Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

Интернат директори ўз устидан арз қилган тарбиячининг ўқувчиларига кўрпа бермади


Тўрткўлдаги 5 санатория интернат-мактаби ётоқхонаси
Тўрткўлдаги 5 санатория интернат-мактаби ётоқхонаси

Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманидаги 5-санатория мактаб-интернати ўқувчиларининг пахта тераётган ҳарбий хизматчиларга бериб юборилган кўрпалари ўрнига бошқа кўрпа-тўшак олиб келингани ҳақидаги Озодлик хабаридан сўнг, муассаса директори бу ҳақда хабар берган тарбиячи Зулфия Мавлоновани антиқа тарзда жазолади.

Зулфия Мавлонованинг Озодликка айтишича, кўрпасиз қолган болалар кўрпа билан таъминланган бўлсада, айнан унинг синфида бўлган қизларга ҳануз кўрпа-тўшак берилмаган.

Зулфия Мавлонова иддаосига кўра, 49 нафар соғлом болалар ҳам ўқиётгани ҳақидаги унинг шикояти текширувчилар томонидан аниқлангандан кейин, интернат директори бу болалар ота-оналарини тарбиячига қарши ариза ёзишга ундаган.

Тўрткўл туманидаги 5-санатория мактаб-интернати тарбиячиси Зулфия Мавлонованинг айтишича, Озодликнинг “Силга чалинган болалар кўрпа-тўшаги теримчи аскарларга бериб юборилди” мақоласидан сўнг, интернатга кўрпа-тўшак олиб келинган, аммо, унинг синфидаги ўқувчиларга берилмаган:

- Мана эртадан каникул бошланади, лекин ҳанузгача менинг синфимдаги қиз болаларга кўрпа-тўшак берилмади. Директор наглий тарзда “қўлингдан нима келади, Озодлик нима қилди, пешонамдан отдими”, деяпти. Менинг синфимдаги қизлар тунда совқотиб ухлаяпти. Директор мендан ўч олмоқчи бўлса, болаларнинг гуноҳи нима?, дейди Зулфия Мавлонова.

Озодликка юборилган видеода 9-синф ўқувчи қизларнинг туни билан совқотиб чиқаётгани ҳақида гапиради:

1-ўқувчи: - Мен кечаси фақат простина ёпиб ётдим. Кечаси жуда совуқ бўлди(ўқувчи ётар жойини кўрсатади)

2-ўқувчи: - Мен ҳам битта простинада ётдим. Устимга пододеялник ёпиб ётдим.

3-ўқувчи: - Мен уйдан кўрпа олиб келдим. Лекин шунда ҳам совқотдим, чунки отопления йўқ.

Ўқувчилар: - Биз Зулфия Мавлонованинг синфи бўлганимиз учун кўрпа бермаяпти. Биз кўрпа беринглар десак, қишда берилади, дейди.

Озодлик ўқувчи қизларнинг мактаб раҳбарияти томонидан босимга учрамаслиги учун видеони сайтга қўймади.

(Бу видео Халқ таълими вазирлиги ёки прокуратура вакиллари талаб қилган тақдирда, уларга юборилади – таҳририят)

Зулфия Мавлонованинг айтишича, сил касалига мойил болалар учун ихтисослаштирилган муассасада соғлом 49 нафар бола ўқигани ҳақидаги унинг шикояти тасдиқланганидан кейин мактаб-интернат директори Нурилла Рўзимов бу болалар ота-оналарини унга қарши қайрашга ҳаракат қилмоқда:

- Директор ўзига яқин ўқитувчи ва врачлар билан мактабда ўқиётган соғлом болалар ота-оналари иштирокида мажлис ўтказиб, уларнинг фарзандларини мактабдан кетишига мени сабабчи қилиб кўрсатишга ҳаракат қиляпти, дейди Зулфия Мавлонова.

Маълумот бергани учун жазоланишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бирининг айтишича, мактабда носоғлом вазият юзага келган:

“Зулфия Мавлоновага босим бўлаётгани рост. Директорнинг ноқонуний ишлари текширувчилар томонидан тасдиқланган бўлса-да, лекин унга қарши ҳеч қандай чора кўрилмади. Ўзи больничний олиб, мактабга келмай юрибди. Болаларнинг тўйиб овқат емагани ҳам рост, уларнинг кўрпалари ҳарбийларга бериб юборилгани ҳам рост, директорнинг ҳеч кимни менсимай ўз атрофидаги ўндан ортиқ ўқитувчи ва тарбиячи билан ҳаммани бир-бирига қарши қўяётгани ҳам рост. Айтишларича, унинг яқин қариндошларидан бири Тошкентда катта ишда ишлармиш. Балки, шунинг учун қанча фактлар тасдиқланса-да, унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаяпти”, дейди ўқитувчилардан бири.

Бу ўқитувчи билан бўлган суҳбат Озодлик архивида сақланмоқда.

Озодликнинг мактаб-интернат директори Нурилла Рўзимовни топиш ҳаракатлари натижасиз бўлди.

Директор қўнғироқларга жавоб бермади.

Тўрткўл туманидаги 5-санатория мактаб-интернатга Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлиги томонидан қўйилган куратор Икром Тлеймуротов Озодлик билан бу мавзуда суҳбатлашиш учун бошлиғидан рухсат олиши кераклигини айтди.

Тўрткўл туманидаги 5 санатория мактаб-интернатида қарийб 240 нафар ўқувчи бор.

Сил касалга мойил бўлган болаларни жисмонан бақувват қилишга ихтисослашган интернатда “менюга икки овқат ëзилиб фақат биттаси” берилаётгани ҳақида Озодликка 19 октябрь куни хабар қилган эди.

Мактаб-интернати ўқувчиларининг кўрпа-тўшаклари пахта тераётган ҳарбий хизматчиларга бериб юборилгани ҳақида ота-оналар Озодликка 25 октябрда шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG