Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:56

Каримов мақбараси жойи учун ўнлаб эски қабрлар текислаб ташланди


Ҳазрати Хизр масжиди ëнида Ислом Каримовга қабр таëрлаш учун ҳозирлик. 1 сентябрь, Самарқанд шаҳри.
Ҳазрати Хизр масжиди ëнида Ислом Каримовга қабр таëрлаш учун ҳозирлик. 1 сентябрь, Самарқанд шаҳри.

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг қабри ва бўлажак мақбарасига жой тайёрлаш учун Самарқанднинг Хўжаи Хизр қабристонидаги ўнлаб эски қабр бузилди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, вилоят ташқарисидан келтирилган ишчилар қарийб икки кун давомида шошилинч тарзда эски қабрларни бульдозер билан текислаб ташлаган. Уларга кўмилган маййитларнинг яқинларидан рухсат сўралмаган.

Ислом Каримовнинг вафоти ҳали расман эълон қилинмай туриб, 1 сентябрь куни тушдан сўнг Самарқанддаги Хўжаи Хизр қабристонида президент жасади учун қабр ва мақбара қуриш ишлари бошланган эди.

Фарғона.ру ахборот агентлиги эълон қилган фотосуратда Хўжаи Хизр масжиди ортидаги қабристонда қирқдан зиёд одамларнинг ишлаётгани, экскаватор қабристонни ўртасида дўмпайиб турган эски қабрларни сураётгани, беш-олти киши бир қабрнинг темир панжараларини бузаётгани, ишчиларнинг кетмон ва белкураклар билан ишлаётгани акс этган.

Ислом Каримовга қабр ва мақбарага жой тайёрлаш учун ўнлаб қабрлар бузилаётган пайт. Фергана ахборот агентлиги сурати.
Ислом Каримовга қабр ва мақбарага жой тайёрлаш учун ўнлаб қабрлар бузилаётган пайт. Фергана ахборот агентлиги сурати.

Ислом Каримов дафн қилингандан сўнг бузилган эски қабристон мана бундай манзара касб этди.

Айнан ўша жойга Ислом Каримов жасади дафн этилди.
Айнан ўша жойга Ислом Каримов жасади дафн этилди.

Самарқандликларга кўра¸ Хўжаи хизр қабристонига энг сўнгги майит бундан 25-30 йиллар бурун қўйилган.

Бу қабрларда ётган маййитларнинг яқинлари улардан бир оғиз ҳам сўрамасдан ота-оналарининг қабрлари текислаб ташланганидан кескин норози бўлганини айтдилар.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан гапирган самарқандликлардан бири отасининг қабрини энди бир умр тополмаслигидан зорланиб йиғлади.

“Отам бу ерга 1973 йилда дафн этилган эди. Унга ёдгорлик тоши ҳам қўйган эдик. Ҳар йили хотира кунлари қабристонга келиб, отамиз қабри устида унинг ҳақига тиловат қилардик. Энди эса, унинг қабри ҳам йўқ, дуо қиладиган жойимиз йўқ. Отамизнинг қабри президент мақбараси қуриладиган майдон тагида, одамлар оёғи остида қолиб кетди”, деди самарқандлик суҳбатдош.

Унинг айтишича, ўнлаб одам ўз яқинлари қабрлари текислаб ташланганидан норозилик билдирган.

“Ҳокимият одамларни тинчлантиришга ҳаракат қилаяпти. Қабрларни суриш жараёнида топилган бир қанча одам суякларини йиғиб қўйишган экан. Лекин қайси суяк кимга тегишли эканлигини ким қаердан билади? Бунинг иложи йўқку! Тўполон қилган баъзи аёлларни ҳокимият уйингни ремонт қилиб берамиз, моддий ёрдам берамиз, бўлмаса ўзингга ёмон бўлади, деб тинчитаяпти”, деди самарқандлик аëл.

Воқеага гувоҳ бўлган бошқа бир самарқандликларнинг айтишича, қабр учун жой тайёрлаш учун ишчилар Тошкентдан олиб келинган. Маҳаллий одамлар у ерга умуман яқинлаштирилмаган.

Эски қабрларнинг эгалари бу ишлардан қабрлар текисланиб бўлгандан сўнг хабар топган.

Исми сир қолишини сўраган самарқандлик 70 яшар отахон, ҳукумат, битта ўликни қўйиш учун ўнлаб бошқа ўликларга ҳурматсизлик қилганини айтади.

“Одамлар буни роса гап қилишаяпти. Тириклигидаку ҳаммадан катта эди, ўлганда ҳам ҳаммадан катта бўлдими, деб. Менинг болаликдан эшитган гапим шуки, инсоннинг руҳини безовта қилмаслик учун унинг қабрига тегмаслик керак. Агар шу ерга зарурат бўлса, 40 йилдан сўнг, қариндошларининг рухсати билан суяклари териб олиниб, бошқа жойга кўмилиши керак. Булар эса бузиш давомида топган суякларини қабристондаги бошқа жойга олиб бориб кўмдилар дейишяпти. Бу коммунистчасига айтганда “братская могила” бўлдими энди? Уруш бўлмаган юртда ҳам шундай бўладими? Қабрга қўйилганидан сўнг, у гадо бўладими, шоҳ бўладими қисмати бир хил бўлиши керак. Қўйилганидан кейин савол-жавобини Худо қилади”, деди Озодлик суҳбатлашган кекса самарқандлик.

Озодлик бу масалага муносабат олиш учун, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги билан боғланди. Ўзини таништирмаган мулозим саволни эшитгач, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафот этгани ҳақидаги расмий хабар 2 сентябрь куни эълон қилинди.

Самарқандда Ислом Каримовнинг дафн маросимига тайёргарлик 1 сентябрь куни бошлаб юборилгани ҳақида Озодлик биринчи бўлиб хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG