Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:49

Каримовдан кейин ҳокимиятга ким келиши мумкин?


Ислом Каримов.
Ислом Каримов.

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола-Каримова Тиллаева отасининг мияга қон қуюлиш ташхиси билан касалхонада эканини эълон қилди.

Мутахассислар бу ташхисдан сўнг беморнинг тўлиқ фаолиятга қайтиши мавҳумлигини айтмоқдалар.

Бундай вазиятда Ислом Каримов ўрнига даъвогарлар ким¸ бу жараëн қандай кечади¸ танловда сўнгги сўзни ким айтади? деган саволлар яна ўртага чиқмоқда.

Озодлик айрим сиëсатчи ва сиëсатшуносларга ана шу саволлар билан мурожаат қилди.

Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаев:

Асқар Ақаев
Асқар Ақаев

- Ислом Абгуғаниевич Каримовга жуда катта ҳурматим бор. Бу одам 25 йилдан кўпроқ вақт давомида мамлакатдаги тинчликни сақлаб келди¸ Ўзбекистонни ўтиш даврининг жуда оғир даврларидан эсон-омон олиб чиқди. Мен унинг тузалиб кетиши ва халқи¸ мамлакатини бошқаришда давом этишига умид қиламан. Менимча¸ ҳозирча пост-Каримов даври ҳақида гапиришга эрта. Унинг саломатлиги бақувват ва бу дарддан тузалиб чиқади. Бир йил олдин ўзбек халқи Каримовни сайлаган эди. Бу донишманд халқ кимни сайлашни билади ва келажакда ҳам Ислом Абдуғаниевич каби донишмандларни ўз етакчиси қилиб сайлайди.

Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаев
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:10 0:00
Бевосита линк

Озодлик/Озод Европа радиосининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер:

- Лола Каримова-Тиллаеванинг Instragram даги сўнгги ëзувидан келиб чиқилса¸ мияга қон қуюлишдан кейин Каримовни тирик олиб қолишган тақдирда ҳам¸ энди бу ëшида унинг давлатни бошқара оладиган аҳволга қайтиши деярли имконсиз. Бундай вазиятда унинг ўрнига ким келади¸ деган савол кун тартибидаги асосий савол ва ворис ҳақида гапиришга мажбурмиз. Ўзбекистон Конституциясининг 96-моддасига кўра¸ президент ишга лаëқатини йўқотган тақдирда¸ Сенат раиси бу вазифани вақтинча бажаришга ўтади. Ўзбек Сенатининг ҳозирги раиси Ниғматулла Йўлдошев ва бу одам ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Бу одамнинг ўтмишда Адлия вазири бўлгани ва Ҳюман Райтс Уотч каби гуруҳларни Ўзбекистондан ҳайдаб чиқарганини биламиз¸ холос. Йўлдошевнинг майда балиқ экани ва узоққа бормаслиги¸ ҳақиқий ворис устида жиддий жанг ҳокимият коридорларида бораëтгани ҳаммага маълум. Лола Каримова отасининг ҳокимиятни бошқара олмаслигини эътироф этганидан сўнг¸ бу гуруҳлар ўз ораларида тез бир муросага келишга мажбур¸ деб ўйлайман. Бу муроса¸ Ўзбекистондаги икки кучли клан – Тошкент ва Самарқанд кланлари орасида эришилиши лозим. Каримов Самарқанд клани вакили эди¸ аммо асосий куч ишлатиш тизимларини Тошкент кланига бериш орқали кланлар ўртасидаги мувозанатни сақлаб келди. Каримовга ким ворис бўлишини МХХнинг ниҳоятда қудратли раиси Рустам Иноятов ҳал қилади¸ деб ўйлайман.

Брюс Панниер фикрлари (инглиз тилида)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:14 0:00
Бевосита линк

Москвадаги Карнеги тинчлик жамғармасининг Марказий Осиë бўйича етакчи мутахассиси Алексей Малашенко:

- Менимча¸ пост-Каримов даврининг норасман бошланганига анча бўлади. Тарқоқ ва кланларга бўлинган бўлса-да¸ ўзбек элитаси Каримовдан кейин нима бўлади¸ деган савол устида анчадан бери бош қотириб келаëтган эди. Фақат бу ҳақда очиқ гап йўқ эди. Ҳозир ҳар қалай¸ мавҳумлик демаган бўлардим¸ жимлик даври бошланди. Улар ҳозир бир-бири билан очиқ гаплашишдан олдингига нисбатан ҳам қўрқиб қолган – Ислом Абдуғаниевич тирик қолса нима бўлади¸ деган эҳтимол уларни қўрқитиб турибди. Ҳозир улар сиртдан бўлса ҳам ўз ичларида бирлик борлигини кўрсатишлари керак¸ акс ҳолда ҳаммага бирдек зиëн етади. Ҳозир асосий савол¸ тарқоқ кланлар ўз ораларида муросага эриша оладими¸ деган саволдир. Шу пайтгача¸ улар битта отанинг дўпписи остида яшаб келишди ва ҳаммаси рисоладагидай эди. Лекин энди ўйин ўзгаради. Улардан қай биридир ҳокимиятга чанқоқроқ бўлса¸ ëки узоқ йиллар бўйи “кул ранг кардинал” бўлиб келган Иноятов энди кардиналликдан чиқиб¸ бошқа ролга ўтса нима бўлади? Кланлар ўзаро келиша олмасачи? Исломий мухолифат ҳозирги вазиятда ўзини қандай тутади? Борми ўзи шунақа мухолифат? Хуллас¸ пост-Каримов даврининг ривожланиш эҳтимоли бор қатор версиялар мавжуд.

