Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:39

Гулнора Каримованинг бойликлари коррупциялашган ҳукумат эмас, халққа қайтарилсин - халқаро экспертлар


Янги ҳисобот муаллифлари Ислом Каримов вафотидан кейин ҳам коррупциялашган гуруҳнинг Ўзбекистон ҳукумати устидан назорати аввалгидек давом этаëтганини таъкидлаган
Янги ҳисобот муаллифлари Ислом Каримов вафотидан кейин ҳам коррупциялашган гуруҳнинг Ўзбекистон ҳукумати устидан назорати аввалгидек давом этаëтганини таъкидлаган

9 декабрь – Коррупцияга қарши халқаро кураш куни арафасида бир гуруҳ халқаро экспертлар БМТ¸ Европа иттифоқи ва Европа ҳукуматларига мурожаат билан чиқди.

Transparency International France¸ Transparency International EU ва янги тузилган Uzbek Asset Return Network (Ўзбеклар мулкини қайтариш тармоғи – таҳр.) томонидан эълон қилинган мурожаатда Гулнора Каримованинг Европа давлатларида музлатилган 1 миллиард доллардан кўпроқ пул ва кўчмас бойлигини қандай механизм орқали¸ айнан ким ва нималарга қайтариш ҳақида сўз боради.

Бу баëнотларда Шавкат Мирзиëев ҳукуматининг¸ ўзидан олдинги Каримов каби "ниҳоятда коррупциялашган гуруҳ бошқарувида" экани айтилади.

Шу муносабат билан коррупция бўйича халқаро мутахассислар Европа раҳбарларини Каримова пулларини “ўғриларнинг ўзи”га қайтармаслик учун халқаро қонунчиликда кўзда тутилган шаффоф механизм ишлаб чиқишга чақирмоқда.

Шавкат Мирзиëев президентликка келган пайт коррупцияга қарши аëвсиз курашишга ваъда берган эди. Аммо орадан тўрт йил ўтиб ҳам, ҳокимиятнинг энг юқори эшелонларидаги коррупцияни назоратга олишга имкон берувчи қонунчилик базаси ҳануз яратилмаган.

Ўзбеклардан ўғирланиб¸ Европада жамланган бойликлар “ўғрилар”га қайтиш таҳдиди остида

Transparency International мутахассислари халқаро ҳамжамият эътиборини Европа қитъаси клептократ (юнончада ўғрилар бошқаруви деган маънони англатади – таҳр.) ҳукуматлар ўз халқидан талаган бойликлар хазинасига айланганига қаратган.

БМТ томонидан Коррупцияга қарши халқаро кураш куни деб эълон қилинган 9 декабрь арафасида эълон қилинган ҳисоботга Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бойликлари мисол қилиб олинган.

«Клептократлар тўхтатилсин: Европа иттифоқи ортиқ ўғирланган активлар учун хавфсиз жой бўлмаслиги керак” деб номланган мурожаат муаллифлари дунë мамлакатларидаги коррупция даражасини таҳлил қилиб келаëтган Transparency International ташкилотининг Европа Иттифоқи ва Франция бўлими етакчи мутахассисларидир.

Сара Бримбеф, Лора Бриллауд, Матильда Манзи Гулнора Каримованинг Ирландия¸ Франция¸ Ҳолландия¸ Швейцария ва Британияда музлатилган пул ва кўчмас бойликларини Ўзбекистонга қайтаришнинг¸ Франция мисолида¸ ношаффоф йўлдан кетаëтганини танқид қилади.

Каримованинг Франция ҳудудидаги учта қимматбаҳо кўчмас мулки 2014 йил сентябрида музлатилган ва 2019 йил ëзида Париж суди уларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарганди.

Суд қарори асосида Франция ҳукумати 60 миллион еврога сотилган бу вилла ва квартиралар пулини жараëнда “жабрланувчи томон” ўрнида иштирок этган Ўзбекистон ҳукуматига қайтарадиган бўлган. 2020 йил май ойида бу маблағнинг 10 миллион евроси Ўзбекистонга қайтарилган.

TI экспертлари таъкидича¸ Каримова пулларини дунëдаги энг коррупциялашган давлатлар сафида қолаëтган Ўзбекистонга қайтарар экан, Париж ҳукумати бу маблағнинг нимага сарфланишини шаффоф ва очиқ қилиш борасида бирор шарт қўймаган.

Франция мисолидан келиб чиқиб TI коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлари билан биргаликда Каримова бойликлари музлатилган Европа ҳукуматларига бу жараëнни бошдан охирига қадар шаффоф қилишни таъминловчи тавсиялар берган.

Улар орасида жараëнга фуқаролик жамияти вакилларини қўшиш¸ бу маблағларнинг қаерга¸ қандай ишлатилишини назорат қилишнинг мустақил суриштирувни ҳам ўз ичига оладиган механизмнини ишлаб чиқиш каби таклифлар бор.

Uzbek Asset Return Network баëноти

Коррупцияга қарши халқаро кураш куни арафасида эълон қилинган яна бир ҳисобот муаллифи янги таъсис этилган Uzbek Asset Return Network намояндаси Ричард Мессик.

Мессик АҚШ Сенатидаги Ташқи алоқалар қўмитасининг собиқ бош маслаҳатчиси¸ Жаҳон банкининг коррупцияга қарши лойиҳалари муаллифларидан бири.

«Ўғирланган активлар коррупциялашган ҳукуматларга қайтарилиши керакми? Ўзбек иши” деб номланган ҳисоботида Мессик ҳам Гулнора Каримованинг Европада музлатилган бойликларини қайтариш жараëнида халқаро қонун нормалари бузилаëтганига эътибор қаратади.

Халқаро қонунчилик¸ ўғирланган бойликларни қайтараëтган давлатлардан уларнинг бойликлари ўғирланган давлат ҳукумати эмас¸ балки фуқароларига қайтарилишини талаб қилади.

Аммо Франция томонидан Ўзбекистонда ўғирланган пулларнинг яқинда қайтарилиши бу жараëнга оид қатор ташвишли саволларни ўртага қўйди. Халқаро ҳамжамият бу активлар коррупциянинг ҳақиқий қурбони бўлган фуқаролар қолиб¸масалан¸ Ўзбекистондаги каби ҳали-ҳамон коррупциялашган гуруҳ томонидан назорат қилинаëтган ҳукуматга қайтарилмаслигига қандай ишонч ҳосил қилиши мумкин?” деб ëзади Мессик.

Таниқли ҳуқуқшунос ҳам Гулнора Каримованинг 1 миллиард доллардан ошиқ қийматдаги бойликлари музлатилган ва қисман мусодара қилинган Европа ҳукуматларини бу пулларнинг таланган ўзбек халқига қайтарилишини кафолатлашга¸ фуқаролик жамияти вакилларини эса¸ жараëннинг шаффоф бўлишини таъминлаш учун ҳукуматларга босимни кучайтиришга чақиради.

Мирзиëевнинг коррупцияга қарши кураши

2016 йил декабрида Ўзбекистон президентлигига келган Шавкат Мирзиëев¸ маҳаллий ва халқаро ҳамжамият олдида мамлакатдаги коррупцияга қарши курашишга ваъда берган.

Мирзиëев¸ хусусан, Каримовлар оиласи¸ Гулнора Каримова билан боғлиқ коррупцион можароларга билвосита тўхталиб¸ мамлакатдаги 20 га яқин қудратли оиланинг ўзбек иқтисоди устидан ўрнатган монополиясига барҳам бериш ҳақида гапирган.

Айни пайтда¸ Мирзиëев ваъда қилган коррупцияга қарши кураш¸ танқидчилар фикрича¸ асосан¸ халқаро ташкилотлардан олинган грантларни оқлаш учун хўжакўрсинга ўтказилаëтган тадбирлардан нарига ўтмаëтир.

Гулнора Каримова билан боғлиқ халқаро коррупцион жанжал ҳали ниҳоясига етмасдан мамлакат ичкариси ва ташқарисида Мирзиëев ҳукуматидаги амалдорлар¸хусусан, президент куëвларининг яширин бизнес фаолияти билан боғлиқ саволлар ўртага чиқмоқда.

Ҳокимиятга коррупцияга қарши кескин кураш ваъдаси билан келган Шавкат Мирзиëев бу курашнинг фундаментал асосини яратувчи давлат раҳбарлари ва оила-аъзолари даромадларини жамоатчиликка очиқлаш борасида аниқ қадамлар қўйгани йўқ. Шунингдек, давлат ва шахсий манфаатлар тўқнашувини тақиқлаш ҳамда давлат буюртмаларининг очиқ рақобат асосида харид қилинишига оид қонунчилик қабул қилиниши ҳам пайсалга солинмоқда.

8 декабрь - Конституция қабул қилинганининг навбатдаги санаси муносабати билан қилган чиқишида Мирзиëев коррупцияга қарши олиб борилган кураш натижасидан кўра¸ келаси йилларга белгиланган кураш режаларига кўпроқ тўхталди.

Тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим.

Сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани бу масала нақадар долзарб эканини кўрсатади.

Мазкур йўналишдаги ишларимизни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб бормоқдамиз”¸ дейилади Мирзиëевнинг Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида.

XS
SM
MD
LG