Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:27

Жаҳон бўйлаб ўсиб бораётган инфляция туфайли миллионлаб одам қийин аҳволга тушиб қолди


АҚШдаги маиший техника дўконларидан тортиб, Венгриядаги озиқ-овқат бозорлари ва Польшадаги ёқилғи қуйиш шохобчаларигача, юқори ёқилғи нархлари ҳамда таъминот занжирларидаги узилишлар туфайли истеъмол моллари нархлари кўтарилмоқда, натижада бутун дунё бўйлаб оилалар ва ширкатлар иқтисодий қийинчиликларга йўлиқмоқда.

“Associated Press” (AP) агентлиги хабар беришича, юқори инфляция озиқ-овқат, газ ва бошқа маҳсулотлар нархининг ошишига олиб келмоқда. Ривожланаётган мамлакатларда аҳвол айниқса оғирдир.

“Камроқ истеъмол қилаётганимизни пайқадик”, деди Венгрия пойтахти Будапешт шаҳридаги озиқ-овқат бозорини айланиб юрган Габор Парди AP агентлиги мухбирига.

“Энг арзон нарсаларни тежамкор харид қилишга ҳаракат қиляпмиз, гарчи уларнинг кўриниши унча зўр бўлмаса ҳам”.

COVID-19 пандемияси бошланганидан кейин жорий қилинган чекловлар кўплаб мамлакатларда бекор қилиниб, истеъмолчилар талаби қайта тикланган бўлишига қарамай, инқирознинг иқтисодий таъсири ҳамон сезилмоқда.

Эндиликда инфекциянинг навбатдаги тўлқини ҳамда коронавируснинг янги омикрон штамми туфайли айрим мамлакатлар ўз чегараларида назоратни кучайтирмоқда ва бошқа чекловларни жорий қилмоқда. Бу эса глобал иқтисодий тикланишга таҳдид солади.

Омикрон варианти аниқланиши ортидан заводлар, портлар ва юк тарқатиш пунктлари вақтинча ёпилиши ҳақида хавотир юзага келди, натижада нархлар янада кўтарила бошлади.

АҚШда жойлашган «High Frequency Economics» тадқиқот маркази иқтисодчиси Рубила Фаруқий AP агентлиги билан суҳбатда:

«Инфекцияларнинг янги босқичи таъминот занжирларини янада кўпроқ издан чиқариши мумкин, бу эса инфляция ошишига қўшимча босим бўлади», деди.

Янги штаммнинг иқтисодий таъсири инфляция даражаси шусиз ҳам юқори бўлган Шарқий Европа мамлакатларида айниқса кўп сезилмоқда.

Будапешт озиқ-овқат бозоридаги қассоб Илдико Серфозо мижозлар товарларини улгуржи нархларда харид қиладиган халқаро озиқ-овқат тармоқларига кўпроқ қатнай бошлаганни айтди.

"Харидорлар нарх-навога сезгир, шунинг учун маҳсулотларимиз юқори сифатли бўлса ҳам, кўпинча бизни четлаб ўтади", дейди у.

"Инфляция биз учун яхши эмаслигини пайқаяпмиз... Фарзандларим оилавий бизнесимизни давом эттиришни истамаётганидан мамнунман. Бу бизнесда катта келажак кўрмаяпман".

Венгрия яқинидаги Польшада 71 ёшли нафақахўр Барбара Гротовска пойтахт Варшавада чиқинди йиғиш тўлови қарийб уч бараварга кўпайиб, 88 злотийга (21 доллар) кўтарилганини айтди. У, шунингдек, мой нархи учдан бирга кўтарилиб, 10 злотийга (2.40 доллар) етганидан шикоят қилди.

Инфляция тез суръатда ошиб бораётгани бутун дунё бўйлаб бизнес раҳбарлари ва иқтисодчиларни ҳайратда қолдирди.

2020 йил баҳорида коронавирус глобал иқтисодиётни издан чиқарганди. Ўшанда ҳукуматлар кескин карантин чекловларини жорий қилди, корхоналар ёпилди ёки иш соатларини қисқартирди, оилалар уйда ўтиришга мажбур бўлди. Бундан ташқари, ширкатлар буюртмаларни бекор қилди ва режалаштирилган инвестицияларни тўхтатди.

Иқтисодий фалокат олдини олиш мақсадида бадавлат давлатлар, айниқса, АҚШ триллионлаб доллар қийматга эга ҳукумат ёрдам дастурини жорий қилди. Бундай кўламдаги иқтисодий чоралар Иккинчи Жаҳон уруши йилларидан бери кўрилмаган эди. Шунингдек, иқтисодий фаолликни жонлантириш мақсадида марказий банклар фоиз ставкаларини пасайтирди.

Аммо иқтисодни жонлантиришга қаратилган бу саъй-ҳаракатлар кутилмаган оқибатларга ҳам олиб келди. Хусусан, истеъмолчилар давлат ёрдами ҳамда паст фоиз ставкаси билан олинган қарзлар ёрдамида кўпроқ сарфлай бошлади, вакциналар ишлаб чиқилгани одамларни ресторан, бар ва дўконларга қайтишга ундади. Натижада талаб миқдори таклиф миқдорига ета олмай қолди.

Портлар ва юк тақсимлаш бўлимларида юк тўпланиб қолди ва глобал таъминот занжирларидаги узилишлар натижасида нархлар кўтарила бошлади. Қолаверса, COVID-19 вирусининг янги тўлқинлари Осиёдаги завод ва портлар вақтинча ёпилишига сабаб бўлди.

Натижада нархлар катта суръатда ўса бошлади. Халқаро валюта жамғармасининг ҳисобларига кўра, бу йил жаҳон бўйлаб истеъмол моллари нархлари 4.3 фоизга ошади. Бу 2011 йилдан бери кузатилган энг катта ўсишдир.

Энг юқори инфляция кўрсаткичлари Марказий ва Шарқий Европанинг ривожланаётган мамлакатларида кузатилмоқда. Хусусан, Литвада 8.2 фоиз, Эстонияда 6.8 фоиз ва Венгрияда 6.6 фоиз инфляция қайд этилди. Европанинг энг тез ривожланаётган иқтисодларидан бири бўлган Польшада октябрь ойида инфляция 6.4 фоизни ташкил қилди.

Варшавадаги сабзавот дўконидаги бир нечта харидор нон каби асосий маҳсулотлар нархи ошиб бораётганидан хавотирда эканлигини айтишди.

44 ёшли сабзавот сотувчи Пётр Молак картошка, олма ёки сабзи нархини кўтаришга мажбур бўлмаганини, бироқ Испания ва Италиядан келадиган помидорнинг нархи анча ошганини айтди.

Марказий ва Шарқий Европада маҳаллий валюталар АҚШ доллари ва еврога нисбатан заифлашаётгани туфайли импорт қилинадиган маҳсулотлар ва ёқилғи нархлари ошмоқда.

Венгрия валютаси форинт сўнгги олти ой ичида долларга нисбатан тахминан 16 фоизга арзонлади. Бу Венгрия марказий банкининг мамлакат рақобатбардошлигини сақлаб қолиш ва арзон ишчи кучини излаётган хорижий компанияларни жалб қилиш стратегиясининг бир қисмидир, деди Будапештдаги «Hold Asset Management» инвестиция ширкати портфель менежери Солт Баласси.

Аммо импорт қилинадиган маҳсулотлар нархи кескин ошди. АҚШ долларида белгиланадиган нефть нархи кўтарилаётгани боис ёқилғи нархлари ҳам рекорд даражага кўтарилди.

"Венгрия форинти ва минтақадаги барча валюталар доимий равишда заифлашаётгани сабабли, нефтнинг бизнинг валюталаримиздаги нефть нархи доимий равишда ошиб боради", деди Баласси.

Жорий ойда бензин нархи 506 форинтга (1.59 доллар) ва дизель нархи 512 форинтга (1.61 доллар) етди, натижада Венгрия ҳукумати ёқилғи қуйиш шохобчаларида нархни 480 форинтдан (1.50 доллар) оширмасликни буюрди.

Баласси бу чора можарларга бир оз енгиллик туғдирса-да, ҳукмрон ўнг қанот партия яқинлашиб келаётган сайловлар арафасида рейтингини ошириш мақсадида бундай қарорга келганини тахмин қилди.

"Бу, шубҳасиз, катта иқтисодий камчиликларга эга сиёсий қарор, аммо хўжаликларни хурсанд қилади", деди у.

Польшанинг марказий банки ҳам иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва ҳукмрон партия қўллаб-қувватланишини таъминлаш мақсадида инфляция ошиқча кўтарилишига йўл қўйгани учун танқидга учраб келади.

Польша марказий банки нархларни пасайтириш мақсадида октябрь ва ноябрь ойларида икки марта фоиз ставкаларини оширди. Венгрия марказий банки эса жорий йилда олти марта ставкаларни қадам-бақадам кўтарди.

Жаҳон банки бош иқтисодчиси Кармен Рейнхарт агар марказий банклар инфляцияни назорат қилиш учун агрессив чора кўрса, иқтисодий тикланиш издан чиқиши мумкинлигини айтди.

Иқтисодчи озиқ-овқат нархлари кўтарилаётгани, бу ҳолат биринчи навбатда ривожланаётган мамлакатлардаги камбағалларга қийинчилик туғдираётганидан хавотир изҳор қилди.

"Озиқ-овқат нархлари ижтимоий тартибсизликлар учун барометрдир" деди у.

Иқтисодчи 2010 йилда бошланган араб баҳори қўзғолонларига қисман озиқ-овқат нархларининг ошиши сабаб бўлганини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG