Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:16

Истанбулда кавказлик ва ўрта осиёлик авторитетларнинг йирик сходкаси бўлиб ўтди


Лоту Гули лақаби билан танилган Надир Салифов.
Лоту Гули лақаби билан танилган Надир Салифов.

Якшанба, 7 октябрь куни Истанбулнинг Фотиҳ тумани, Оқсарой мавзесида кавказлик ва ўрта осиёлик криминал авторитетлар сходкаси бўлиб ўтди.

Озодликка маълум бўлишича, жиноят оламининг ўнлаб вакиллари иштирокидаги йиғинга Лоту Гули лақабли озарбайжонлик "вор в законе" Надир Салифов раислик қилган.

Йиғиндан бир кун ўтиб, Истанбул шаҳар полициясининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш шўъбаси ходимлари озарбайжонлик 46 яшар Надир Салифовни Истанбулда ҳибсга олган.

Истанбулдаги сходкага кимлар келди?

Сходкада иштирок этган ўзбекистонликлардан икки нафари: бир криминал авторитет ҳамда жиноят оламига яқин тадбиркорнинг Озодликка аноним тарзда маълум қилишларича, йиғинда жиноят оламининг Кавказ ва Марказий Осиё минтақаларидан бўлган, ҳозирда Туркияда истиқомат қилаётган ўнлаб вакиллари жам бўлган.

"Гули (Надир Салифов) Кавказ ва Ўрта Осиёдан бориб Туркияда яшаб юрган криминал авторитетларнинг сходкасини ўтказди. Сходкага Гули билан бирга ўн нафар “вор закон” ва қирққа яқин қўриқчилари келди. Ўрта осиёликларга йиғинда погонялоси (лақаби) Ахтам Самаркандский бўлган авторитет бошчилик қилди. Истанбулда яшайдиган ўзбекистонлик “кўчани болалари”дан 100 га яқини қатнашди. Қозоғистонликлардан 30 га яқини, қирғизистонлик ва тожикистонликлардан элликка яқин криминал авторитетлар йиғилди," – деди сходкада қатнашган ўзбекистонлик авторитет.

Сходканинг яна бир қатнашчиси - жиноят оламига яқин ўзбек тадбиркорининг айтишича, собиқ Совет иттифоқидан бўлган жиноят олами вакилларининг бундай йирик cходкаси илгарилари кузатилмаган.

"Бунақа катта сходка Истанбулда илгарилари ҳеч кузатилмаганди. Гулининг ёнида юрадиган ўнга яқин танилган ўғрилар қатнашди. Асосан, ўзаро баҳсли масалаларни қандай ҳал қилиш зарурлиги ва уларни ҳал қилишда судья роли кимга берилиши ҳақида гапирилди. Кейин обшчак маблағларини сарфлаш ҳақида ҳам гап бўлди," - деди ўзбекистонлик тадбиркор.

Ўғрибошидан ўзбек тадбиркорига талаб

Сходка пайтида жиноят оламидаги масалаларни муҳокама қилиш билан қаторда ўзбекистонлик йирик тадбиркордан обшчак (жиноят олами вакиллари ўртасидаги ўзаро ёрдам фонди – таҳр.) маблағини қайтариш талаб қилинган.​

Озодлик суҳбатдошларига кўра, Лоту Гули (Надир Салифов) сходка пайтида 2010 йилда обшчак маблағидан 10 миллион доллар олиб, Ўзбекистондан мева ва сабзавот экспорти билан шуғулланган тадбиркорга айни маблағни 2019 йил бошига қадар обшчакка қайтариш шартини қўйган.

(Озодлик бу ўзбекистонлик тадбиркорнинг шахсига оид маълумотга эга, аммо, хавфсизлик нуқтаи назаридан, унинг исм-фамилияси жамоатчиликка ошкор этилмайди)

Сходка иштирокчисининг қўшимча қилишича, Лоту Гули агар обшчак маблағи қайтарилмаса, ўзбекистонлик тадбиркор жиноят олами қонунларига кўра, жазоланиши ҳақида огоҳлантирган.

"Гули обшчак маблағини қайтариш масаласини ўзбекистонлик вор в законе Бахти Ташкентский билан ҳам гаплашганини айтди. Айни масалада у ва Бахти Ташкентскийнинг фикрлари бир эканини билдирди," - деди ўзбекистонлик авторитет.

Айни пайтда обшчак маблағини қайтариши шарт бўлган ўзбекистонлик тадбиркорнинг яқинларидан бири унинг ўтган ҳафта охирида Москвадан Тошкентга қайтиб кетганини Озодлика маълум қилди.

Лоту Гули ушланди

Турк нашрларининг хабар беришича, авторитетлар сходкасидан бир кун ўтиб, Лоту Гули (Надир Салифов) 8 октябрь оқшомида Истанбул шаҳрида полициянинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш шўъбаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Туркиядаги энг йирик газеталардан бири "Ҳурриет"га кўра, Лоту Гули (Надир Салифов) суиқасд, наркотиклар контрабандаси, товламачилик каби қатор жиноятларни содир этишда гумон қилиниб Истанбулнинг Ватан кўчасидаги полиция бўлимига сўроқ учун олиб кетилган.

Постсовет ҳудудларидаги энг номдор криминал авторитетлардан бири сифатида танилган Лоту Гули 2017 йилда қотиллик, қурол сақлаш, наркотиклар савдоси ва товламачилик айбловлари билан 22 йил қамоқ жазосини ўтагани ортидан озод этилганди.

XS
SM
MD
LG