Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:27

Ҳоким ўринбосари кадастр бўлими ходими бурнини уриб синдирди


Ҳоким ўринбосари Ҳабиб Азизов муштидан Фахриддин Қурбоновнинг (суратда) бурун суяги ёрилиб кетган. Қурбоновнинг ўзи сурат тўлиқ берилмаслигини сўради.
Ҳоким ўринбосари Ҳабиб Азизов муштидан Фахриддин Қурбоновнинг (суратда) бурун суяги ёрилиб кетган. Қурбоновнинг ўзи сурат тўлиқ берилмаслигини сўради.

Қашқадарё вилоят, Ғузор туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Ҳабиб Азизов 12 апрель куни туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассиси Фахриддин Қурбоновни уриб, бурнини синдирди. Фахриддин Қурбоновнинг Озодликка айтишича, бу ҳолатни туман прокурори ҳам жимгина кузатиб турган. Туман ҳокими ўринбосари Озодлик саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Ҳоким ўринбосари кадастр бўлими ходими бурнини уриб синдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Ғузор туман ҳокимининг ўринбосари Ҳабиб Азизов 12 апрель куни Батош қишлоғидаги далада Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ер тузувчиси Фахриддин Қурбоновни калтаклагани тўғрисида Озодликка унинг (Фахриддиннинг) ўзи хабар қилди.

Фахриддин Қурбоновнинг айтишича, бу воқеага кўпчилик гувоҳ бўлган:

- 12 апрель куни эрталаб соат 9 ларда ҳокимнинг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари, туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ҳабиб Азизов бошчилигидаги гуруҳ Батош қишлоғига бордик. Бу гуруҳда туман прокурори, менинг бошлиғим, вилоятдан келган мутахассис, МТП раиси, сув хўжалиги раиси - жами олти киши бор эди. Фермерларнинг ерларини кўрдик, бир ер бўйича масала бўлиб қолди. Ҳоким ўринбосари Ҳабиб Азизов “бу кимнинг ери, қарори борми”, деб сўради. Мен, ҳозир қўлимда йўқ, керак бўлса эртага топиб олиб бораман, дедим,- дейди Фахриддин Қурбонов.

Унинг айтишича, шундан сўнг Ҳабиб Азизов ҳеч нарса демасдан унга мушт туширган:

- Мен уни сўкканим йўқ, бир ёмон гап гапирганим йўқ. Бирданига келиб юзимга мушт туширди. Шундай қаттиқ урдики, кўзим тиниб йиқилдим. Бурнимдан шириллаб қон оқа бошлади. Ўрнимдан кўтариб турғизишди, мени нега урасиз, деб сўрадим. Индамай кетиб юборди, дейди Фахриддин Қурбонов.

Исми сир қолишини сўраган, бу воқеани ўз кўзи билан кўрган мулозимлардан бирининг айтишича, бунга туман прокурори ҳам гувоҳ бўлган, лекин зўравон ҳоким ўринбосарига у ҳеч нарса демаган:

- Уч-тўрт кун бўлди, бизга Санжар Нурматов деган прокурор келган. У ҳам шу воқеани ўзи кўрди, қонун бузилишига гувоҳ бўлди. Лекин бир оғиз ҳам индамади,- дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Фахриддин Қурбоновнинг айтишича, у шундан сўнг, туман касалхонасига борган ва биринчи муолажани олиб уйига кетган, аммо, кечаси билан оғриқ кучайгандан сўнг 13 апрель куни эрталаб, туман прокуратурасига ҳоким ўринбосари устидан шикоят аризаси берган:

- Туман прокуратураси менга экспертизадан ўтиб келиш ҳақида йўлланма берди. Бугун Қаршига бориб, бурнимни томография қилдим. Бурним суяги синиб, ёрилиб кетган экан. Ҳозир хулосани олиб келдим, эртага прокуратурага топшираман, - дейди Фахриддин Қурбонов.

Озодлик туман ҳокимининг ўринбосари Ҳабиб Азизов билан боғланди. “Нима сабабдан Фахриддин Қурбоновни урдингиз”, деган Озодлик саволига ҳоким ўринбосари “ким айтди?”, деб сўради. Озодликнинг “жабрланувчи айтди” деган жавобидан сўнг, Ҳабиб Азизов алоқани узди ва бошқа қилган қўнғироқларга жавоб бермади.

Ғузор туман прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими, барча саволларга фақат ёзма жавоб беришини айтди.

Ўзбекистонда ҳоким ва бошқа мансабдор шахсларнинг қўл остидаги раҳбар ва ходимларни калтаклаш ҳолатлари учраб туради.

Жорий йилнинг 16 февраль куни Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев президент Мирзиёвнинг Бухоро вилоятига сафари олдидан бино таъмирини тўлиқ тугатолмаган мадраса директорини онасидан ҳақорат қилди, устабошинининг қорнига мушт туширган эди.

Қашқадарё вилояти Нишон тумани ҳокими Асрор Жўраев 2016 йилнинг 19 октябрь куни эрталаб 8-мактабнинг маънавият бўйича директор ўринбосари, 36 яшар Шуҳрат Шоймардоновни фермерларнинг олдида дўппослаган эди.

XS
SM
MD
LG