давридаги жиноятларни фош қилаётгани учун ўч олишдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади.

Петрозаводск шаҳар суди 2018 йилнинг сентябрида Дмитриевни айбсиз, деб топди. Аммо айбловчилар шикояти ортидан Карелия Олий суди унинг ишини қайта кўриб чиқишни буюрди.

Натижада тарихчи қайта қўлга олинди. Бу сафар унга янада оғирроқ бўлган “14 ёшга тўлмаган шахсга қарши сексуал характерга эга зўравонликка қўл уриш” айблови қўйилди.

1991 йилдан бери Медвежегорск маҳаллий тарих музейига директорлик қилиб келган Колтирин ўтган йили Россия ҳарбий-тарихий жамияти Сандармох атрофида олиб бораётган қазиш ишларини кескин қоралади.

Колтирин ва бошқа фаолларнинг айтишича, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган қизил армия аскарларини излашни кўзлаётган экскавациялар Сталин ўз халқига қарши содир этган жиноятлар кўламини кичрайтишни кўзлайди.

Путин ҳокимият тепасига келганидан бери Сталин рамзи қайта тикланиб, унинг мамлакатни саноатлаштириш ҳамда фашистлар Германияси устидан ғалаба қозонишдаги ролига урғу берилиб келинади. Диктаторнинг қирғинлар, мажбурий коллективлаштириш, оммавий сиёсий қатағонлар, сургунлар ва меҳнат лагерларини йўлга қўйишдаги роли эса кичрайтириб кўрсатилмоқда.

Путин Россия танқидчиларини Сталинни “ҳаддан ортиқ қоралашда” айблаб келади.

Суд ҳукми эълон қилиниши ортидан Колтирин ва Носов журналистлар билан суҳбатлашишдан бош тортди. Колтириннинг собиқ адвокати тазйиқлар ортидан мижозидан воз кечишга мажбур бўлганини, натижада тарихчига ҳукумат адвокати берилганини билдирган.

XS
SM
MD
LG