Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бузишни буюрган тарихий бино маданий обида сифатида сақлаб қолинди


Бобур кўчасидаги 7-уйда Ўзбекистон маданий бойликларини асрашга катта ҳисса қўшган олимлар яшаган.
Бобур кўчасидаги 7-уйда Ўзбекистон маданий бойликларини асрашга катта ҳисса қўшган олимлар яшаган.

Тошкент шаҳри Бобур кўчасидаги икки қаватли уй Маданият вазирлиги тарафидан маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинаëтгани боис бузилмайдиган бўлди.

Бу ҳақда 1 апрель куни Маданият вазирлиги вакили Озодликка билдирди.

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги мулозимга кўра¸ тарихий бинонинг “коррупция схемаси асосида бузилиб ўрнига кўп қаватли уй қурилиши” масаласи билан шу кунда республика Бош прокуратураси шуғулланмоқда.

Яккасарой тумани Бобур кўчасидаги қарийб 100 йиллик бинони бузиб унинг ўрнини «Universal Packing Masters» («Murad Buildings» ширкати савдо белгиси ) бериш ҳақида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил октябрида қарор чиқарган эди.

Маданият вазирлигининг бу уй тарихидан яхши хабардор мулозими Озодликка 1550-сонли қарор чиқарилишидан олдин мазкур бинонинг "тушунарсиз тарз"да Маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилганини билдирди.

Бобур кўчасидаги 7-уй.
Бобур кўчасидаги 7-уй.

«Murad Buildings» ширкати бинони бузиш ишларини бошлагани ортидан жамоатчилик ва уй турғунлари норозилик билдириб чиқди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги¸ Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармаси жорий йил март ойида бинонинг тарихий-меъморий аҳамиятга эга эканли бўйича барча ҳужжатларни тўплаб¸ якуний хулосага келди.

Бу хулоса асосида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг икки йил олдинги қарори ижроси тўхтатилди ва бино яқин кунлар ичида маданий мерос обидалари рўйхатига қайта киритиладиган бўлди.

Ушбу бошқарма тақдим қилган маълумотномада ëзилишича¸ бино 20 асрдаги улуғ рус-совет архитектори Алексей Щусев (1873 -1949 ) томонидан лойиҳалаштирилган.

Маданий мерос бошқармаси ҳужжати
Маданий мерос бошқармаси ҳужжати

Конструктивизм оқимининг йирик вакили бўлган Щусев Москвадаги Ленин мақбараси¸ Қозон вокзали ва Тошкентдаги Навоий номли опера-балет театри биноси муаллифидир.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Озодликка тақдим қилган ҳужжатда “конструктивизм усулида ортиқча безаклардан холи бунëд этилган ва машҳур меъморнинг Тошкентда лойиҳалаштирган оз сонли асарларидан бири бўлган бино номаълум сабабга кўра Тошкент шаҳар ҳокимининг 697-сонли қарори билан тасдиқланган маданий мерос объектлари рўйхатининг 3-иловасига биноан¸ рўйхатдан чиқарилгани” айтилади.

Бобур кўчасидаги 7-уй.
Бобур кўчасидаги 7-уй.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган вазирликнинг айни соҳага маъсул вакили “бинонинг маданий мерос рўйхатидан чиқарилишига ҳеч қандай жиддий асос бўлмаган”ини айтади.

- Бино икки қаватли. Пишиқ ғиштдан қурилган. Шифтлари баланд. Зилзилага бардошли¸ 1966 йилги зилзилада шикастланмаган. Бинонинг 1935 йилги декор ва услуби ўзгармаган. Бино авария ҳолатида ҳам эмас. Ушбу бино собиқ Низомий номли (ҳозир Навоий номли адабиëт университети) педагогика институти меъморий ансамблининг бир қисми сифатида ва шаҳар қиëфасини белгиловчи эстетик унсур сифатида ҳам қадрли.

Мулозимнинг айтишича¸ “бино шаҳар ҳокими ва «Murad Buildings» ширкати чангалидан сўнгги минутда қутқариб қолинган”.

Бобур кўчаси
Бобур кўчаси

Олма ичидаги қурт

Тошкентлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиев бинонинг қутқарилишини "шаҳар маданий жамоатчилигининг ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев волюнтаризми устидан ғалабаси" деб атади.

- Ортиқхўжаев ва «Murad Buildings» тандеми олма ичидаги қурт каби Тошкент қиëфасини белгиловчи қатор бинолардан бизни мосуво қилди. Масалан¸ “Дом кино”ни бузиб¸ ўрнига дом қуриб сотишди. Схема оддий. Аввалига бино маданий мерос рўйхатидан чиқарилади. Кейин ҳоким қарор чиқаради. «Murad Buildings» келиб кўп қаватли бино қуриб сотади. Шу тариқа қаричма-қарич Тошкент марказидаги тарихий бинолар жойлашган ерлар шубҳали девелоперларга ҳеч қандай тендерсиз ўтиб кетади.

Бундай танқидига далил сифатида Турдиев нусхаси Озодликка юборилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзолаган 1550-сонли қарорни тилга олади.

- Қарорда “ўтказилган тендер натижаларига кўра”¸ деган жумла йўқ. Бунинг ўрнига “Вазирлар Маҳкамасининг 01-05-121-1 сонли баëнномасига асосан¸ Бобур кўчасидаги 7-уй бузилиб, ўрни «Universal Packing Masters» ширкатига кўп қаватли бино қуриш учун ажратиб берилсин"¸ дейилади. Нега айнан бу ширкат? Нега бошқаси эмас¸ деган савол туғилади. Тошкентни қарич-қарич бўлиб сотиш учун баëнномалар бераëтган Вазирлар Маҳкамасидаги мулозим ким¸ деган савол ҳам бор. Ортиқхўжаев ва "Murad Buildings»дан юқорида турадиган мулозимлар ҳам эътироз нишонида бўлиши керак. Мирзиëев иқтидорга келганидан кейин “шаҳар марказини шубҳали девелоперларга сотиш” бизнеси урчиди.

Ҳоким қарори
Ҳоким қарори

Тарих кашшофлари яшаган уй

Меъмор ва санъатшунос Турдиев Бобур кўчасидаги 7-уйда улуғ археолог Василий Шишкин (1894-1966) яшаб¸ ижод қилганлигининг ўзигина "бинони бузмаслик учун асос бўла олади" деб ҳисоблайди.

- Василий Афанасьевич боис дунë Самарқанддаги Афросиëб фрескалари борлигидан воқиф бўлди. Бугун "мана қадим тарихимиз" деб кўксига муштлаëтган амалдорлар бу тарихни ким тупроқ тагидан қазиб топганини биладими ўзи? Василий Афанасьевич қадим Варахша шаҳри қолдиқларини топган ва Улуғбек расадхонаси қазишмаларида иштирок этган. Қадим Бухоронинг меъморий харитасини чизиб¸ шаҳарни вандаллардан ҳимоя қилган ҳам Василий Афанасьевич Шишкин домла эди. Шу одам яшаган уйни бузиб¸ ўрнига кўп қаватли бино қуриб бойимоқчи бўлган амалдорга СТОП! дейилганидан мамнунман.

30 йилдан бери бузилаëтган Тошкент

Кейинги йилларда Ўзбекистонда кўпайиб бораëтган тарихий биноларни бузиш ëки фасадларига қорайтирилган шиша қоплаб асл тарзини ўзгартириш ҳолатлари санъатшунослар ташвишига сабаб бўлмоқда.

2019 йили Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги горизонтал фаввора бузиб ташланди. Тошкент тимсоли сифатида 52 йил отилиб турган фонтанни бузишда бевосита қатнашган мутасаддилардан бири унинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев буйруғи билан бузилганини билдирган эди.

2016 йили ТошМИнинг Николай даврида ғиштдан қурилган эски биноси¸ Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети (ТДПУ) бош биносининг сирт қисми батамом бузиб ташланган эди.

Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йили қурилган ва “Жўрабек “ масжиди дея тарихий ëдгорлик сифатида махсус рўйхатга тиркалиб, асраб келинган масжид бутунлай бузилиб¸ ўрнида Ислом Каримов номидаги “алюкобонд масжид” қурилган эди.

XS
SM
MD
LG