Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:51

Ўшлик журналист Шоҳруҳ Соипов таҳдидлардан ҳимоя сўраб милицияга ариза ёзди


Шоҳруҳ Соипов.
Шоҳруҳ Соипов.

Ўш аэропортида ва “Дўстлик” чегара назорат ўтказиш пунктида таксичиларнинг ўзбекистонлик йўловчиларга нисбатан бўлаётган қўпол муносабати тўғрисида айтиб чиққан журналист Шоҳруҳ Соипов ўзига нисбатан номаълум шахслар томонидан таҳдид бўлаётганини юзасидан милицияга мурожаат қилди.

Шоҳруҳ Соипов шу йил 21 июлида Россиядан Ўшга келаётган ўзбекистонлик танишларини кутиб олгани Ўш аэропортига боради ва у ерда таксистлар ўзбекистонликларни мажбурлаб ўз машинасига ўтқизмоқчи бўлаётганига гувоҳ бўлади. Бундан ташқари ўз танишларини ҳам мажбурлаб машинага тортаётган таксислар билан бўлган можарони видеога олади.

Айни ўша видеони ижтимоий тармоқларга жойлаганидан бир ҳафта ўтиб, Ўш вилоят милицияси аэропортдаги ҳолат юзасидан ўтказилаётган текширувларда уни гувоҳ сифатида сўроқ қилади.

“Такси ҳайдовчилари билан бўлган можарони фейсбук саҳифамда эълон қилганимдан кейин мени милицияга гувоҳ сифатида чақиришди ва шундан кейин ижтимоий тармоқлар орқали менга таҳдидлар бошланди. Бундан ташқари яқинларимдан менинг қўл телефоним, уй манзилимни сўрашяпти. Хатто номаълум шахслар акаларим ишлайдиган жойга бориб, мен ҳақимда маълумот олишга ҳаракат қиляпти экан”, - деди Шоҳруҳ.

Унинг айтишича сўнгги бир неча кунда, кўча-кўйда ҳам номаълум шахслар у билан сабабсиз жанжал чиқаришга уринмоқда. Ижтимоий тармоқларда миллатчилик руҳида бўлган тахдидлар ёзиляпти. Шундан келиб чиққан ҳолда, Шоҳруҳ милицияга ўзининг ҳавфсизлигини таъминлаб беришни сўраб ариза ёзади.

Журналистга кўра, у ижтимоий тармоқларда ўзига нисбатан таҳдид қилган фойдаланувчиларнинг шахсий саҳифаларини кўрган. Шохруҳ уларнинг биронтасини ҳам танимаган ва уларни фейк аккаунтлар деб гумон қилмоқда.

Ўш милицияси матбуот хизмати журналистнинг аризаси рўйхатга олинганини тасдиқлади ва текширув бошланганини билдирди.

Чипталар Ўзбекистонга нисбатан арзонроқ бўлгани учун кўплаб ўзбекистонликлар Ўш аэропотидан Россияга учади. Бунинг учун улар “Дўстлик” ўзбек-қирғиз чегарасидан ўтиши ва у ерда бир неча километр олисроқда жойлашган аэропортга келишлари керак.

Сўнгги бир неча йилда айни шу йўналишда таксистларнинг зўравонлиги, ўзбекистонликларни қиммат нархга машинасига мажбурлаб ўтқазиб олиб кетишаётгани тўғрисида шикоятлар кўпайган.

Расмий маълумотларга кўра, айни такси ҳайдовчиларининг ўзбекистонликларга қўпол муносабати бўйича милицияга 15та шикоят тушган. Бироқ жабрланган ўзбекистонликлар аризаси бўлмагани учун такси хайдовчилари огоҳлантириш билан қутулиб қолган. Озодлик радиоси бир неча кун олдин бу борадаги видеони ҳам эълон қилган эди.


Маҳаллий “Клооп” нашрининг ёзишича, Қирғизистонда журналистлар - оддий одамлар ва ҳукумат вакиллари томонидан жисмоний ва руҳий босимларга учраб келади.

Сўнгги беш ярим йилда – 2015 йил январидан 2021 йилнинг июлига қадар Қирғизистон прокуратуралари журналистларга нисбатан 42 та ноқонуний ҳаракат содир этилганини қайд этган.

Ундан беш иш судгача борган, 28 иш жиноят таркиби топилмагани учун тўхтатилган.

Журналистларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларнинг деярли барчаси иш вақтида содир этилган ёки уларнинг касбий фаолиятига боғлиқ бўлган.

Форум

XS
SM
MD
LG