Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:46

Тошкентда ресторанда тақиқланган ифторликлар пулдорларнинг уйига кўчди


Тошкентдаги хонадонлардан бирида ўтказилган ифторлик дастурхони
Тошкентдаги хонадонлардан бирида ўтказилган ифторлик дастурхони

Тошкентда умумий овқатланиш муассасаларида ифторлик бериш тақиқлангани ортидан ресторанларда ўтадиган маросим аҳоли хонадонларига кўчмоқда. Шаҳар ҳокимлиги аҳоли уйларида 20га қадар меҳмон билан ифторлик ўтказишга рухсат берган. Аммо, пойтахтнинг пулдорлари хонадонида кимўзарга 150-200 кишилик ифтор бериш бошланиб кетгани кузатилмоқда.

150 кишилик зиёфат

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги Тақачи маҳалласида куни кеча берилган ифторда иштирок этган рўзадорга кўра, камида 150 одам таклиф қилинган зиёфатнинг ресторандагидан ҳеч фарқи бўлмаган:

- 150та одам айтилди, деб айтишди. Дастурхон, хизмат кўрсатиш - ресторандан яхши, албатта. Масжиддан имом келди, маҳалладан чоллар чиқди. Икки соатлик бир зиёфат бўлди, - дейди исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдош.

Унинг айтишича, икки соатлик зиёфатда пойтахтдаги ресторанлардан бири ходимларию идиш-товоқ, стол-стуллари билан келиб, хизмат кўрсатган:

- Хизмат кўрсатиш худди ресторандагидай. Шунақа издиҳом, овқат устига овқат. Имом овқат билан овқатни орасида озгина-озгина амри-маъруф қилиб қўяди. Бир тарафдан энди файзли ўтяпти, ифторликда барибир. Бошқа тарафдан, ортиқча ҳашам ва исрофгарчилик, - дейди суҳбатдош.

Унинг хулосасича, ифторликка рухсат берилган ягона маскан - хонадонлар бўлиб қолаётгани боис, пойтахтнинг диндорлар кўп яшайдиган Олмазор, Шайхонтоҳур, Юнусобод каби туманларидаги ўзига тўқ хонадонларда бундай издиҳомларни кўп учратиш мумкин.

Маҳалладан кўрсатма

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси тавсияси билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги умумий овқатланиш муассасалари - ошхона, кафе, ресторанларда ифторлик беришни тақиқлаган. Идора мулозимлари ўз тавсияси сабабларидан бири сифатида айнан "кимўзарга зиёфат бериш" урфини тилга олади.

Аммо, аҳоли уйларида "ихчам ифторлик" беришга рухсат бор ва 13 июнь куни Озодлик боғланган бир неча маҳалла қўмитаси бунда одам сони бўйича қатъий чеклов йўқлиги, аммо кўпи билан 20-30 кишини чақириш тавсия қилинаётганини айтди.

Жумладан, Олмазор туманидаги маҳалла қўмиталари ходимларидан бирига кўра, маҳалладаги ифторларга 20 нафаргача меҳмон чақирилган:

"Шанба куни бордим, маҳалладаги ифторга. Қариндош-уруғи жуда кўп экан - 20 тача эркак йиғилди. Энди шунчадан ошмасин одам, деган буйруқ йўқ, лекин оғзаки айтиляпти, иложи борича камроқ одам айтилсин, деган. Биздан бир вакил қатнашиши ҳам шарт эмас, телефонда айтиб қўйишса ҳам бўлади", деди Олмазор туманидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг ходими.

Озодлик мухбири Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларидаги маҳалла қўмиталаридан ҳам қарийб шу мазмунда жавоб олди.

Жумладан, Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла фаолларидан бири ифторлик ўтказмоқчи бўлган оилалар "маҳалла қўмитасига куни, вақти, чақириладиган одам сони, келадиган имомнинг исмини билдириб қўйиши кифоя" эканини таъкидлади. Бу маҳалла фаоли ҳам одам сони бўйича қатъий чеклов йўқлигини айтди.

Ресторанларда норасмий ифторликлар

Тошкент ресторанлари эса расман ифторликка буюртма олмаётир, аммо ифтор қилмоқчи бўлганлар, одатдагидай, "аввалдан буюртма бериб қўйиши мумкин"лиги айтилмоқда.

"Расман ифторлик ўтказишга рухсат йўқку, неча йилдан бери. Лекин, 5-10 кишилик стол заказ қилиб қўйишяпти. Шу оғиз очиладиган вақтга клиент кўпайиб кетаяпти, тўғри", дейди Тошкент шаҳридаги миллий таом тайёрловчи ресторанлардан бирининг маъмури.

Ижтимоий тармоқларда эса бундай ифторликлардан олинган суратлар талайгина. Фойдаланувчилар пойтахтнинг ифторлик учун мос, деб топган емакхоналарини бошқалар билан ўртоқлашмоқдалар.

Рамазондаги чекловлар

Ўзбекистондаги умумий овқатланиш муассасаларида ифторликлар ўтказиш 2014-2015 йилдан бери кескин тақиқланганича қолмоқда.

Бу йилги Рамазон ойи арафасида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг умумий овқатланиш муассасаларида ифтор ўтказишни тақиқлаш ҳақида ҳокимиятга тавсия бергани ҳам маълум бўлди.

Ўзбекистонликларга ифторликни ўз уйида оиласи ёки қариндош-уруғлари билан ихчам қилиб ўтказиш тавсия қилинган. Ифторлик бермоқчи бўлганлар маҳалла қўмитасини огоҳлантириши ва улардан бир вакил иштирокида, имкон қадар, кичик жамоалар учун ифтор бериши мумкин. Уйда бўладиган ифторлик маросими учун 20 - 30 нафардан ортиқ меҳмон чақирмаслик тавсия қилинмоқда.

Ўзбекистонликлар орасида бундай назоратни маъқулловчилар ҳам, қораловчилар ҳам бор. Аммо, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар ва халқаро ташкилотлар ҳукуматнинг Рамазон ойидаги чеклов ва назоратини фуқаровий ва диний эркинликларнинг чекланиши сифатида танқид қиладилар.

XS
SM
MD
LG