Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:43

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

17:30 10.11.2023

Ғазо шифохоналарида беморлар оғриқсизлантирувчи воситаларисиз муолажа қилинмоқда

Ҳамшира яраланган қизчанинг бош жароҳатини оғриқсизлантирувчи воситаларисиз тикяпти. Бола оғриққа дош беролмай йиғлаяпти.

Бир ой олдин Ғазода уруш бошланганидан бери касалхоналар мисли кўрилмаган ярадорлар оқимига дуч келган.

"Баъзида оғриқни камайтириш учун ибтидоий усулларни қўллашга тўғри келади, беморга тишлаш учун таёқча берамиз”, дейди Ал Шифа касалхонаси ҳамшираси.

Уруш 7 октабр куни Ҳамас жангарилари Ғазо секторининг Исроил жануби билан чегарадош тўсиғини ёриб ўтиб, тинч аҳолига ҳужуми билан бошланган.

Исроил томонига кўра, Хамас Исроил тарихидаги энг даҳшатли қирғин кунида 1400 кишини ўлдирган ва 240 кишини гаровга олган.

Ғазодаги соғлиқни сақлаш расмийларининг айтишича, бир ойдан кўпроқ вақт ичида бўлгада 11 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлган.

Урушнинг дастлабки 12 кунида Ғазога ёрдам киритилмади. 21 октабр куни ёрдам юк машиналарининг биринчи карвони ҳудуднинг Миср билан чегарасидаги Рафаҳ ўтиш жойи орқали кириб келди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва халқаро ёрдам гуруҳлари кўрсатилган ёрдамлар етарли эмаслигини айтишмоқда.

10:24 10.11.2023

Нетаняҳу: Исроил Ғазони эгаллаб олиш ниятида эмас

Исроил АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСни мағлуб қилганидан сўнг Ғазони эгаллаб ёки босиб олиш ва бошқариш ниятида эмас. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 9 ноябрда маълум қилди.

Унга кўра, Ғазо бўлгасида янги жангари гуруҳлар хавфи пайдо бўлса, минтақага “ишончли кучлар” киритилиши мумкин.

“Биз Ғазони эгаллаб олишга, окуппация қилишга интилмаймиз, Ғазони бошқариш ниятимиз йўқ. Ғазонинг келажаги қандай бўлиши лозимлиги ҳаммага тушунарли: бу кураш оқибатида ҲАМАС йўқ бўлади, биз ҲАМАСни йўқ қиламиз. Бу нафақат бизга, барчага, тамаддун учун, фаластинликларга ва исроилликларга керак. Биз Ғазони демилитаризация, дерадикализациясини амалга ошириб, уни қайта тиклаш чораларини кўришимиз лозим, бу ишларнинг барчаси қўлимиздан келади”, - деди Нетаняҳу Fox News телеканалига берган интервьюсида.

Исроилнинг асосий ҳамкори АҚШ ҲАМАС билан урушдан сўнг Ғазо бўлгасини Фаластин бошқариши шарт, деган нуқтаи назарни билдирган.

09:57 10.11.2023

Вашингтон Исроилнинг Ғазода кунига бир неча соатдан танаффус эълон қилиш қарорини олқишлади

Исроил 9 ноябрдан бошлаб Ғазо шаҳри аҳолиси хавфсиз жойларга чиқиб кетиши учун кунига бир неча соатдан танаффус эълон қила бошлади. Жумладан, 10 ноябрда Исроил армияси олти соатлик танаффус бўлишини билдирди.

Вашингтон Исроилнинг бу қарорини олқишлади. Оқ Уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирбининг маълум қилишича, бу масала АҚШ ва Исроил расмийлари, жумладан, президент Жо Байден ва бош вазир Бинямин Нетаняҳу ўртасидаги сўзлашувларда кўтарилган эди.

Кирбига кўра, ўт отишнинг бир неча соатга тўхтатилиши Ғазо аҳолисига хавфсиз жойларга чиқиб кетиш ва гуманитар ёрдам етказиб беришга, шунингдек, гаровдагиларнинг озод қилинишига имконият яратади.

Оқ Уй расмийси ўт отишни тўлиқ тўхтатиш ҳозирда мақсадга мувофиқ эмаслигини, бу ҳолат фақат ҲАМАСга қўл келиши мумкинлигини айтди.

ҲАМАС АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

9 ноябрда ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги уруш бошланган 7 октябрдан бери 10812 киши ҳалок бўлгани ва уларнинг 4412 нафари бола эканини билдирди.

Исроилда эса 1400 киши ҳалок бўлган. ҲАМАС 240 нафардан кўпроқ кишини гаровга олган.

19:53 9.11.2023

БМТ: Исроил ва ҲАМАС ҳарбий жиноятлар содир этган

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ғазодаги можарода Исроил ва ҲАМАС радикал гуруҳи томонидан бирдай ҳарбий жиноятлар содир этилганини айтди:

"Бу дарвозанинг нариги томонида 56 йиллик ишғол ва 16 йиллик Исроил блокадаси остида яшаган, 7 октябргача дунёдаги энг катта очиқ қамоқхона сифатида таърифланган Ғазо жойлашган. 7 октябрь куни Фаластин қуролли гуруҳлари томонидан содир этилган ваҳшийликлар ва одамларни гаровга олиш -уруш жиноятлари. Исроилнинг Фаластин тинч аҳолисини оммавий жазолаши, аҳолини мажбуран кўчириши ҳам уруш жинояти".

Исроил 7 октябрь куни 1400 киши ҳаётига зомин бўлган ва 200 дан ортиқ одам гаровга олинган ҲАМАС ҳужумларидан кейин Ғазо секторини нишонга ола бошлаган.

Фаластин расмийлари ҳисоб-китобича, Исроил ҳужумида 10 569 фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг 40 фоизи болалардир.

Исроил томони эса ҲАМАС ҳужумида 1400 исроиллик ўлгани, 240 га яқин одам гаровга олинганини билдирган.

Озодлик уруш шароитида томонлар тақдим қилаётган маълумотларни тезкор текшириш имконига эга эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG