Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:51

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

16:35 22.10.2023

БМТ расмийлари: Ғазо барқарор таъминотга муҳтож

БМТ расмийлари Ғазога гуманитар ёрдам етказишга чақирмоқда. Анклавга кеча 20 та юк машинасида гуманитар ёрдам етказилди.

Бироқ бу эҳтиёжларни қоплаш учун етарли эмас.

Миср, Халқаро Қизил ярим ой жамияти, БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ва ЮНИCЕФ ҳомийлигида тиббий жиҳозлар, озиқ-овқат ва сув ортилган юк машиналари Ғазо секторининг жанубий қисмига етказилди.

ЮНИCЕФ ушбу ёрдам дастурини 44 000 шиша сув билан таъминлади. Бу Ғазонинг 22 000 аҳолисига бир кунга етади, холос.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аденом Гебрейесус Ғазо эҳтиёжлари юборилган ёрдамдан анча юқори эканлигини айтди.

Жаҳон озиқ-овқат дастури Ижрочи директори Синди Маккейн Ғазодаги “фавқулодда озиқ-овқатга қарам миллионлаб одамлар” учун юборилган ёрдамдан “барқарор ва хавфсиз” фойдаланишни таъминлашга чақирди.

БМТ Ғазодаги асосий эҳтиёжларни қондириш учун кунига 100 та юк машинасида ёрдам кераклигини айтди. Синди Маккейн урушдан олдин Ғазога ҳар куни 400 га яқин юк машинаси келганини қўшимча қилди.

16:38 22.10.2023

Исроил танклари Ғазо чегараси яқинига жойлашди

Бугун тонгда Исроилнинг Ғазо билан жанубий чегарасига танклар жойлаштирилди. Исроил анклав шимолига ҳужумларни кучайтиришини билдирган.

Ўтган кечада Исроилнинг Ғазога берган ҳаво ҳужумларида камида 50 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Исроил Ҳамаснинг 7 октабрдаги ҳужумларидан кейин Ғазони «тўлиқ қамал» ни бошлади. Ҳамас ҳужумида 1400 исроиллик, асосан тинч аҳоли ҳалок бўлди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг ракета ҳужумлари оқибатида ҳозиргача 4385 фаластинлик, жумладан, юзлаб болалар ҳалок бўлганини, бир миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этганини маълум қилди.

16:52 22.10.2023

35 мингдан ортиқ фаластинлик қочқин Ғазо жанубидаги чодир лагерида яшамоқда

Исроил армияси ўтган ҳафта қамал остидаги Ғазо секторининг шимолий ярмидаги тинч аҳолини жанубга кўчиб ўтишга буюрганидан бери 35 мингдан ортиқ фаластинлик қочқин Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳридаги чодир лагеридан бошпана топди.

Хон Юнусдаги Ал-Мавасси лагерида БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик Қочқинларга ёрдам ва Ишлар Агентлиги асосан Ғазо шимолидаги Жабалия ва Байт-Лахидаги қочқинлар лагерларидан эвакуация қилинган оилалар учун ўнлаб чодир қурди.

"Сув йўқ, совун ҳам йўқ, кўрпа ҳам йўқ. Бу ерда биз учун ҳеч нарса йўқ", - дейди Жабалиядан келган қочқин Ум Муҳаммад.

Лагердаги одамлар ёқилғи, электр энергияси ва интернетга эга эмас. Уларга консерва пакетлари бир неча кунда бир марта берилади.

Муҳаммад ва унинг хотини ўн нафар оила аъзосини боқиш учун товуқ шўрва пиширишга муваффақ бўлишди. Унинг айтишича, улар Исроил ҳаво ҳужумлари туфайли қочишга мажбур бўлган.

"Мен Ғазо шимолидан, Байт-Лахияданман. Биз Исроил ҳаво ҳужумлари давом этаётган маҳалламиздан қочиб кетяпмиз. Газ ва фосфордан қочдик. Болаларимизни ва ўзимизни портлашлардан ҳимоя қилиш учун Хон Юнусга келишга мажбур бўлдик”, деди у.

Шанба куни Миср Рафаҳ ўтиш жойини қайта очиб, гуманитар ёрдам ортилган 20 юк машинасини қамалдаги Ғазога киришига рухсат берди. Бироқ, БМТ учун ёрдамни саралаш ва тарқатиш учун бир неча кун керак бўлади.

БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик Қочқинларга ёрдам ва Ишлар Агентлиги медиа маслаҳатчиси Аднан Абу Ҳаснанинг айтишича, Ғазо эҳтиёжларини қондириш учун кунига камида 100 та ёрдам юк машинаси керак.

ҲАМАС-Исроил можаросининг сўнгги босқичи бошланган октабрдан бери давом этаётган Исроил ҳужумлари натижасида 1,6 миллионга яқин одам, яъни Ғазо аҳолисининг камида 60 фоизи уй-жойини тарк этди.

17:02 22.10.2023

АҚШ бўйлаб Ғазодаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаб намойишлар бўлмоқда

21-октябр, шанба куни юзлаб намойишчи икки ҳафта олдин Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ортидан Ғазога зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилиб, АҚШнинг турли шаҳарлари кўчаларига чиқди.

“Бугун биз бошдан кечираётган нарса, Фаластинда содир бўлаётган воқеалар Фаластин халқига қарши геноциддир. Бу инсон ҳуқуқлари масаласи. Бу диний масала эмас. Шундай қилиб, агар сиз адолат ёки ҳаётнинг бошқа томонида бўлсангиз, сиздан чиқишингизни сўраймиз ва агар сиз кўчаларда юраётган минглаб одамни кўрсангиз, уларнинг тўлаётган солиқлари том маънода геноцидни қўллаб-қувватламайди”, дейди намойишчилардан бири Аида Маскис.

Намойишчилар Тампа, Жексонвилл, Лос-Анжелес ва Бруклин шаҳарларида “Озод Фаластин” деб ҳайқирган, баннерлар ва Фаластин байроқларини ҳилпиратган.

“Мен ўзим фаластинлик бўлмасам-да, бу ерда кўп одамлар фаластинлик бўлмаслиги мумкин деб ўйлайман, лекин биз фаластинликларнинг азоб-уқубатлари учун шу ердамиз. Улар ишғол остида, апартеид режими остида. Уларнинг азобларини эса бутун дунё билади. Афсуски, икки томонлама стандартлар мавжуд”, дейди намойишчи Тарек Авруб.

Ҳамас жангарилари Ғазо секторида камида 212 кишини гаровда ушлаб турибди, деди Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниел Ҳагари. Бу рўйхатга аввал озод этилган Жудит Раанан ва унинг қизи Натали кирмайди.

Ҳагарининг фикрича, бу рақам якуний эмас. Ҳарбийлар бедарак йўқолганлар ҳақида янги маълумотларни олишда давом этмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG