Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:22

Отаси Россия¸ онаси Араб амирликларида ишлаб юрган 15 яшар қиз ўзини осди


Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги 4-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси уйи айвонида осилган ҳолда топилди.

Ҳодиса 17 сентябрь куни Пахтачи туманининг "Истиқлол" маҳалласида рўй берди.

Яқинларининг Озодликка айтишича¸ қизнинг отаси Россия¸ онаси эса Бирлашган Араб Амирликларига ишлашга кетган, қиз эса бувисиникида яшаган.

15 ёшли қизнинг ўз жонига қасд қилгани сабаб ва мотивлари Озодликка маълум эмас.

Туман Ички ишлар бўлими ходимининг Озодликка айтишича, туман прокуратураси қизнинг ўлими юзасидан дастлабки тергов ишларини олиб бормоқда.

Пахтачи туманининг Истиқлол маҳалласидаги 4-сон умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Ш.Ш. ўз жонига қасд қилгани ҳақида марҳума қўшниларидан бири Озодликка 18 сентябрь куни хабар қилди:​

Қиз 70 ёшли бувисиникида яшар эди. Онаси уч йил аввал қизини ташлаб Дубайга кетиб қолган, отаси ҳам қаёққадир кетган.

- Қиз 70 ёшли бувисиникида яшар эди. Онаси уч йил аввал қизини ташлаб Дубайга кетиб қолган, отаси ҳам қаёққадир кетган. Оилада ягона фарзанд. 17 сентябрь куни бувиси кечки соат 6 ларда уни уйи айвони тўсинига осилган ҳолда кўриб қолаяпти. Эртаси куни кўмишди, ота-онаси ўз қизининг жанозасига келишга улгуришмади, - деди марҳуманинг қўшниси.

Озодлик мухбири Пахтачи туманида юз берган фожиа тафсилотларини аниқлаш учун қиз ўқиган 4 -сон ўрта мактабга қўнғироқ қилди.

Мактабнинг ўқув ишлари бўйича мутасаддиси ўқувчи қизнинг 17 сентябрь куни соат 12 гача дарсда бўлганини айтди.

- 17 сентябрь куни икки соат ўқиди, кейин ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтиб, рухсат сўраб уйига кетган. Кейин шунақа бўлганини эшитдик. Ҳайронмиз нега бундай бўлганига, жуда ақлли қиз эди, - деди мактаб масъули.

Пахтачи туман Ички ишлар бўлими ходими Озодликка ўқувчи қиз ўлими юзасидан туман прокуратураси терговолди суриштируви олиб бораётгани ва тергов сири важидан бу ҳақда маълумот берилмаслигини айтди.

Қизнинг ота-онаси меҳнат муҳожиратида экани¸ унинг бувисиникида яшаб келганини ички ишлар бўлими ходими ҳам тасдиқлади.

Яқинларининг Озодликка айтишича¸ қизнинг отаси Россияда¸ онаси эса Бирлашган Араб Амирликларида ишлаб юрган.

Энди нимага осганини билмаймизку, лекин ота-онаси ёнида бўлса шунақа бўлмасми эди, деб ўйлаяпмиз-да. Ота-онаси ўз қизини жанозасига келишга ҳам улгуришмади, кеча дафн қилдик

- Қиз 12 ёшидан бувиси қарамоғида бўлиб келган. Қиз бола ота-она меҳрини кўрмай ўсди. Иқтисодий аҳволи яхши, ота-онаси пул жўнатиб турган, лекин барибир ота-она меҳри етишмаган. Энди нимага осганини билмаймизку, лекин ота-онаси ёнида бўлса шунақа бўлмасми эди, деб ўйлаяпмиз-да. Ота-онаси ўз қизини жанозасига келишга ҳам улгуришмади, кеча дафн қилдик, - деди ўзини осган қизнинг қариндоши Озодликка.

Озодликка келаëтган хабарлардан¸ Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг кўпайиб бораëтгани кўрилади.

Сўнгги олти ой ичида Озодлик ёшларнинг ўз жонига қасд қилгани билан боғлиқ ўндан ортиқ ҳолат ҳақида хабар қилди.

Зоминлик она Шаҳодат Ҳайдарова қизининг ўз жонига қасд қилишида ўқитувчиларни айбламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:56 0:00

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 9 ноябрь куни Самарқанд вилоят Халқ депутатлари кенгашида қилган чиқишида¸ вилоятдаги долзарб муаммолар қаторида аëллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражасининг юқорилигича қолаëтганини тилга олган эди.

"Аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари сони йил давомида эмас, соат сайин ошаяпти. Соат сайин! Қани Хотин-қизлар қўмитасининг бу борадаги бир таклифи? Нега шундай бўлгани, бунга ким айбдорлиги ҳақида бонг уриши керак", - деган эди Мирзиёев.

2019 йил январидан президент фармони билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиб, унда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG