Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:32

Фермернинг етилиб қолай деган карам, пиёз ва сабзиси бузиб ташланди


Сирожиддин Абдуғаффоровнинг сотишга тайëр бўлганда буздириб ташланган пиёз даласи, март, 2019 йил, Олтинсой тумани.
Сирожиддин Абдуғаффоровнинг сотишга тайëр бўлганда буздириб ташланган пиёз даласи, март, 2019 йил, Олтинсой тумани.

Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманидаги собиқ ''Бахтибек Исоқов” фермер хўжалигининг ҳокимлик билан шартнома асосида экилган 2 гектар майдондаги карам, пиёз ва сабзиси 27 март куни бузиб ташланган эди.

Воқеа юзасидан сўнгги ой мобайнида турли ташкилотларга юздан ортиқ шикоят ёзган фермер Сирожиддин Абдуғаффоров¸ арзига ҳозиргача ҳеч ким қулоқ солмаганини айтади.

Туман ҳокими фермернинг кўкариб турган экин майдони бузиб ташланганини тасдиқлар экан, бу экинлар пахта майдонига ўзбошимчалик билан экилганини айтди.

''Бахтибек Исоқов” фермер хўжалиги туман ҳокимининг қарори билан, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг экин майдонларини мақбуллаштириш қарорига асосланиб, жорий йилнинг февраль ойида бошқа фермерга қўшиб берилган.

Озодлик билан суҳбатда 42 яшар Сирожиддин Абдуғаффоров ўз ҳисобидаги 29 гектар ернинг 2 гектарига ўтган йилнинг куз-қишида пиёз, сабзи, карам экканини айтади.

“Ҳар йили пахта, ғалла экканмиз, пилла қилганмиз, давлатдан қарзимиз йўқ. Давлат билан шартнома қилиб, ўтган йили такрорий экинга пиёз, карам, сабзи эккан эдик. Бир оғиз огоҳлантиришсиз, бир кечада келиб ҳокимнинг буйруғи билан 27 март куни ҳайдатиб ташлади. Уйдаги молларимизни сотиб, давлатдан бир сўм пул олмай бутун оила аъзоларимиз билан ишлаган эдик. Карамнинг етилишига 2-3 кун, пиёзга бир ҳафта вақт қолган эди. Лекин бутун ҳосилни ер билан яксон қилиб ташлади. Куйиб-куйиб қолдик, биз”.

Бузиб ташланган карам
Бузиб ташланган карам

​Фермернинг айтишича, ҳокимият билан тузилган шартномада пахта даласига cабзавот эккани учун давлатга 38 миллион сўм пул тўлаш мажбурияти юклатилган:

“Аслида, ҳокимият бу экинларни такрорий экин бўлсин деб, мажбурлаб эктирган эди. Ҳар куни ўнтадан вакил келиб, экасан, деган. Охирги молимни сотиб бўлса ҳам экдим, биргина харажатнинг ўзи 60 миллион сўмдан ошди. Бир оилада 25 жонмиз, ўғиллар, қизлар, келинлар ишлади, ўтади, чопди. Давлатдан бир сўм ҳам олмаганман, бир халта “амофос” дорини 250 минг сўмдан олиб келиб, сепган эдим. Энг муҳими, менинг бу экинларни экиш учун 2019 йил учун шартномам бор. Лекин, ҳоким ўзи туздирган шартномани ўзи тан олмаяпти. Еримиз қўшиб берилган фермер пахтани 23 апрелда экди. Бир ҳафта қолган эдия, тайёр бўлишига, шунча экин, шунча меҳнат , шунча харажат увол бўлди”.

Фермер билан тузилган шартнома
Фермер билан тузилган шартнома

Фермер билан тузилган шартнома
Фермер билан тузилган шартнома

​Фермер ҳисоб-китобича, даласида ҳайдаб ташланган сабзавотни бугунги нарх-наво бўйича сотганида 2 гектар ердан 150 миллион сўм атрофида фойда кўрган бўларди:

“Ким зарар кўрди, деҳқон ҳам, давлат ҳам. Давлат бюджетига 38 миллион сўм тушмади. Мен синдим, ҳосил йўқ бўлди. Ҳозир эса менинг ҳайдалган еримни жойига пахта экибди, ёнига эса қалампир. Нима ўзгарди, барибир қалампир экилибдику”.

Бузилган майдонга экилган қалампир
Бузилган майдонга экилган қалампир

​Фермернинг айтишича, у ҳокимликнинг ноқонуний ҳаракатидан шикоят қилиб турли давлат идораларига 136та шикоят мактуби ёзган:

“Ҳеч ким бизни тингламади, ёзган аризаларим ҳокимга қайтиб келаверади, у ўзига мослаб жавоб ёзиб юбораверади. Куни-кеча вилоят прокуратураси халқни қабул қилди. Мен ҳам оила аъзоларимни эргаштириб бордим. Лекин бизни ичкарига киртишмади. Президент халқни қийнаманглар, халққа шароит қилиб беринглар, ишласин деяпти, лекин маҳаллий ҳокимлар халқни қақшатяпти”.

Олтинсой тумани ҳокими Эркин Байниёзов Озодлик билан суҳбатда, фермернинг экин майдони бузиб ташланганини тасдиқлади ва бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади:

“Бу йигитнинг ишидан хабарим бор. Мақбуллаштиришга тушиб, унинг ери бошқа фермерга қўшиб берилган. Ўтган йили ҳеч қандай шартномасиз бу йил пахта экилиши лозим бўлган даланинг ўртасига пиёз, карам ва сабзи эккан. У шартномаси сохта, қаердадир қилдириб олган. Биз бу йил чигит экилгунча далани бўшатиб қўй деб бир неча бор огоҳлантирдик, лекин бўшатмади. Чигит экишга кеч бўлаётгани учун бузиб ташланди. Тўғри, у йигит анча зарар кўрди. Биз у йигитга бу йил кузда бўшаган майдонлардан ер берамиз, зарарини чиқариб олишига кўмаклашамиз.”

Озодлик билан суҳбатда ҳоким¸ фермернинг ҳокимлик муҳри босилган шартномани қандай қилиб қўлга киритганига ойдинлик киритмади.

Наманганда жорий йилнинг апрель ойида пахтани кўпайтириш мақсадида юзлаб гектар полиз экинлари ва сабзавот бузиб ташланган эди.

2017 йилнинг апрелида эса, Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида томорқага кунгабоқар эккан икки фермернинг ери ҳайдаб ташланди.

XS
SM
MD
LG