Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:52

Хоразмда суд пахта режасини бажаролмаган 87 фермерни молиявий жавобгарликка тортди


Шовот тумани фермерлари "Халқ қабулхонаси"га шикоят қилиб борди
Шовот тумани фермерлари "Халқ қабулхонаси"га шикоят қилиб борди

Хоразм вилоят, Шовот туманлараро Иқтисодий суди 5 февраль куни 87 фермерни молиявий жавобгарликка тортиш ҳақида қарор чиқарди.

Фермерларни пахта топшириш шартномасини бажармаганликда айблаб, “Textile Finance Khorezm” МЧЖ судга берган эди.

Фермерлар, суд пахтани суғориш учун ўтган йили умуман сув бўлмагани ҳақидаги улар қилган арзга қулоқ солмай бир томонлама қарор чиқарганидан шикоят қилмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган уч фермер суд улардан жами 90 миллион сўм ундириш ҳақида қарор чиқарган. 87 фермер ҳаммаси бўлиб қанча тўлаши тўғрисида Озодлик гаплашган фермерлар айтиб беролмади.

Фермерлар суд қарори устидан юқори инстанция судига апелляция шикояти ёздилар.

Хоразм вилоят, Шовот туманидан Озодликка келган мактубда, 2018 йил пахта етиштириш шартномасини "объектив сабаблар" билан бажара олмаган 87 фермер асоссиз судга тортилгани, пахтага сув етказиб беролмаган ташкилотлар эса, жавобгарликдан четда қолаётгани ҳақида ёзилган:

“Хоразм вилояти Шовот туманида 2018 йил учун пахта шартномасини фермерлар “Textile Finance Khorezm” МЧЖ (сувсизликни тан олмаяпти) билан туздик. Лекин олдинги ҳудудлар шолини кўп экиб, бизнинг чекка ҳудудларга сув етиб келмади ва оқибатда ғўзаларимиз гул-куртаклари тўкилиб кетди. Бизлар 2018 йил июль ойида тегишли ташкилотларни хат билан огоҳлантирганмиз. Биз шовотлик фермерларга ёрдам берсангизлар”, дейилади мактубда.

Сувсиз ариқ
Сувсиз ариқ

Таъқиб бўлишидан чўчиб, исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган фермерлардан бирига кўра, улар ўтган йилнинг февралида давлат корхонаси - Пахта тозалаш заводи билан шартнома тузган, лекин март ойида бу шартнома бекор қилиниб “Textile Finance Khorezm” МЧЖ билан қайтадан шартнома қилинган:

“Шартнома қилаётганда роса бўрттиришди, сизлар зўр бўласизлар, ҳамма нарсани етказиб берамиз, пахтани давлат нархидан минг сўмдан қимматроқ оламиз, деб қоп-қоп ваъда беришди. Лекин, бизга шартнома нусхасини беришмади. Мен бир неча бор талаб қилдим, беринглар деб. Улар ҳали сизлар фойдангизга ўзгаришлар бўлади, деб беришмади. Фақат, декабрь ойида кўрдик, у шартномани”.

Шовот туманининг сувсиз қолган пахта майдонлари
Шовот туманининг сувсиз қолган пахта майдонлари

Фермернинг айтишича, “Textile Finance Khorezm” МЧЖ ҳам, ҳокимлик ҳам, сув хўжалиги ташкилоти ҳам пахтага сув етказиб беролмаган:

“Ёзга келиб, умуман сув келмади. Пахтанинг ичига кирсам унинг қовжираб ётганини кўриб, кўзимдан ёш оқиб кетарди. Қарийб 40 гектар ердаги пахтанинг ярим ҳосили тўкилиб кетди. Режани зўрға 50 фоиз қилиб бажардим”.

Исми сир қолишини сўраган иккинчи фермернинг айтишича, “Textile Finance Khorezm” МЧЖ банкдан кредит олиб, фермерларни аванс сифатида минерал ўғит ва ёнилғи, техника билан таъминлаб келган:

“Банкдан 3 фоизлик кредитни кластер (“Textile Finance Khorezm” МЧЖ​ назарда тутилаяпти - таҳр.) ўзи олдида, бизга аванс сифатида тўлади. Бизга берилган минерал ўғитлар нархини ҳам билмаганмиз. Дефолиация учун бир литр дорининг нархи 600 минг сўм туришини ҳам билмаганмиз, техника хизмати қанча туришини ҳам айтмаган. Агар сув бўлганида эди, режани 150 фоиз қилиб бажарардик. Сув бўлмади, сув! Ахир бу бизнинг айбимиз эмаску! Шундай ҳам ўзимиз ёнимиздан, мол-ҳолимизни сотиб ўн миллионлаб сўм сарфладик. Энди эса, мени 40 миллион сўм қарздор қилиб қўйди”.

овот тумани фермерларининг шикояти
овот тумани фермерларининг шикояти

Фермернинг айтишича, 5 февраль куни Шовот туманлараро суди 87 фермер ишини кўриб чиқиб, уларнинг ҳаммасини айбдор деб топган:

“Суд бир ярим соат давом этди. Судья ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамади. Сен бунча тўлайсан, сен бунча тўлайсан, деб қарор чиқарди. Менга 20 миллион сўм босди. Фермерлар, “қози жаноблари, сиз нима сабабдан деб нега сўрамайсиз, деса, бўлди гап тамом, тўлайсан, деб чиқариб юборди”.

Исми сир қолишини сўраган учинчи фермернинг айтишича, унинг пахтаси каналдан бир томчи ҳам сув ичмаган, ернинг нами ва ёмғир ҳисобига бўлган:

“Менинг ерим каналларнинг охирида жойлашган. 3 июнь куни озгина сув келди. Сув хўжалиги одамлари беш кунда фақат ярим гектар ерни суғордилар. Насос ҳам қўйдилар. Лекин эплашолмади. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Кластернинг ҳам, ҳокимнинг ҳам, сув хўжалигининг ҳам бундан яхши хабари бор. Ёзмаган, хабар бермаган жойимиз қолмади. Ҳамма хатларимизнинг нусхалари турибди. Суд буни кўрмади ҳам. Лекин, охирида айбдор ва қарздор фермер бўлиб қоляпти”.

Шовот тумани фермерларининг турли идораларга мактуб ёзгани ҳақида почта маълумотномаси
Шовот тумани фермерларининг турли идораларга мактуб ёзгани ҳақида почта маълумотномаси

Озодлик тасарруфида фермерларнинг турли ташкилот ва идораларга юборган хатларининг нусхалари, хат юборилгани ҳақида почтанинг тасдиқномалари бор.

Фермерлар туман ҳокими Ҳакимбой Отахоновнинг бу масалада фермерларга айтган гапининг аудиоёзувини ҳам жўнатди.

Бу ёзувда туман ҳокими шундай ҳолат содир бўлгани учун “бунга мен ҳам айбдорман, сектор раҳбари ҳам айбдор, сувчи биринчи ўринда айбдор, фермер ҳам айбдор”, дейди.

Озодлик “Textile Finance Khorezm” МЧЖ раҳбарияти билан кун давомида боғланишга ҳаракат қилди. Телефонда Озодлик билан гаплашган мулозим раҳбарларининг гоҳ иш жойида эмаслиги, гоҳ йиғилишда эканлигини айтиб, улар билан мобил телефон орқали боғланиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

Туман ҳокими Ҳакимбой Отахоновнинг мобил телефони ўчирилгани боис, у билан боғланиш имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG