Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:24

Избоскан ҳокими 249 нафар фермернинг ерини тортиб олди


Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокими Акмалжон Жалолов 7- 8 январь кунлари халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясини ўтказиб, ўтган йил пахта ёки буғдой режасини бажармаган фермерларнинг ери давлат захирасига қайтарилганини эълон қилди.

Мажлисда қатнашган фермерларнинг Озодликка айтишича, уларнинг баъзилари ҳокимнинг бу қароридан ҳайратга тушиб, эътироз ҳам билдирган. Лекин, ҳоким фермерлар ери олиб қўйилгани ҳақидаги қарорини депутатларга овозга қўйдирган ва депутатлар ҳокимнинг қарорини ёқлаб овоз берган.

Фермерлар ҳокимнинг бу қароридан норози бўлиб, Ўзбекистон президенти порталига шикоят ёздилар.

"Режага озгина етмай қолган бўлса, ерни тортиб олиш керакми?"

Ҳоким ўтказган йиғилишда қатнашган, исми сир қолишини сўраган избосканлик фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, туман ҳокими пахта режасини бажаролмаган барча фермерни ердан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган:

“Бу қарорнинг менга дахли йўқ, мен ёнимиздаги фермерларга ачинганимдан айтяпман. Шунча йил ишлаб, планларни доим бажариб келсаю, бир йил озгина етмай қолса ерини тортиб олиш керакми. Масалан, “Бахтиёр-замин нияти” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммаджон Абдураҳмонов ҳокимнинг бу қарорини эшитгандан сўнг, туриб гапирди. У “ҳар йили планни ортиғи билан бажариб келганман, ҳеч қайси ташкилотдан қарзим йўқ, фақат бу йил планга беш фоиз етмай қолди, лекин шундай бўлса ҳам 90 миллион соф фойда олдим”, деса, ҳоким, “сен мажлисларда кам қатнашгансан”, деди. Фермер, касал бўлгандим, участкавойни хабари бор, деса ҳам, ҳоким қулоқ солмади”, дейди исмини очиқламаётганимиз фермер.

Унинг айтишича, ҳоким рўйхатидаги фермерларнинг қарийб ярми давлатга пахта ва буғдой топшириш режасини мунтазам бажариб келган, лекин бир йилгина режага озгина пахта етказолмай қолган.

"Қарзим йўқ, даромад оляпман, нега ерни топширишим керак?"

Озодлик ери тортиб олинган фермерлардан бир неча нафари билан суҳбатлашди, улар исми ва фермер хўжалигининг номлари ошкор қилинмаслигини илтимос қилди.

Ўн йилдан буён пахта ва буғдой режасини ортиғи билан бажариб келган, ўтган йил эса пахта режасини қарийб 90 фоизга етказган фермернинг айтишича, у ҳокимнинг қароридан норозилик билдириб вилоят прокуратурасига ариза ёзган:

“Ҳар йили буғдойни ҳам, пахтани ҳам ошиқчаси билан, қўшимча мажбуриятини ҳам бажариб топширардим. Нефт, химиядан қарзим йўқ. Сессияда ҳоким ҳеч кимни гапиртирмади, ерларинг олинди, деб мажлисдан чиқариб юборди. Ҳоким бирор марта менинг еримни келиб кўрмаган, ҳолинг қандай демаган”, дейди исмини очиқламасликни сўраган фермер.

"Яхши фермерлар увол бўлмасин!"

Озодлик суҳбатлашган яна бир фермер пахта режасини бажармагани учун ери тортиб олинаётганини айтди:

“Ҳозир фермерлар йиғилишиб, президент порталига шикоят қилдик, вилоят прокуратурасига ариза киритдик. Бу нима деган гап, шунча йил илғор фермер бўлиб юрсам, ҳамма техникам бўлса, бир йил бажаролмай қолсам, ерни тортиб олиши керакми? Қонунларни ўрганишга киришдик, агар фермер режани уч йил сабабсиз бажаролмаса, кейин унинг ерини давлат захирасига қайтариш керак экан. Наҳотки ҳоким шуни билмаса?”, деди фермер.

