Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:40

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

15:57 10.12.2023

“Ундан қолгани шу” - эрининг туфлисини қучоқлаб фаластинлик ёш келин мотам тутмоқда

Шанба оқшомида Исроил ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган Абдулваҳоб ва Ашрам оилаларидан олти киши, жумладан икки нафари бола якшанба куни дафн этилди.

Қўшнилар ва оилалар Носир касалхонасига йиғилиб, ўз қариндошлари, жумладан, Рузам ал-Ашрамнинг эри учун ҳам мотам тутган.

"Ундан қолган нарса шу", деди Рузам эрининг пойафзалини қучоқлаб.

Видеода ҳалок бўлган ғазоликлар орасида ёш болаларнинг жасадлари ҳам борлигини кўриш мумкин.

“Урушдан олти ой олдин турмуш қурган эдик, бугун у шаҳид бўлди. У мени ёлғиз қолдирди", дейди Рузам.

Ижтимоий тармоқдаги постида исроиллик ҳарбийлар ўтган кун ичида 250 та нишонга зарба берганини айтди. Нишонлар орасида ҲАМАС жангарилари тўпланадиган жойлар, қурол омборлари ва ер ости туннеллари борлиги айтилади.

Ҳарбийларнинг маълум қилишича, улар тунда ҳаво ҳужуми билан масжид яқинидаги Ҳамас ҳарбий алоқа объектига ҳам зарба беришган, кейин эса қуруқликда рейд уюштирилган.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шанба куни Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 17700 дан ошди, минглаб одам бедарак йўқолгани ва вайроналар остида қолиб кетгани тахмин қилинмоқда. Вазирликнинг таъкидлашича, ўлганларнинг 40 фоизи 18 ёшгача бўлган болалардир.

14:33 9.12.2023

АҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи БМТ резолюциясига вето қўйди

Қўшма Штатлар Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи БМТ резолюцияси лойиҳасига вето қўйди.

Ҳужжатни БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 13 таси, жумладан, Россия ҳам қўллаб-қувватлади. Буюк Британия овоз беришда бетараф қолди. БАА томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага 97 давлат ҳайрихоҳ.

АҚШнинг БМТдаги элчиси ўринбосари Роберт Вуд резолюцияни “мувозанатсиз ва реалликдан йироқ” деб атади ва бу ерда ижобий ўзгаришларга олиб келмаслигини айтди. Вуднинг таъкидлашича, ҳужжат ҳаммуаллифлари АҚШ ва Европа Иттифоқида террорчи гуруҳ деб атаган ХАМАС гуруҳининг Исроилга ҳужумини қоралаш ва қурбонларга ҳамдардлик билдиришдан бош тортган, бу шунчаки "тушуниб бўлмайдиган".

Фаластиннинг БМТдаги вакили Риёд Мансур АҚШни "икки томонлама стандартлар"да айблади ва Американинг ветоси "ҳарбий жиноятчиларга янги жиноятлар содир этишлари учун кўпроқ вақт беради" деди. Хамас назоратидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, урушда 17 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Аввалроқ, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш биринчи марта БМТ Низомининг 99-моддасидан фойдаланди, бу унга Хавфсизлик кенгашини халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган муаммо ҳақида огоҳлантириш имконини беради.

12:40 6.12.2023

Исроил БМТнинг мувофиқлаштирувчиси Линн Хейстингс визасини бекор қилди

Исроил БМТнинг Фаластин ҳудудларидаги гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Линн Хейстингсга берилган вақтинча яшаш визасини бекор қилди. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн билдирди.

Унга кўра, Хейстингс АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС томонидан исроилликларни ўлдирганини қоралашдан бош тортгани ва Ғазодаги вазиятни “нотўғри” ёритгани ортидан мана шундай қарор қабул қилинган. Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, БМТ вакили ҳалок бўлган фаластинликларнинг барчасини тинч аҳоли деб ҳисоблайди.

“Биз БМТнинг бундай нохолислигига энди жим қараб турмаймиз! <...> ҲАМАСни 1200 исроилликни аёвсиз ўлдиргани, болалар ва қарияларни гаровга олгани, аёвсиз таҳқирлагани ва зўрлагани, Ғазо аҳолисидан тирик қалқон сифатида фойдалангани учун танқид қилмаган, бунинг ўрнига ўз фуқароларини ҳимоя қилаётган Исроилни, демократик давлатни айблаётган шахс БМТда хизмат қила олмайди ва Исроилга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилади”, – деб ёзди вазир.

Аввалроқ БМТ бош котиби вакили Стефан Дюжаррик Исроил 1 декабрда Хастингсга берилган визани бекор қилгани ҳақида билдирган эди. Унинг ўрнига бошқа вакил тайинланиши ёки тайинланмаслиги тўғрисида маълумот йўқ.

10:50 6.12.2023

АҚШ Исроилни Ғазода тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишига йўл қўмасликка чақирди

Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётида тинч аҳоли ҳалок бўлишда давом этмоқда. АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Ғазода тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш талаби билан Исроилга босим кўрсатмоқда, деб хабар берди Reuters.

Хабарда айтилишича, Вашингтон босим кўрсатиш воситаси сифатида Исроилга ҳарбий ёрдам камайтирилиши мумкинлигини айтмоқда.

Вице-президент Камала Харрис ва давлат котиби Энтони Блинкен ўз чиқишларида Исроил тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишининг олдини олиш учун “жарроҳ каби аниқ амалиёт ўтказиши” шартлигини таъкидлади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 5 декабрда ўтган матбуот анжуманида АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСга қарши уруш якунланганидан сўнг Ғазо ЦАХАЛ назорати остида қолиши лозимлигини таъкидлади.

“Бу урушни якунлашнинг ва тез якунлашнинг ягона йўли ҲАМАСга нисбатан қақшатқич куч ишлатишдир. Қақшатқич куч билан уни йўқ қилишдир”, — деди Исроил бош вазири.

Исроил армияси вакили Ғазо шимолидаги Жабалия шаҳрида ҲАМАС қўмондонлик пункти йўқ қилинганини билдирди. Шунингдек, Ғазода ҲАМАСнинг 500 та ер ости йўли ҳам вайрон қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG