Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:00

“Ҳаж” билан бирга “Умра” зиëрати ҳам диний идора назоратига ўтмоқда - туристик фирмалар норози


Марказий осиëлик хожилар
Марказий осиëлик хожилар

2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида “Ҳаж” зиёрати билан бир қаторда “Умра” зиёратини ташкил этиш ва ўтказиш ҳам расман фақат Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади. Бунда бошқа ташкилот ва хусусий ширкатларнинг айни фаолият тури билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Янги тартиб Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасида акс этган.

Нусхаси Озодликда мавжуд бўлган ушбу қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган бўлса-да, ваколатли ташкилотлар ва идоралар билан мувофиқлаштириш бошланган.

Шу тариқа мусулмонлар идораси ўзбекистонликлар учун «Ҳаж» ва «Умра» сафарларини амалга оширадиган ягона монопол ташкилотга айланади.

Нима ўзгаради?

Дин ишлари бўйича қўмита ҳужжати
Дин ишлари бўйича қўмита ҳужжати

Шу кунларда «Vast Travel» «Luxe Tour» «Rixos Tour» каби ўнлаб ширкатлар Ўзбекистон ватандошларини “Умра” зиëратига жўнатиш билан шуғулланиб келмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 364-сонли («Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида») қарорида хусусий турфирмаларнинг "Ҳаж" ва "Умра" зиёратларини ташкил этиш ва амалга оширишига нисбатан расмий тақиқ қўйилмагани бу ширкатларга қонун доирасида фаолият юритиш имконини бериб келар эди.

Қарор лойиҳаси маъқуллангани тақдирда, 2021 йилдан бошлаб хусусий ширкатлар ҳеч бир тарзда “Ҳаж” ва “Умра” зиëратини амалга ошира олмайди. Бу соҳа тўлиқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси назоратига ўтади.

Хожилар Масжидул-ҳаром (Байтул-Ҳаром)да ибодат қилмоқда
Хожилар Масжидул-ҳаром (Байтул-Ҳаром)да ибодат қилмоқда

Айни пайтда “Ҳаж” ва “Умра”га борадиган зиёратчиларни вақтинча руйхатда турган жойи бўйича расмийлаштириш амалиётидан воз кечилади. Бу чеклов "ижтимоий адолатни юзага чиқаришга тўсқинлик бўлмаслиги учун" жорий қилинаётгани билдирилган. (Шу пайтгача вилоят квоталаридан фойдаланиш учун хожиликка номзодлар бу усулни муваффақиятли қўллаб келгани айтилади)

“Умра” зиёратига бориш истагини билдирган ўзбекистон мусуммонлари “Ҳаж” зиёрати каби ягона электрон онлайн навбатда туришлари белгиланган. “Умра” тадбирига бориш учун ариза берувчи доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза ҳамда паспорти нусхасини тақдим этиши ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий вебсайтидаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизими орқали рўйхатдан ўтиши лозим бўлади.

Зиёратчиларни ягона онлайн навбат тизимида рўйхатдан ўтказиб бориш вазифаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ўтказилмоқда.

Хожи номзодларни саралаш комиссияси тузилади - “Ҳаж” тадбирига боришга номзодларни маҳалла миқёсида саралаб олиш учун МФЙ туман (шаҳар) ҳокими томонидан 5 кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ таркибига, қоидага кўра, туман (шаҳар) бош имоми, маҳалла фуқаролар йиғинига бириктирилган имом, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари, профилактика инспектори киритилади. (Озодликда мавжуд маълумотга кўра, бу комиссия иши ДХХ назоратида бўлади)

Қарор лойиҳасида айтилишича, нархлар аҳоли ижтимоий қатламлари моддий аҳволига мутаносиб тарзда барқарор ушлаб турилади. Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатво бўлими ходими Озодлик билан суҳбатда “хизмат савияси ошиши ва нархлар аҳолига малол келмайдиган ва барқарор” бўлишини билдирди.

Мавжуд нархлар

Дин ишлари бўйича қўмита 3 февраль куни 2020 йил учун умра зиёрати нархи 13 млн. 20 минг сўм этиб белгиланганини хабар қилди. Бунгача зиёратчилар учун "Умра"га бориб келиш 12 млн 500 минг сўмга тушаётган эди. Нарх ошиши 2020 йил 1 январдан Саудия Арабистонига борувчи барча мамлакат фуқароларига тиббий суғурта учун 189 саудия риёли (50 доллар) давлат божи жорий қилингани сабаб бўлгани айтилмоқда. "Ҳаж" ва"Умра" масалалари бўйича республика жамоатчилик кенгашининг Телеграм каналида келтирилишича, ушбу қўшимча тўлов "Умра" ва "Ҳаж" визалари учун амалда бўлади.

“Умрага” ихтисослашган фирмалар банкрот бўладими?

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистондаги турфирма вакили бу қарорнинг “кутилган фалокат” бўлганини айтди.

“Қонунларда турфирмалар умрага одам жўнатмасин, деган тақиқ йўқлигига қарамай, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хусусий бизнесменларнинг зиёрат туризми билан шуғулланиб, пул қилиш имкониятига доим тўсқинлик қилиб келди. Қўмита “де-факто” бу соҳани ўз монополиясига айлантириб олган эди. Шу энди “де-юрега” айланди. Лекин одамлар бизнинг фирмага келаëтган эди. Диний идора 13 миллионга оборса, биз 9 миллионга обораëтгандик. Фарқни кўрдингизми? Афсус, зўр пул қиладиган яхши бизнес эди. Нима қиламиз энди. Зоримиз бор, зўримиз йўқ", - дейди турфирма вакили.

Қозоғистон орқали

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги туристик фирма вакили Нурлан Эрбўсиновнинг Озодликка билдиришича¸ бу соҳада монополия ўрнатишга Ўзбекистон мусулмонлар идораси икки йилдан бери уриниб келмоқда. Эрбўсиновга кўра¸ Вазирлар Маҳкамасининг қарори мусулмондар идорасини соҳанинг ягона ўйинчисига айлантиради.

«Биз икки йилдан бери Ўзбекистон ватандошларини Саудия Арабистонига «Умра» зиëратини адо этиш учун жўнатиб келамиз. Икки йил олдин ўзбек фирмалари "Умра"га турист юборишда муаммога дуч кела бошлади. Шунда бизнинг ўзбекистонлик мижозларимиз кўпайди. Улар Қозоғистонга келиб, 3 ой пропискага кириб, қайддан ўтса, маҳаллий аҳоли қаторида туристик ширкат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу юридик форточка боис минглаб ўзбеклар Қозоғистон орқали «Умра» қилиб келди. Нархлар деярли ярим барварига арзон»¸- деди Қозоғистондаги турфирма вакили.

Аммо 2019 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ЎзА орқали баëнот чиқариб, хусусий турфирмалар Ўзбекистон ватандошлари учун "Умра" визаларини учинчи давлатлар орқали ноқонуний расмийлаштираётганини даъво қилган эди.

Қўмита баëнотида «хусусий фирмалар таклиф этаётган саёҳат дастурларида тиббий хизмат, ҳуқуқий ҳимоя таъминланмагани ва диний амалларнинг тўлақонли бажарилишида нуқсонлар мавжудлиги» таъкидланган.

Айни баëнотда хожи бўлиш орзусини суъистеъмол қилган «фирибгар ширкатлар» ҳақида ҳам сўз боради.

"Шуни афсус билан қайд этиш керакки, баъзи «тижоратчиларнинг» пул кетидан қувиши натижасида фуқароларимиз учун муқаддас ҳисобланган "Ҳаж" ва "Умра" ибодатларини ташкил этишда ҳам фирибгарлик ҳолатлари аниқланди ҳамда бир нечта шахслар устидан шикоят аризалари кўриб чиқилмоқда", дейилган қўмита баëнотида.

Икки йиллик зиддият: Зиëрат бизнесининг ягона эгаси бўлиш учун жаҳд

Ўзбекистонлик мусулмонларнинг ҳусусий ширкатлар орқали Саудия Арабистонига "Умра" сафарига бора олмаётганликлари билан боғлиқ муаммолар 2018 йилнинг август ойидан бошлангани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Дин ишлари бўйича қўмита Саудия Арабистони расмийларига расмий хат билан мурожаат этиб, Ўзбекистон ватандошлари учун хусусий ширкатлар орқали "Умра" визасини расмийлаштирмасликни сўрагани ортидан кўп туроператорлар мушкул аҳволга тушиб қолган.

Пандемия ва Дресс-код

Саудия расмийлари жорий ой бошидан чет элликларнинг "Умра" зиëратини амалга оширишига изн берди. Айни пайтда зиëратчилар сони чекланган.

Дунëни қамраган COVID-19 пандемияси боис зиёратчиларнинг ибодат пайтида санитария қоидаларига риоя қилиши ва ижтимоий масофани сақлаши талаб этилади.

Шу билан бирга, сайёҳларга подшоҳликда амал қиладиган дресс-код масаласида маълум енгиллликлар берилди.

Саудия ҳукумати, чет эллик аёл зиëратчилардан абоя (араб аёллари киядиган, баданни тўла ёпадиган қора рангдаги бурқа - таҳр. ) кийишларини талаб қилмайди.

Ўтган йилдан бошлаб Ар-Риёд мулозимлари аёл хожиларга эркак яқинлари ҳамроҳлик қилишини талаб қилмай қўйди.

XS
SM
MD
LG