Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:18

"Электр токи билан балиқ овлаган" собиқ милиционерларни калтаклаган 6 йигит ҳибсга олинди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Озодликка Мирзачўл туманида яшовчи бир гуруҳ ота-оналар номидан келган мактубда “электр токи билан балиқ тутаëтганларга тўсқинлик қилгани учун безориликда айбланган фарзандларимиз қийноққа солинмоқда. Улар собиқ ИИБ ходимларининг ноқонуний балиқ овига ҳалақит бергани учун 20 майдан бери бери ҳибсда қолмоқда” дейилади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланилгани борасидаги шикоят ўз тасдиғини топмаганини Озодликка билдирди.

Мирзачўл туман ИИБ зобити 6 ёш йигит Ўзбекистон жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 164-моддаси (Босқинчилик) моддалари бўйича айбланиб, жорий йил 20 май куни эҳтиëт чораси сифатида қамоқ қўлланганлигини Озодликка билдирди.

Зобит ҳибсда қолаëтганлар исмларини келтирди.

Зобитга кўра¸ 23 яшар Мусулмонов Даврон, 23 яшар Олтинбеков Сардор, 20 яшар Мўминов Даляр, 22 яшар Жўраев Бахтиëр, 23 яшар Қурбонбоев Мухтор ва 23 яшар Хушвақтов Нуриддинлар 20 майдан бери туман ИИБ изоляторида сақланмоқда.

Ота-оналардан бирининг Озодликка иддао қилишича¸ Мирзачўл туман ИИБ изоляторида ҳибсда қолаëтган болалар қийноққа солинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Озодликка¸ маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланилгани борасидаги шикоят ўз тасдиғини топмаганини билдирди.

“Мазкур холат юзасидан хибсдаги йигитларнинг қийноққа солинганлиги тўғрисидаги важлар тўлиқ текширилди. Махсус прокурор ҳар бир ҳибсдаги гумонланувчи билан шахсан учрашиб, қийноқ факти мавжуд эмаслигини аниқлаган. Мазкур йигитларга қўлланилган эҳтиет чорасини бошқасига алмаштириш масаласи кўрилмоқда. Лекин айтиш керакки, улар жиддий жиноятга қўл уришган, гумонланувчилардан иккитаси муқаддам судланган шахслардир”,- дейилади матбуот хизматининг Озодликка жавобида.

Шунингдек Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига кўра, “Ота-оналаринг қийнокка солиш борасидаги важи ўз тасдиғини топмаган бўлсада, бу жиноят иши тергови вилоят прокурорининг алоҳида назоратига олинган“.

Ўзини ҳибсда қолаëтган Олтинбеков Сардорнинг отаси дея таништирган суҳбатдошга кўра¸ “Балиқ тутишимга ҳалақит берди” дея йигитлар устидан шикоят қилган собиқ ИИБ ходимлари М. Р. ва И. Б.дир. Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳининг ўз Интернет саҳифасида билдиришича жанжал фигуранти бўлганлар сони тўққизта. Улардан учтаси жабрланувчи ва олти нафари айбланувчи.

Ота-оналардан бирининг иддаосига кўра¸ жабрланувчи деб айтилаëтган бу уч шахс ИИБдан пенсияга чиққан ходимлар бўлиб балиқ тутиш тақиқланган пайтда тақиқланган усул билан балиқ овлашган.

Нима бўлган эди?

Озодлик воқеа гувоҳлари ва Табиатни мухофаза қилиш қўмитаси Жиззах вилоят бўлими мулозимлари билан суҳбат асосида воқеага ойдинлик киритишга уринди.

Жиззах вилоят ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи маълумотига кўра бу оддий босқинчилик бўлган:

“Юзларига ниқоб тутган 6 нафар йигит туманнинг Расул Ҳайдаров сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги зовурда балиқ овлаётган 3 нафар фуқарога ҳужум қилишган.

Жиноятчилар балиқчиларга таёқ билан тан жароҳати етказиб, 2 та уяли телефон, 200 минг сўм, 3 АҚШ доллари, 4 та қармоқ ҳамда жабрланувчилардан бирига тегишли ҳайдовчилик ва пенсия гувоҳномаларини олиб кетишган”.

Ҳибсда қолаëтган Олтинбеков Сардорнинг отаси эса бу воқеани бошқача талқин қилди:

- 20 май куни Гагарин шаҳри яқинидаги сизот сувлар оқизиладиган каналда ИИБ тизимидан нафақага чиққан Р. М.¸Б. И. ва исмини билмаганим яна бир киши юқори кучланишдаги электр токи мавжуд дугаларни сувга тиқиб балиқ овлашган. Бу балиқлар карахт бўлиб пастга оқиб кетган. Ўша ерда юрган ўғлим Олтинбеков Сардор кўриб қолиб ушлаб олган. Р. М. ва Б.И. катерда етиб келиб нега балиғимни олдинг деб Сардорга ташланишган. Ўша ерда юрган йигитлар келиб электр билан балиқ тутиш мумкин эмас дейишган. Б.И. "мен спецназда ишлаганман, сизларни қаматаман" деб қўл кўтарган пайтда ўғлим ва ўртоқлари қаршилик кўрсатган¸ - деди суҳбатдош.

Ҳибсда қолаëтган йигитларнинг ота-оналари адолат истаб маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилгани самарасиз бўлганини айтишди.

Жиззах вилоят ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи маълумотига кўра¸ “жабрланувчилар (Нафақадаги ИИБ ходимлари -таҳр) бош тўқималарининг лат ейиши, ёрилиш, бош мия ёпиқ шикастланиши, тиш синиши, бош мия чайқалиши каби шикоятлар билан туман ИИБ га мурожаат қилишган.

“Олиб борилган тезкор суриштирув натижаларига кўра, жиноятни туманнинг Ержар, Мустақиллик, Дўстлик маҳаллаларида яшовчи, 23-26 ёшли йигитлар содир этганлиги аён бўлди. Йигитларнинг ҳеч бири ишламайди,” дейилади Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи тарқатган маълумотда.

Озодлик 29 май куни суҳбатлашган табиатни муҳофаза қилиш бўлимининг исми айтилишини истамаган мулозимига кўра, бу даврда балиқ тутиш тақиқланган:

- Улар балиқ ови тақиқланган пайтда ҳамда тақиқланган усулда балиқ овлаган. 10 мартдан 31 майга қадар Жиззахдаги сув ҳавзаларида балиқ ови тақиқланади. Бу балиқларнинг увилдириқ қўядиган пайти. Лекин электр билан балиқларни ток урдириб овлаш умуман тақиқланган.

Изнсиз балиқчилар қандай жазоланади

Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон президенти «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади.

Бундан буëн “тегишли рухсати бўлмай туриб ёки тақиқланган жойларда ёхуд тақиқланган муддатларда, тақиқланган қуроллар ёки воситалар билан ов қилиш ёки балиқ овлаганлар уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади".

Олдинги тахрирда айни ҳуқуқбузарлик учун энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача бўлган миқдорда жарима кўзда тутилган эди.

XS
SM
MD
LG