Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Жаҳонгир Отажонов “шариатга зид” бўлгани учун қўшиқ айтишни тўхтатганини эълон қилди


Жаҳонгир Отажонов
Жаҳонгир Отажонов

Таниқли хонанда, тармоқларда мухлис ва хейтерларига эга 42 яшар Жаҳонгир Отажонов жорий йилнинг 10 декабрь куни Инстаграмдаги саҳифаси орқали “шариат номақбул қилгани боис қўшиқчилик фаолиятига нуқта қўйгани"ни эълон қилди.

Отажонов Озодлик мобил мухбири билан суҳбатда бу қарор узил-кесил эканини таъкидлади.

Социал фанлар доктори Хуршид Ҳабибнинг фикрича, қўшиқчи "ижтимоий тармоқнинг ўта диндор сегменти босими остида" ушбу қарорга келган бўлиши мумкин.

Отажонов ўз мусиқий фаолияти учун лицензия олган “O’zbekkonsert”давлат муассасаси вакили “қўшиқчининг диний эътиқоди билан боғлиқ қарори ҳурмат қилиниши”ни таъкидлади.

Хонанда ва музикант Дилнур Комилов эса, Отажоновнинг “мен энди ҳалол йўлга кирдим” деб видео чиқаргани "ўзбек мусиқа санъатида фаол бўлган устозларга маломат каби янграганидан дили оғригани"ни айтди.

Жаҳонгир Отажонов
Жаҳонгир Отажонов

Отажонов айнан нима деди?

Қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов 10 декабрь куни Инстаграм саҳифасида "энди бошқа қўшиқ айтмаслиги"ни деразасидан, Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси кўриниб турган автомашина ичидан туриб, икки дақиқалик видео орқали сокин ва босиқ овозда билдирди:

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ассалому алайкум азиз дўстлар. Мана мен, ниҳоят¸ иншооллоҳ, Оллоҳнинг иродаси билан ўзимни икки йилдан бери қийнаб келган саволларга ушбу дақиқаларда жавоб топдим, деб ўйлайман. Ўзим яхши кўрган¸ мени шунча даражотга етказган, халқимизни орасида озми, кўпми обрў қозонтирган касбим¸ яъни мусиқачилик касбимдан Оллоҳ учун¸шариатимизга тўғри келмагани учун воз кечдим. Воз кечишга журъат қилдим. Ҳаммаларингга каттакон раҳмат. Йиллар давомида мени олқишлаб¸ ашулаларимни эшитиб, шунчалик ҳурмат-эътибор қилганинглар учун. Ҳамманглардан Оллоҳ рози бўлсин. Шу қаторда мендан хафа бўлган¸ саҳна ишларимдан норози бўлган дўстларимиз ва юртдошларимизга ҳам соғлик, саломатлик тилайман. Мендан рози бўлишликларини сўраб қоламан. Оллоҳ барчанглардан рози бўлсин. Соғ-саломат бўлинглар. Бугундан бошлаб менга мусиқачилик касби бўйича мурожаат қилманглар..."

Бу видео эълон қилиниши ортидан Отажоновга оид тармоқ саҳифаларидан қўшиқлар ўчирилиб, мусиқанинг ҳаром эканига оид ëзув жойланди.

Отажонов саҳифасидаги ëзув
Отажонов саҳифасидаги ëзув

Тармоқ олқишлади ва хавотир билдирди

Қўшиқчининг баëноти тармоқда турлича қаршиланди. Таниқли кинотасвирчи Умида Аҳмедова “бу кетишда, эртага консерватория ва театрлар ҳам йўқ қилинади”, дея хавотир билдирди.

Социал фанлар доктори Хуршид Ҳабибга кўра "Отажонов ижтимоий тармоқнинг ўта диндор сегменти босими остида" шу қарорга келган бўлиши мумкин.

“Санъатдан кетиши сабаби менимча иккита: ижодий инқироз ва тармоқ босими. Лекин кўп санъаткорлар ижтимоий тармоқ психологиясини тушунмаяпти, унинг босими остида қолиб кетяпти.Ижодкор одам ижтимоий тармоқдан узоқроқ юриши керак, деган теориялар бор.

Буни врачлар, психологлар хам айтяпти. Реисламизация жараёнининг ён таъсирлари ва натижалари булар”, - дейди Хуршид Ҳабиб.

Унинг фикрича, давлатнинг бу борада аниқ позицияси йўқлиги муаммоли.

"Санъаткорлар давлатни ўзига таянч сифатида кўрмайди. Чунки бизда ижодкорни қанотига оладиган жиддий секуляр қатлам йўк”, - дейди суҳбатдош.

"Отарчи" деб тамғаланиш синдроми

Хуршид Ҳабиб назарида жамиятнинг санъаткорга паст назар билан қараши уларнинг руҳий мажруҳлигига сабаб бўлади.

“Бир психологик нуқта бор, шунга алоҳида эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман: Бизда артистнинг даромади тўйдан. Тўйга ит ҳам, бит ҳам келади. Биттаси ёпишади, биттаси ўпади, биттаси тепади, биттаси сўкади. Ижодкор "хақиқий" мухлиснинг маданий аҳволи билан юзма-юз бўлади. Бизнинг жамият артистни севади, лекин унга ҳурмат кўрсатмайди. Хожибой бизнинг қишлоққа келганда, роса кайфияти тушганини сезгандим. Шайхлар, тақводорлар қатламида эса бунинг акси. Халқ тавозеъ кўрсатади. Яқинига боришга журъат қилолмайди. Хоҳ катталар, хох фақирлар давраси бўлсин, шайх ҳурматда. Психологик нуқтаи назардан артистлик ва халқ билан мулоқот қачондир менинг ҳам жонимга теккан бўларди ва мен ҳам шайхликни, тақводорликни танлаган бўлардим. Жаҳонгирнинг санъатдан кетиши шахсий масала, лекин жамиятдаги актуал психологик муҳит билан боглиқ".

Хуршид Ҳабиб санъаткорлар фаолиятида COVID-19 пандемияси юзага келтирган бўшлиққа ҳам эътибор қаратади.

“Ижодни кичик даврада бўлса ҳам намойиш этиш ва бунинг эвазига ҳақ олиш имконияти камайди. Пандемия ижодкорларнинг соатлаб тармоқда ўтиришига ва тармоқдаги таъна-дашномларга маъруз қолишига сабабчи бўлди", -дейди ҳозирда Германияда яшаётган тадқиқотчи.

У Жаҳонгир Отажонов ўзбек қўшиқчилари орасида исёнкор табиати билан ажралиб турганини айтади.

"Жаҳонгир Отажонов ўзбек қўшикчилик санъатида панд-насиҳат, маънавиятчилик, "онажонинг рози sил" стилида қўшиқ куйламаган мен билган ягона хонанда".

Дунëвий давлатда мусиқага тақиқ йўқ

Жаҳонгир Отажоновнинг “Мусиқа ҳаром” экани ҳақидаги баëноти қўшиқчилар орасида эътирозларга сабаб бўлди.

Хонанда ва музикант Дилнур Комилов Озодлик билан суҳбатда Отажоновнинг “мен энди ҳалол йўлга кирдим” деб видео чиқаргани ўзбек мусиқа санъатида фаол бўлган устозларга маломат каби янграганидан дили оғриганини айтди.

“Шариатга кўра, деган асосда бутун бир мусиқий тамаддун устига чизиқ тортиш, энг камида инсофсизлик. Қолаверса, Ўзбекистон секульяр, яъни дунëвий давлат. Отажонов ўз чиқиши билан “қўшиқ айтаëтганлар гуноҳкор” дейишу бугунги саҳнада ижод қилаëтган устоз санъаткорларга маломатдир"¸ - дейди қўшиқчи.

Айни пайтда Жаҳонгир Отажонов диний кўз қараши туфайли санъатдан воз кечишини эълон қилаётган биринчи ўзбек қўшиқчиси эмас.

Бундан 10 кун олдин ëшлар орасида машхур “Уммон” мусиқий гуруҳи қўшиқчиси Шоҳруҳ ҳам “қўшиқ шариатда ҳаром қилингани" важидан ўзининг санъатдаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилган эди.

Ўзбекистонда қўшиқни ташлаб, диний соҳани танлаган ижодкорлар олдин ҳам бўлган. Тошкентнинг Учтепа туманидаги «Истироҳат» кўчасида жойлашган, Абдулҳамид Ҳожи масжиди муаззини Дониёр Тошмуҳамедов (Дониёр Файз) бир пайтлар ëшлар севадиган поп қўшиқчи эди.

У 90-йилларда "Сени севдим", "Жонон бўламан деб", "Ферузабону", "Нозанин" сингари қўшиқлари билан танилган.

Сулола вакили

Истеъдодли хонанда ва бастакор Жаҳонгир Отажонов 1978 йилда Хоразм вилоятининг Боғот туманида туғилган.

Ўзбекистон ва туркманистонликларнинг севимли санъаткорлари - Ортиқ Отажонов ва Қўзибой Отажонов Жаҳонгирнинг амакилари бўлади.

"Оилавий муҳит мени ҳам санъатга қизиқишимни пайдо қилган", деган эди у Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Жаҳонгир ҳали 1-синфда ўқиган йилларидаёқ қўшиқ айтишни бошлаган.

У Тошкентдаги Успенский номидаги махсус билим юртида ва Ўзбекистон давлат консерваториясида мусиқадан сабоқ олган.

XS
SM
MD
LG