Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:33

Исроил Ливанга бостириб кирди. Яқин Шарқдаги вазиятдан хавотирлар


Исроил-Ливан. Яқин Шарқ.
Исроил-Ливан. Яқин Шарқ.

Исроилнинг айтишича, унинг қўшинлари Ливан жанубида жангари гуруҳ ҳамда сиёсий партия "Ҳизбуллоҳ"га қарши "мақсадли ва аниқ" қуруқлик амалиётини бошлаган. АҚШ бу ҳаракатга қарши чиқиб, Яқин Шарқдаги вазият назоратдан чиқиб кетишидан хавотирда эканлигини билдирган эди.

Дунё бўйлаб вазиятни юмшатиш чақириқлари янграб турган бир пайтда, Исроил "Ҳизбуллоҳ"га босим ўтказишни давом эттиришга қасд қилди ҳамда Ливан билан шимолий чегарасининг айрим қисмларида ҳарбий зона эълон қилди.

"Ҳизбуллоҳ" АҚШ томонидан террорчи ташкилот сифатида таснифланган, Европа Иттифоқи эса унинг ҳарбий қанотинигина қора рўйхатга киритган. "Ҳизбуллоҳ"нинг сиёсий жабҳаси Ливан парламентида ўринга эга.

"Сиёсий раҳбарият қарорига мувофиқ, бир неча соат олдин ИДК (Исроил Мудофаа Кучлари) Ливан жанубидаги "Ҳизбуллоҳ" террорчиларининг объектлари ва инфратузилмасига қарши аниқ разведка маълумотларига асосланган ҳолда чекланган, маҳаллий ва мақсадли қуруқлик рейдларини бошлади," дейилади ИДКнинг 30 сентябрь куни кечқурун берган баёнотида.

"Бу нишонлар чегарага яқин қишлоқларда жойлашган ва Исроилнинг шимолий ҳудудларидаги аҳоли пунктлари учун бевосита таҳдид туғдирмоқда."

Исроил сўнгги ҳафталарда "Ҳизбуллоҳ"га кучли ҳаво ҳужумларини амалга оширди, жумладан, гуруҳнинг узоқ йиллик раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг ўлимига сабаб бўлган ракета зарбалари, шунингдек, унинг кўплаб раҳбарлари ва санкцияга учраган бошқа аъзоларини ўлдирди.

"Ҳизбуллоҳ"нинг юқори мартабали раҳбарлари сўнгги кунларда ўз жангарилари "Исроил қуруқликдан киришга қарор қилса, бунга тайёр" эканлигини таъкидлашганди.

Қуруқлик операциясининг бошланиши АҚШ президенти Жо Байдендан Исроилнинг Ливандаги бундай ҳаракатига муносабатини сўрашганидан бир неча соат ўтиб содир бўлди. Байден: "Мен уларнинг тўхташини истайман. Биз ҳозир тинчлик ўрнатишимиз керак," деб жавоб берди.

Кейинроқ, вазият кескинлашгач, Оқ уй ўз баёнотида Вашингтон Исроил ва Ливан ўртасида тинчлик ўрнатиш учун дипломатик ечим топиш керак деб ҳисобланаётганини маълум қилди.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро 30 сентябрь куни Байрутдан туриб, Исроилни "ҳар қандай қуруқлик босқинидан тийилишга ва ўт очишни тўхтатишга" чақирди. У, шунингдек, "Ҳизбуллоҳ"ни "худди шундай йўл тутишга ва минтақавий беқарорликка олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатдан тийилишга" ундади.

Украинага босқин: 951-кун | Исроил Ливанга бостириб кирди; Украина Россияга зарба бериш рухсатини олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:32 0:00

Исроилнинг Ливанга ва Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусий исёнчиларга қарши ҳужумлари ҳамда "Ҳизбуллоҳ" жангариларининг янги "Нур ракетаси" билан – кузатувчилар фикрича, бу баллистик ракета бўлиши мумкин – Исроилга ўт очгани ҳақидаги даъволар Яқин Шарқда кенг кўламли уруш хавфидан қўрқувларни кучайтирди.

30 сентябрь куни кечқурун Исроил ҳаво ҳужуми Байрутнинг жанубий чеккаларига зарба берди. Исроил ҳарбийлари аҳоли зич яшайдиган ҳудудда нишонга олинадиган учта бинони тинч аҳоли тарк этиши ҳақида огоҳлантиргандан сўнг, кучли портлашлар юз берди.

Шу билан бирга, Эрон Ливанда "Ҳизбуллоҳ"га қарши кучайган ҳужумлар манзарасида Исроилга қарши урушиш учун Ливан ёки Ғазо секторига ўз кучларини жойлаштирмаслигини маълум қилди.

"Эрон Ислом Республикасининг қўшимча ёки кўнгилли кучларини юборишга ҳожат йўқ," деди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Кананий 30 сентябрь куни, Ливан ва Фаластин ҳудудларидаги жангарилар "тажовуздан ҳимояланиш салоҳияти ва кучига эга" эканлигини таъкидлаб.

Қананийнинг баёноти "Ҳизбуллоҳ" раҳбари ўринбосари Наим Қосим видео хабарда Насруллоҳ ўрнига "кечроқ эмас, эртароқ" номзод танланишини айтганидан сўнг пайдо бўлди.

Хабарида у танлов "Ҳизбуллоҳ"нинг одатий механизмлари доирасида ўтказилишини айтди, аммо бошқа тафсилотларни келтирмади.

Насруллоҳ ўтган ҳафта "Ҳизбуллоҳ"нинг қўмондонлик марказига Исроил ҳаво ҳужумида ҳалок бўлди.

Исроил ҳарбийлари, шунингдек, Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган жангари гуруҳларга қарши ҳужумларини кенгайтирди ва Яманнинг Теҳрон иттифоқчиси бўлган ҳусий исёнчилари назоратидаги Худайда порт шаҳрига зарба берди. Айни пайтда жанубий Байрут ва Ливаннинг бошқа жойларидаги "Ҳизбуллоҳ" таянч нуқталарига ҳаво ҳужумларини кучайтирди.

"Ҳизбуллоҳ" кўрган бу йўқотишлар Эрон Исломий инқилобий гвардияси корпуси 1982 йилда Исроилнинг Ливанга бостириб киришига қарши курашиш учун жангари гуруҳни ташкил этишга ёрдам берганидан бери энг оғир йўқотиш бўлди.

Насруллоҳ бу можарода жанг қилиш учун "Ҳизбуллоҳ"га қўшилган ва 1992 йилда унинг раҳбари бўлган эди. У гуруҳни Ливаннинг энг кучли ҳарбий ва сиёсий кучига айлантирди

Форум

XS
SM
MD
LG