Алексей Малашенко
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Халқ ҳаракати етакчиси Муҳаммад Солиҳ:

- Ўзбекистонда пост-Каримов даври эмас¸ каримовсизлик даври бошланди¸ дейиш тўғрироқ бўларди менимча. Чунки¸ ҳали Каримовнинг ўлганига оид хабар йўқ ва у яна тузалиб кетиши мумкин. Лекин Каримов ўзига келган тақдирда ҳам икки марта инсультни бошдан кечирган одамнинг соғлиғи аввалгидек бўлмайди. Айни пайтда¸ ҳокимият коридорларида “пост-Каримов босқичи” бошланди. Ҳозирча бу давр ўзини очиқ намоëн қилмаëтир. Тахминимча¸ ҳокимият учун кураш¸ асосан¸ Тошкент ва Самарқанд деб аталаëтган кланлар ўртасида бормоқда. Айни кунларда¸ Тошкент кланининг кучайгани айтилади¸ бироқ бу кланнинг аниқ бир етакчиси ҳали йўқ. Панада қолаëтган Рустам Азимов бор¸ аммо у ҳали узил-кесил шаклланиб¸ майдонга тушгани йўқ. Самарқанд-Жиззах клани етакчиси деб айтиладиган Шавкат Мирзиëев ҳам ҳозирча ўзида ворисликка даъво қилиш жасоратини топгани йўқ. Ҳозирча ҳамма кутиш босқичида.

Муҳаммад Солиҳ билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:48 0:00
Бевосита линк

Мустақил сиëсатшунос Камолиддин Раббимов:

- Менимча¸ пост-Каримов даври бошланди. Чунки Ўзбекистон тарихида Каримовнинг соғлиғи ҳақида бирор марта расмий маълумот тарқатилмаган эди 27 йил давомида. Ҳокимиятнинг Каримов соғлиғи ҳақида маълумот тарқатгани вазиятнинг ўта қалтислиги ëки фавқулодда ҳолат эканини англатади. Ҳокимият мантиқида Каримовнинг соғлиғи ва ижтимоий барқарорлик бир-бирига узвий боғлиқ эди. Ҳокимият мустақиллик байрамида Каримовнинг иштирок этмаслигига жамоатчиликни тайëрлашга мажбур бўлди. Каримовнинг касаллиги фонида ҳокимият учун кураш аллақачон бошланди. Ўйлайманки¸ Каримов шу пайтгача ўзига ўриндош бўлиши мумкин бир қанча шахсларга имконият берди. Биринчиси¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëев¸ иккинчиси унинг биринчи ўринбосари¸ Молия вазири Рустам Азимовдир. Ўйлайманки¸ савдо бошланди. Охирги сўзни бу савдода ресурслар айтади. Ўзбекистонда ғоялар курашмайди¸ партияларнинг сайлов дастури курашмайди. Ўзбекистонда шахслар ва уларнинг жамул-жам ресурслари ҳокимият учун курашади. Ҳозир қайси шахс ўз атрофига қудратли шахс ва ресурсларни жамлай олса ва бу ресурслар орқали рақиб томонни ўйиндан сиқиб чиқара олса¸ ëки унга таҳдид қила олса¸ ана шу шахс ютиб чиқади ва ворис бўлади.

Камолиддин Раббимов
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00
Бевосита линк

Таниқли публицист Шароф Убайдуллаев:

- Каримовнинг иш фаолияти тўхтаган бўлса¸ давлат раҳбарлиги вақтинча Сенатга ўтиши керак. Сенатда ҳозир катта бир қўғирчоқ ўтирипти. Сенат раислигига келганига бир йилми¸ ярим йл бўлди¸ лекин ҳозиргача халқнинг олдига чиқиб бир оғиз гапирган эмас¸ қоғоздан калласини кўтармайди. Бу бир катта қўғирчоқ. Сиз ўйлайсизки¸ Бош вазир¸ кучишлатар тизимлари¸ президентнинг ëнидагилар шу қўғирчоққа давлатнинг муҳрини бериб қўядими? Президентнинг ўринбосари¸ аниқ вориси бўлмаганидан кеин¸ табиийки¸ унинг энг яқинида турганлар мамлакатнинг келажагини ҳал қилади бугун. Бу масалада жуда катта тортишув бўлади ва бу бошқача тус ҳам олиши мумкин. Ким куч тизимлари билан тил бириктира олса¸ куч тизимларидан асосий қисми кимни қўллаб-қувватласа¸ президент аппаратининг қоровули ҳам тепага чиқиб қолиши мумкин.

Шароф Убайдуллаев
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:03 0:00
Бевосита линк

Беларус собиқ президенти Станислав Шушкевич:

Станислав Шушкевич
Станислав Шушкевич

- Ислом Каримовни мен яқиндан таниганман. Мен уни ақл-заковат ва ҳамда кучли интеллект соҳиби сифатида биламан. У диктатор сифатида ном чиқарган бўлса ҳам, мен учун қадрдон киши эди. У совет даврининг одами эди ва биз уни бутун камчилигию фазилатлари билан қўшиб эътироф қилайлик. Бугун унинг яқинлари билан ҳамдардман.

Станислав Шушкевич билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:27 0:00
Бевосита линк

Озодлик бу борада таҳлилчилар фикрларини ўрганишда давом этади. Бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларингизни Сиз ҳам Озодликка йўллашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG