Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:37

Фермерлар Ғаниевни президент фармонини саботаж қилишда айбламоқда


"Сангзор текстил" МЧЖ биноси.
"Сангзор текстил" МЧЖ биноси.

Жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Шуҳрат Ғаниев фермерларни ўзларининг туманидаги кластердан бошқа кластер билан шартнома тузишини тақиқловчи баённомани имзолади.

Фермерларнинг айтишларича, Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика комиссиясининг йиғилишида эълон қилинган ушбу қарор фермерларнинг ўз вилоятидаги хоҳлаган кластерни танлаш ҳақидаги президент фармонига зид.

Фермерлар Ғаниевни президент фармонини саботаж қилишда айблашмоқда.

Андижон вилоят, Бўстон туманидаги 11 нафар фермер “Сайёра фаввораси” МЧЖ кластер корхонаси пахтага Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаб берган энг минимал нархдан ҳам кам ҳақ тўлаганига норозилик билдириб, Балиқчи туманидаги “Скортон текстил” МЧЖ билан шартнома қилишга келишган эди.

Аммо фермерларнинг айтишларича, вилоят ва туман ҳокими уларни фақат “Сайёра фаввораси” кластери билан шартнома қилишга мажбурламоқда.

Бўстон тумани ҳокими Санобар Носирова, “Сайёра фаввораси” кластери фермерларга минимал нархдан кам ҳақ тўлаганини тасдиқлар экан, фермерларни бу кластерда қолдириш Шуҳрат Ғаниевнинг қарори асосида бўлаётганини айтди.

Шуҳрат Ғаниев ўтказган мажлис баённомаси
Шуҳрат Ғаниев ўтказган мажлис баённомаси

“Сайёра фаввораси” кластери Бўстон туманидаги 108 фермернинг 2021 йилги пахтасини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаган минимал нархдан паст нархда сотиб олди.

Фермерлар бунга қаттиқ норозилик билдиришган. Аммо уларни ҳеч ким эшитмаган, туман ҳокими ҳам, вилоят ҳокими ҳам кластернинг ноқонуний бу хатти-ҳаракатига баҳо бермаган.

Тумандаги 11 фермер Балиқчи туманида янги ташкил этилган “Скортон текстил” МЧЖ билан шартнома қилишга келишди. Бу кластер фермерларга пахтани бозорда шаклланган нарх асосида сотиб олишга ваъда берди.

Исми сир қолишини сўраган бўстонлик фермернинг айтишича, вилоят ва туман ҳокими уларга бошқа кластер билан шартнома имзолашга тўсқинлик қилмоқда:

Улар ҳам вилоят ҳокимининг ғазабидан чўчиб туришибди.

“Фақат “Сайёра фаввораси” билан шартнома қиласизлар, бу вилоят ҳокимининг топшириғи деб, туман ҳокими Санобар Носирова айтмоқда. Биз шартнома қилишга келишган “Скортон текстил” вакиллари билан гаплашганимизда ҳам, улар афсус сизлар билан шартнома қилолмаймиз экан, вилоят ҳокими Бўстонга тегма деб айтган, деди. Улар ҳам вилоят ҳокимининг ғазабидан чўчиб туришибди. Бўлмаса улар ҳам жон деб бизлар билан ишлашга рози. Президентга ёзганимиз билан ундан жавоб келгунча бир ой ўтиб кетади. Экин-тикин вақти келди. Шунга бошимиз қотиб турибди”.

Фермернинг айтишича, “Сайёра фаввораси” билан уч йилги ҳамкорлик уларга фақат зарар келтирган:

Юздан ортиқ фермерларнинг йўқотган пулини ҳисобласак миллардларга қараб кетяпти.

“Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўтган йили пахта харид нархининг энг минималини 7030 сўм деб эълон қилган эди. Бундан юқори тўлаш мумкин, аммо паст тўлаш мумкин эмас эди. Лекин кластер 6550 сўмдан ҳақ берди. Юздан ортиқ фермерларнинг йўқотган пулини ҳисобласак миллардларга қараб кетяпти. Шундай қилиб, фермерлар ҳақини уриб қолди. Кластер раҳбарлари ҳам фермерларга худди қулдай, қўпол муомала қилади. Босим ўтказиш, дўқ-пўписа билан ишлайди. Биз мустақил субъектмиз, бизга бунақа муомала , бунақа талончи кластер керак эмас”.

Республика комиссияси йиғилиши қарори.
Республика комиссияси йиғилиши қарори.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган бошқа бўстонлик фермернинг айтишича, Ўзбекистон Бош вазири Шуҳрат Ғаниев президент қарорини ҳам назар-писанд қилмай, ҳамма фермерларни ўзларининг туманидаги кластерларга боғлаб қўйди:

Ғаниевнинг бу баённомаси эса мутлақо президент фармонига зид.

Бош вазир ўринбосари республика комиссиясининг раиси бўлиб йиғилиш баёнини чиқариб қўйди. Бу баёнга кўра, ҳар бир тумандаги фермер бошқа тумандаги кластер билан шартнома қилолмайди. Биз ”Сайёра фаввораси”дан безиб, бошқа тумандаги кластер билан шартнома қилмоқчимиз. У кластер бошида хурсанд бўлиб, энди эса бизга вилоят ҳокими тақиқлаб қўйди, деб унамай турибди. Президентнинг ўтган йил ноябрда чиқарган фармонига кўра, биз вилоятимида исталган кластер билан шартнома қилишга ҳаққимиз бор. Бу фармон билан тасдиқланган. Ғаниевнинг бу қарори эса мутлақо президент фармонига зид. Аксига олиб, вилоят ва туман ҳокимликлари ҳам, қонун ҳимоячиси бўлган прокурорлар ҳам кластер томон. Агар коррупция аралашмаса бунақа иш бўлмас эди”.

Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ўтказган йиғилиш баённомасидаги иловага кўра, ҳар бир тумандаги кластер номи, унга қанча ер бириктирилгани аниқ ёзиб қўйилган.

Қарор иловасига кўра кластерларга ерлар биркитилиб бўлинган.
Қарор иловасига кўра кластерларга ерлар биркитилиб бўлинган.

Илованинг кириш қисмида эса фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси асосида бириктирилган ер майдонлари, деб кўрсатилган.

Аммо бўстонлик 11 фермер ҳали “Сайёра фаввораси” билан шартнома имзоламаган бўлса-да, уларнинг ер майдонлари аллақачон кластерга бириктириб қўйгани кўрилади.

Жиззах туманидаги 156 нафар фермер “Сангзор текстил” МЧЖ билан шартнома имзолашдан бош тортиб турган бўлса ҳам, 17900 гектар ер бу кластерга бириктирилгани қайд этилган.

Фермерлар декабрь-январь ойларида вилоятидаги ўзи истаган фермер билан шартнома тузишни якунлаши ва шунга қараб кластер ташкилотларга кредит ажратилиши лозим эди.

Афтидан, президентнинг фармони бу сафар ҳам бажарилмайди.

Андижон вилоятида агросаноат комплексида ишлайдиган мулозимнинг айтишича, Шуҳрат Ғаниевнинг фермерларни кластерларни ихтиёрий танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилаётгани президент фармонига нисбатан саботаждир:

Бу, фермерлардан мустақилликни яна тортиб олиш, яна эскича тузумга қайтиш.

“Президент фармонига кўра, 2022 йил пахта ҳосили режаллаштирилаётган пайтда фермерлар ўз вилоятидаги исталган кластер билан тўғридан-тўғри фьючерс шартномаси қилиш ҳуқуқига эга. Лекин бунга қарамасдан Шуҳрат Ғаниев туманларга алоҳида-алоҳида қилиб фермерларни кластерларга бириктириб қўйди. Фермер аввалги кластердан жабр кўрганига қарамасдан яна ўша билан шартнома қилишга мажбурланяпти. Буни нима деб аташ мумкин? Бу, президентнинг қарорини саботаж қилишдан бошқа нарса эмас. Бу, фермерлардан мустақилликни яна тортиб олиш, яна эскича тузумга қайтиш. Яна ҳокимларнинг, прокурорларнинг аралашуви, яна тазйиқ, яна босим! Бу аҳволда юз йилда ҳам қишлоқ хўжалигида ўзгариш бўлмайди!”

Бўстон тумани ҳокими Санобар Носирова Озодлик билан суҳбатда фермерлар “Сайёра фаввораси” кластери билан шартнома қилиши белгиланганини тасдиқлади:

“Бизнинг туманда “Сайёра фаввораси” МЧЖ республикда биринчи бўлиб пахтанинг пулини 6550 сўмдан фермерларга тўлаб берди. Ўртадаги фарқни ўзаро низолар келиб чиққан бўлса судга бериб ундириб олишяпти. Энди, республика бўйлаб биринчи пул тўлаган кластер турсаю, фермерлар бошқа кластерни танламоқчи бўлса, энди бу ёғини билмадим. Лекин, бизнинг тумандаги 5169 гектар шу кластер билан шартнома қилиш Бош вазир баённомаси билан белгиланган”.

Озодликнинг, бу ҳолат президентнинг фармонига зид эмасми, деган саволига ҳоким:

“Мен буни билмайман, у томонларини фермер билан кластер ўзаро ҳал қилаверади. Узр, мажлисга кириб кетяпман”, деб алоқани узиб қўйди.

Андижон вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, Озодликдан қўнғироқ қилаётганимизни эшитганидан сўнг алоқани узиб қўйди.

“Озодликнинг “Сайёра фаввораси” МЧЖ раҳбарлари билан боғланиш ҳаракатлари натижа бермади.

Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бундан аввал, 2021 йилнинг 17 ноябрида ўтказган селектор йиғилишида, республика ғаллакорлари олдига ҳар гектар ердан камида 80 центнердан буғдой етиштириш вазифасини қўйган эди.

Озодликка тақдим этилган селектор йиғилиши видеосида Шуҳрат Ғаниев бу президент топшириғи эканлигини айтар экан, фермерлар ва кластерлар ҳамда донни қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузилган шартномаларнинг барчасини бекор қилиб, янги шартнома тузиш ҳақида топшириқ беради.

Фермерлар Ўзбекистонда ғаллачилик соҳасида бозор механизмига ўтиш ҳақида президентнинг бир неча фармонлари чиқарилганига қарамай, бу ҳолатни яна ҳокимиятнинг фермерлар ишига аралашувчи сифатида баҳолаган эдилар.

XS
SM
MD
LG