Унинг айтишича, Избоскан тарихида энг узоқ муддат колхоз раиси бўлиб ишлаган Алишер Тиллабоев ҳам ҳокимнинг бу мантиқсиз қарорини танқид қилган:

“Алишер ота фермерлар тарафини олиб сўзга чиқди. “Агар бундай қилсак, энг зўр фермерлар кетиб қолади. Буни қайтадан текшириб чиқиш керак, яхши ишлаган фермерлар увол бўлмасин”, деди Алишер ота. Лекин ҳоким унинг гапини ҳам инобатга олмади", дейди фермер.

Фермерлар тарафини олган депутатлар ҳам бўлди

7 январь куни бўлиб ўтган сессияда, баъзи депутатлар ўзларининг ҳудудидаги фермерларни ёнини олиб гапирган.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, туман ҳокими депутатларни ҳам жеркиб ташлаган:

“Кўгай массивининг депутати фермерларни ҳимоя қилиб чиққан эди. Ҳоким жеркиб ташлади, керак бўлса сени ўзингни ҳам текширтираман, деди. Кейин ҳаммаси ўчди. Қарорини овозга қўйди, ҳамма депутатлар қўл кўтариб, тасдиқлади”, деди фермер.

"Президент ваколатни бериб қўйди, энди ҳоким истаганини қилади"

Исми сир қолишини сўраган халқ депутатлари Избоскан туман Кенгашининг депутатларидан бири, ҳақиқатан ҳам аксарият фермерларга нисбатан ноҳақлик бўлаётганини айтди:

“Тўғри, бу фермерлар орасида режани 40-50 фоиз қилганлари ҳам бор. Лекин ҳар йили режани бажарган, катта даромад олаётган фермерлар ҳам ана шу рўйхатга қўшилгани умуман нотўғри бўлган. Лекин ҳозир ҳокимнинг гапини ким қайтара олади? Ёнида қонун назоратчиси бўлган прокурор ўтирибди. Бир оғиз ҳам гапирмайди. Гапиролмайди ҳам. Чунки президентнинг ўзи ҳокимларга катта ваколат бериб қўйди. Ҳокимларни мен қўйганман, агар уни қамасанг, мен сени қамайман деди. Шундай бир ҳолатда ҳоким депутатнинг гапига қулоқ соладими”, дейди исмини очиқламаётганимиз избосканлик депутат.

Ҳоким ва депутатнинг фермер ерини олиб қўйишга ҳаққи борми?

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга кўра, фермер хўжалигини тугатиш “ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечилган, фермер хўжалиги банкрот деб топилган, фермер хўжалиги ер участкасидан белгиланган мақсадда фойдаланмаган, хусусан контрактация шартномасида назарда тутилмаган қишлоқ хўжалиги экинларини экканида ер участкасини олиб қўйиш зарурати бўлган ҳолатларда олиб қўйилади.

Фермер хўжалиги хўжалик бошлиғининг қарорига ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суднинг қарорига биноан тугатилади.

Қонунда фермер хўжалигини тугатиш халқ депутатлари туман кенгашининг ваколатига кириши ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.

Фермерларнинг айтишича, ҳоким 8 январь куни яна депутатлар ва боғдорчилик ҳамда сабзавотчилик фермер хўжаликларини раҳбарларини йиғиб мажлис ўтказган ва шу куни ҳам юздан ортиқ фермер хўжаликлари ерлари олинганини эълон қилган.

Ҳоким селектор йиғилишида вилоят ҳокимига жами 249 нафар фермернинг ери қайтариб олингани ҳақида қарор тайёрлангани ҳақида ҳисобот берган.

Озодлик манбаларига кўра, Избосканга қўшни Пахтаобод туманида эса режани бажармаган 17 фермернинг ери олиб қўйилган.

"Келсангиз гаплашамиз"

Избоскан тумани фермерлар уюшмасининг раиси Акром Бурҳонов фермерларнинг ери қайтариб олинаётгани сабаблари ҳақидаги Озодлик саволига жавоб беришдан бош тортди ва телефонни ўчириб қўйди.

Избоскан тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Абдумалик Валиев эса 249 нафар фермернинг ери олиб қўйилганини тасдиқлади, лекин у ҳам бу жараён тафсилотларига телефон орқали жавоб бермаслигини айтди:

"Келинг шу ерга, гаплашамиз", деган ҳоким ўринбосари алоқани узиб қўйди.

Озодликнинг ҳоким Акмалжон Жалолов билан боғланиш уринишлари бесамар бўлди.

Аввал вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Акмалжон Жалолов шу йилнинг май ойида Избоскан тумани ҳокими этиб тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG