Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:23

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

14:43 19.10.2023

Хон Юнусга қилинган Исроил ҳаво ҳужумларида болалар ўлди

Ғазо бўлгаси жанубидаги Хон Юнус шаҳрида Исроил армияси берган навбатдаги ракета зарбалари оқибатида яна бир неча бола ўлди.

19 октябрь кунги ҳаво ҳужумларида болалар, оналар ва кексалар жон сақлаётган 3 қаватли бино вайрон бўлди. Жами қурбонлар сони 12 киши экани хабар қилинди.

Ғазодаги соғлиқни сақлаш расмийлари берган маълумотга кўра, 12-кундирки даво этаётган ҳаво ҳужумлари натижасида жами ўлган фаластинликлар сони 3478 кишига етган, жароҳатланганлар 12 минг кишидан ошган.

14:53 19.10.2023

Британия Бош вазири Риши Сунак Исроилга борди

Британия бош вазири Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан музокара учун Исроилга борди.

Сунак бу ташрифидан мақсад ХАМАС қуролли гуруҳининг ҳужумига учраган Исроилга ўз қўлловини намойиш қилиш эканини билдирди.

Сунак идораси тарқатган расмий баёнотга кўра, Бош вазир минтақа раҳбарларига Исроил ва Фаластинда бой берилган қурбонлар учун ўз ҳамдардлигини билдиради ҳамда бу урушнинг кенг ёйилиши олдини олиш учун зарур барча чораларни кўришга чақиради.

Исроилдан сўнг Риши Сунакнинг минтақадаги қўшни давлатларга бориши ҳам кутилмоқда.

Сунакка ҳамроҳлик қилаётган Британия Ташқи ишлар вазири Жэймс Клеверли эса Миср, Туркия ва Қатарга бориб, уч кун давомида ушбу низони ҳал қилиш ва тинч ечим топиш йўлларини муҳокама қилиши айтилмоқда.

16:12 19.10.2023

Капитолийда Ғазони қўлловчилар норозилик акциясига йиғилди

АҚШ Конгрессининг Капитолийдаги биноси - Кеннон Хаусда Ғазо аҳолисини қўлловчилар норозилик акциясини ўтказди.

Норозилар Исроилдан Ғазо бўлгасидаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилишди.

Полиция бир неча ўн нафар намойишчини қўлга олди.

"Би-би-си" мухбирининг воқеа жойидан хабар қилишича, акцияни "Тинчлик учун яҳудийлар овози" номли сўлқанот ташкилот аъзолари ташкил қилган. Улар ўзларини анти-сионистлар ва геноцидга қарши курашчилар, деб аташади.

Исроил ва ХАМАС ўртасида 13 кундан буён давом этаётган уруш бошидан буён бу фаоллар минтақада ўт очишни дархол тўхтатишни талаб қилмоқда.

АҚШ матбуотининг хабар қилишича, 18 октябрь куни Капитолий тепаликларига 10 мингга яқин намойишчи йиғилган. Уларнинг қўлларида Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳамда "Исроил ҳукумати давом эттираётган фаластинликларнинг этник қирғини"ни тўхтатишни талаб қилувчи чақириқлар бўлган.

16:17 19.10.2023

Миср Ғазога гуманитар ёрдам учун коридор очишини билдирди

19 октябрга ўтар кечаси Миср билдирган эълонга кўра, гуманитар ёрдам йўлаги Рафаҳ ўтказиш пунктидан ўтади.

Бунга қадар АҚШ президенти Миср томони Ғазога юк машиналарини киритишга рози бўлганини билдирган эди.

Байден, агар ХАМАС бу юкларни ўтказмаса ёки мусодара қилса, йўл яна ёпилишидан огоҳлантирган.

Хабарларга кўра, ҳозирча 20 тага яқин юк машинаси ўтказишга келишилган ва бу ҳаракат жума куни - Рафаҳдаги ўтказиш пункти юк машиналари қатновига ҳозирланганидан сўнг - бошланиши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG