Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:23

Гаровдаги исроилликлар ўлими. Намойишчилар ҲАМАС билан келишувни талаб қилмоқда


Тел-Авивдаги норозилик намойиши. 1 сентябрь 2024 йил
Тел-Авивдаги норозилик намойиши. 1 сентябрь 2024 йил

Исроилда Бенямин Нетаняҳу ҳукуматидан гаровга олинган исроилликлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ҲАМАС билан келишишни талаб қилиб, оммавий норозилик намойишлари ва иш ташлашлар бўлиб ўтмоқда. 2023 йил 7 октябрида Исроилга ҳужумда ҲАМАС 1200 га яқин исроилликни ўлдириб, тахминан 250 нафарини асир олган эди.

Намойишлар Исроилда уруш бошланганидан бери энг каттаси бўлиб, Ғазо секторида ҲАМАСга қарши қарийб 11 ой давом этган урушдан кейин уни қандай давом эттириш борасидаги жамоатчилик ўртасидаги бўлинишни кўрсатмоқда.

Нетаняҳу ички сиёсий сабабларга кўра гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларни кечиктиришда айбланмоқда. Ҳозирги норозилик тўлқини Исроил мудофаа кучлари шанба куни Ғазо секторида ўтказган операция чоғида ўлдирилган олти нафар гаровга олинганни топгач бошланди. Яна 100 га яқин гаровга олинганлар ҲАМАС қўлида қолмоқда (улардан қанчаси тирик экани номаълум).

ҲАМАС “тўлақонли келишув”га рози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:41 0:00

Пайшанба куни Исроил ҳукумати ҲАМАС билан музокаралар стратегиясини муҳокама қилди ва ОАВ Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галант ўртасида жанжал чиққани ҳақида хабар берди. Асосий келишмовчиликлардан бири Нетаняҳунинг Исроил армиясининг Ғазо сектори ва Миср ўртасидаги чегара устидан назоратни сақлаб қолиш талаби бўлиб, ҲАМАС бунга рози эмас. Таъкидланишича, Галант ҳамда армия ва хавфсизлик кучлари раҳбарияти гаровга олинганларни қутқариш учун коридор устидан назоратни этиборсиз қолдириш мумкин, деб ҳисоблайди. Воқеа ҳақида матбуот тавсифига кўра, Галлант ҳукумат амалдорларига гаровга олинганларнинг ҳаёти ва чегара назорати ўртасида танлов қилишлари кераклигини айтган. Вазирлар Нетаняҳуни қўллаб-қувватлаган.

Олти нафар гаровга олинганнинг ўлими ҳақидаги хабар маълум бўлгач, ҲАМАС томонидан асирга олинган исроилликларнинг қариндошлари уюшмаларидан бири ҳукуматга қарши оммавий норозилик намойишларига чақирди: "Нетаняҳу гаровга олинганларни ташлаб қўйди".

Кейин кучли «Гистадрут» касаба уюшмаси раҳбари Арнон Бар-Давид душанба куни умумий иш ташлаш эълон қилди: "Келишув ҳамма нарсадан муҳимроқ".

«Гистадрут» Британия мандати остидаги Фаластинда пайдо бўлган ва Исроилнинг яратилишида катта роль ўйнаган (уни ўшанда Исроилнинг бўлажак биринчи Бош вазири Давид Бен-Гурион бошқарган). 7 октябрь куни ҲАМАС Исроилга ҳужум қилганидан бери «Гистадрут» сиёсий ҳаракатлардан ўзини тийди. Аммо ўтган баҳорда, Исроил ҳукумат таклиф қилган суд ислоҳотига қарши норозилик намойишлари бўлганда ва Нетаняҳу унга қарши чиққан Галантни ишдан бўшатишга уринганида, «Гистадрут» ҳам иш ташлашни эълон қилди ва ҳукумат охир-оқибат ислоҳотни тўхтатганди.

Якшанба куни кечқурун Исроилда ўнлаб, балки юз минглаб одамлар иштирок этган энг йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Душанба куни бир кунлик иш ташлаш бошланди.

Исроил суди душанба куни тушда иш ташлашни тугатиш тўғрисида қарор чиқарди ва «Гистадрут» бунга риоя қилишини айтди.

Яқин Шарқ ва Украинадаги уруш: Ғазода 1 ярим миллион аҳоли уйларини тарк этган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:06 0:00

Умумий манзара

Нетаняҳу ҳукумати Ғазо урушидан кўзланган мақсад ҲАМАСни тўла йўқ қилиш ва гаровга олинганларни озод қилиш деб эълон қилди. Ғазо секторида ўн минглаб фаластинликларнинг ҳалок бўлишига ва кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлган урушга қарийб 11 ой бўлганида, гуруҳ яна Исроил мудофаа кучлари уларни қувиб чиқарган ҳудудларга кириб, фаоллигича қолмоқда. Ғазодаги тинч аҳоли қурбонлари ва вайронагарчиликлар туфайли Исроил бутун дунёда тобора кўпроқ танқид қилинмоқда. ҲАМАС қўлида 100 га яқин исроиллик гаровда қолмоқда.

АҚШ ва бир қанча араб давлатлари воситачилигида бошланган гаровдагиларни озод қилиш эвазига Исроил ва ҲАМАС ўртасида сулҳ тузиш бўйича олиб борилган музокаралар натижа бермади.

Ўта ўнг партияларни ўз ичига олган Нетаняху ҳукумати урушни тугатиш бўйича аниқ режага эга эмаслиги учун танқид қилинди. Нетаняҳу Фаластин маъмуриятининг (Ғарбий Соҳилда фаолият юритади) урушдан кейин Ғазо сектори бошқарувида иштирок этишига қарши чиқди. Умуман олганда, Нетаняҳу ва ўнг қанот сиёсатчилар мустақил Фаластин давлатини қуриш ғоясини рад этиб, бу Исроилга қарши террор манбаи бўлишини айтмоқда. Келажакда Фаластин давлатини қуриш эса араб давлатларининг Ғазо секторини урушдан кейинги реконструкция қилишда иштирок этиши ва у ерда тартибни сақлаши учун талабларидан биридир.

Нетаняҳунинг ўзи сулҳ музокараларини сиёсий сабабларга кўра кечиктирганликда айбланмоқда: у ва унинг ўта ўнг ҳукумати аҳоли орасида кенг қўлловга эга эмас, кўпчилик унинг истеъфоси ва уруш тугаганидан кейин янги сайловлар ўтказилиши тарафдори. Нетаняҳунинг ўзи коррупцияда айбланмоқда ва агар у Бош вазир бўлмаса, унинг суд жараёни тезлашади.

Энди нима бўлади?

Айтилишича, АҚШ шу ҳафта ўт очишни тўхтатиш келишувининг янги, «якуний» версиясини таклиф қилишни кўриб чиқмоқда.

Нетаняҳу ҳукуматининг мухолифлари эса янги оммавий намойишларни муҳокама қилмоқда.

Нетаняҳу ҳукуматидаги ўта ўнгчи сиёсатчилар исроилликларни ҲАМАС билан келишувни талаб қилиб, террорчилар билан ўйнашда айбламоқда ва терроризмга фақат “ҳарбий воситалар” билан жавоб бериш ҳақида гапирмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG